Бош саҳифа / Жамият / Бандихон – тарихий тепаликлар макони

Бандихон – тарихий тепаликлар макони

Сурхон воҳаси қадимдан башариятга бешик бўлгани билан диққат-эътиборни тортади. Бандихон чўлларидаги тепаликлар бу ерда бир замонлар одамлар ўз қўрғонларини барпо этиб, умргузаронлик қилганлигини кўрсатади. Майдатепа, Бектепа, Киндиктепа, Қозимуллатепа, Ялангтўштепа, Сарибанд ва Қаҳрамонтепалар ана шундай қадимий аҳоли манзилларидандир.

Бандихоннинг қадимий аҳоли манзилгоҳлари асосан кам сувли дарёлар оқимининг ўзгаришига қараб, бир жойдан иккинчи жойга кўчган. Қадимги бандихонликлар ярим кўчманчи бўлиб, чорвачилик ва қисман деҳқончилик билан шуғулланган. Тепаликлардан топилган сопол идишлар, турли буюмлар, ҳайкалча ва зеб-зийнат намуналари уларнинг кулолчилик, заргарлик, темирчилик ва бошқа ҳунарлар билан жиддий шуғулланганини кўрсатади.

Ёдгорликлардан бири Майдатепада эрамиздан аввалги 1400-1000 йилларда ҳаёт қайнаган. Бир неча вақт ўтгач, аҳоли томонидан ташлаб кетилган. Майдатепадан топилган сопол идишлар қўлда тайёрланган бўлиб, уларда қизил ва қора рангли нақшлар солинган. Кулол дастгоҳида тайёрланган идишлар ҳам учрайди. Бу тепаликдан бронзадан ясалган жуда кўп осори-атиқалар ва безаклар топилган. Шиша мунчоқлар ва ҳайвонларнинг тошдан ясалган ҳайкалчаларини ҳам учратиш мумкин. Бошоқлар ва буғдой қолдиқларининг топилиши ҳудудда чорвачилик билан бир қаторда деҳқончилик билан ҳам шуғулланишганини кўрсатади.

Бектепа эса Майдатепадан атиги 250 метр шимолий-ғарб томонда жойлашган. Қалъа тўғри тўртбурчакли бўлиб, унча катта эмас. Сопол идишлар Майдатепадагидан фарқ қилиб, асосан кулол дастгоҳларида тайёрланган. Қалъа деворининг қалинлиги 2 метрни ташкил этиб, айлана бўйлаб минора ва мудофаа шинаклари мавжуд. Қалъа деворлари аҳамонийлардан Яз III даврида барпо этилган. Қалъа ҳимояланмаган 13 гектарлик шаҳарча марказида жойлашган. Шаҳарчанинг бир четида-шимолий-ғарбий томонида эса Киндиктепа мавжуд. Бу тепа ўрнидаги манзилгоҳ ҳам шаҳарчанинг ажралмас қисми ҳисобланган. Аҳамонийлар даврига оид мазкур қалъа деворининг қалинлиги 3 метр келади. Қалъа ўртасида олов ёниб турган. Бу ерда оташпарастларнинг диний маросимлари ўтказилган. Қолган вайроналик изларига қараганда, бу Александр Македонс кий қўшинлари томонидан вайрон қилинган.

Ялангтўштепадан 10 километр шимолий-шарқ да Байсунсойнинг ўнг қирғоғида Сарибанд шаҳарчаси жойлашган. У Кушонлар ва кушон-сосонийлар даврига оиддир.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Бандихондаги тепалик обидалари эрамиздан аввалги давр ларда ва эрамизнинг дастлабки беш юз йиллиги ўрталаригача аҳоли яшаган муҳим манзиллардан бўлганлигини кўрсатади.

Интизор ЗОИРОВА,
Термиз археология музейи
илмий котиби

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE