Бош саҳифа / Жамият / Байрамларга бурканган юртим

Байрамларга бурканган юртим

Ҳут ойи яқинлашиши билан жануб табиатида инжа ўзгаришлар рўй беради. Қир-адирларда майсалар ниш отиб, чилладан толиққан бойчечак ранглари сарғайиб, Ҳаққа сано айта бошлайди.

Дарахт шохларидаги куртаклар тўлишиб, гулу чечакка айланади. Шамол ҳам тириклик жисмига малҳамдек ёқимли бўла бошлайди. Йўғон чўзилиб, ингичка узилиб, жонзотлар танида табиий қувват сустлашганда кайвони онахонлар, лобар келинлар сумалак қўйишади. Каттаю кичик кўкламга етказганига шукроналар айтади. Болалар варрак учириб, қизлар яноқларига бодом, зардоли гулларидан қистириб, сочларига толбарглар осишади.

Ҳақиқатдан ҳам бутун дунё ва мавжудот янгиланиш, яшариш, покланиш фаслига киради. Ана шундай жозибали ва орзиқарли кунларда Музработ туман маркази ва ундаги ўйингоҳ байрамона безатилган. Кексаю ёш Наврўз тантаналари нишонланишидан огоҳ қилаётгандай ҳилпираётган байроқлар сари марказий ўйингоҳга ошиқишади.

Наврўз сайли ва байрами туман марказидаги “Азизбек” тўйхонасида наҳор оши билан бошланди. Каттаю кичик байрам ошидан сўнг асосий тантаналар ўтадиган манзил сари отланишади. Ўйингоҳда тумандаги мактаблар, коллежлар, ташкилотлар, маҳаллалар ўз қўрғонларини бунёд этишган.  Бу қўрғонларда халқ амалий санъати, ҳунармандчилиги, каштачилиги намуналари ўрин олган. Анъанага кўра, ҳар йили Наврўз байрамида қўрғонлар ва кўргазмалар бўйича танлов ўтказилади. Бу йил ҳам шундай бўлди. Байрам иштирокчилари бир-биридан мазмунли ва чиройли бўлган кўргазмаларни томоша қилишди. Ниҳоят маҳаллалар бўйича “Фидокор” ва “Буюк ипак йўли” маҳаллалари биринчи ўринни олишди. Ташкилотлар ўртасидаги танловда биринчилик туман тиббиёт бирлашмаси жамоасига насиб этди. Мактаблар ўртасида Янгиободдаги 7-мактаб жамоаси ғолиб келган бўлса, коллежлар ўртасидаги танловда Музработ саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи  жамоасига тенг келадигани бўлмади.

Кўпчиликнинг эътиборини тортган ўзбекона ош тайёрлаш кўрик-танловида тумандаги барча корхона, ташкилотлар орасида Музработ ижтимоий-иқтисодий коллежи ошпазлари биринчи ўринга лойиқ деб топилди. Барча танловлар ғолиблари ва иштирокчилари ҳомийларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Санъаткорларнинг чиқишларини байрам иштирокчилари  шоду хуррамлик билан қарши олишди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилфуза Раҳимова, Ўзбекистон халқ бахшиси Расул Умировлар куйлаганда барча бирдек ўйинга тушди.

Наврўз байрами муносабати билан ўтказилган кураш, футбол, волейбол мусобақалари ёшларимизнинг жисмоний камолоти ва маҳоратининг амалий ифодаси бўлди. Мусобақа ғолиблари туман ҳокимининг фахрий ёрлиғи ҳамда ҳомийларнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишди. Куй-қўшиқ, карнай-сурнай садолари ва халқ сайли кечгача давом этди.

Шунингдек, Наврўз байрами вилоятимизнинг барча туман, шаҳар ва қўрғонларида ана шундай юксак савияда ўтказилди.

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan