Байрамалининг ташаббуси

0
65

Байрамали  Азимовнинг  ўтган йили бўш турган ҳовлисидаги томорқа бугун ҳавас қилса арзигулик кўринишда. Албатта, бу бироз ҳаракат ва меҳнатни талаб қилган бўлиши мумкин.

Аммо ерни боқсанг, ер сени боқади, деганларидек, ерга озгина меҳр берган Азимовлар хонадони ўз даромадларини ошириб, оила бюджетига анчайин фойда келтирдилар. Термиз тумани “Намуна” маҳалласида яшовчи  Байрамали Азимов 8 сотих ер майдонида иссиқхона ташкил этди. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази вилоят бўлинмаси кўмагида Марказий  банкдан 7 миллион сўм кредит олди ва помидорнинг “Бўрон” ҳамда “Пинк парадайз” навидан 3 минг туп сотиб олиб, томорқасига қадади. Қарабсизки, бутун оила иш билан банд. Ер тилини тушунган ёш тадбиркор мавсум сўнггига қадар 8 тоннагача ҳосил олиш ниятида.

— Ўз томорқамизда иссиқхона ташкил этиб, сидқидилдан меҳнат қилиб,  кам бўлмадик, —  дейди Б. Азимов.— Ерга уруғ қадаётиб қилган ниятларимиз, ҳосилни йиғиб олгунча ўз натижасини берди. Ҳозир 27 ёшдаман. Айни меҳнат қиладиган, ўзимни кўрсатиб, яхши натижаларга эришадиган пайтим. Режалар эса бисёр.

Ўз ишидан куч олган тадбиркор янада юқори марраларни забт этишга отланган.

Қаҳрамонимиз Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази вилоят бўлинмасига 200 миллион сўм миқдордаги имтиёзли кредит олиш мақсадида мурожаат қилган. Бу маблағ ҳисобига ўз ишини кенгайтирмоқчи бўлган Б. Азимов помидор, бодринг, қулупнайни  қайта ишлаш  орқали импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқармоқчи. Натижада эса нафақат оила аъзоларига — балки, 10 га яқин янги иш ўрни яратилишига замин ҳозирланади.

Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилмоғи лозим. Бу гап бежиз айтилмаган. Ўзи ва оиласидан ортиб ўзгаларга ҳам наф келтирадиган ишларни қилишни Байрамали ўзининг инсонийлик бурчи деб билади.

Сайёра АЛЛАЕВА

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг