Бош саҳифа / Адабиёт / БАЙРАМ МУШОИРАСИ

БАЙРАМ МУШОИРАСИ

Ўзбекистон у

Уйлар тўла, меҳмонлари кўп,
Ўғил-қизлар — комронлари кўп,
Шоирлари, султонлари кўп,
Ватан кўрсанг, Ўзбекистон у!

Юлдузлари чарақлаб кулган,
Ўн беш кунда ойлари тўлган,
Тинч, осуда, мовий ранг бўлган,
Осмон кўрсанг, Ўзбекистон у!

Кексалари уйнинг тўрида,
Меҳр қўйган бири-бирига,
Чин вафодор севган ёрига,
Даврон кўрсанг, Ўзбекистон у!

Ноз-неъматга тўлиб тошган-ей,
Олинг-олинг деган ошдан-ей,
Зарлар сочган ҳар бир бошдан-ей,
Жаҳон кўрсанг, Ўзбекистон у!

Сўзларини дилдан сўзлаган,
Ўзлигини билган, ўнглаган,
Йўлларини тўғри танлаган,
Сарбон кўрсанг, Ўзбекистон у!

Ҳайдар ТЎРАЕВ,
ТерДУ доценти

Ҳаққуш

Пок руҳмисан жаннатдан келган,
Кўринмайди қанотинг, кўзинг,
Беозорсан борлиғим қучган,
Товушинг бор ниҳонсан ўзинг.

Орзулари ушалмай ўтган,
Момоларим оҳ-воҳимисан.
Хилватгоҳдан хабар келтирган,
Аждодларим арвоҳимисан.

Аждодларим, елган, курашган,
Ватанига бўлиб фидойи.
Пок тупроқни сийлаган, ўпган,
Мерос қолган хонаси — жойи.
Хотирлаймиз сиймоларини,
Ардоқлаймиз азиз руҳини.
Қадрлаймиз марқатларини,
Эъзозлаймиз хоки пойини.

Эй безавол, сайроқи Ҳаққуш,
Соғ-саломат қилавер туғён.
Яйра, сайра, бўлмагин нохуш,
Сирларимни айла намоён.

Эй улуғ руҳ — Ҳаққуш ташаккур,
Сенинг билан яшасин севинч.
Биз яшаймиз бахтиёр, мағрур,
Ватан озод, турмушимиз тинч.

Болтажон СОДИҚОВ, филология фанлари номзоди

Ватан

Муқаддас тупроғим, суянган тоғим,
Болари бол йиққан, гул Эрам боғим,
Йўлимни ёритган ёрқин чироғим,
Сенинг рухсорингдан айланай, Ватан!

Сендан кетолмасман гирдингда гирён,
Вужудингда борман мен ўзим бир ён.
Ўғил-қизларингга онажон инон,
Мен сенинг қалбингга жойланай, Ватан!

Ирода ЭРГАШЕВА,
Олтинсой тумани, коллеж ўқувчиси

Чавандоз бобом

“Алпомиш” достонидан «От чопганда гумбирлайди, тоғнинг дараси…» деган парчани ўқиганимда, бехосдан  Нурота тумани, Чуя қишлоғида яшаб ўтган етук чавондоз, бобокалоним мулла Қўлдошнинг тўнғич ўғли Шаман бобо ёдимга тушаверади. Улар ҳаёти давомида ўттиз йил кўпкари чопганлар. Ҳар сафар ушбу бахшиёна сатрларни ўзимча хиргойи қилганимда бу қир-адирларда от суриб ўтган алп чавандозлар кўз ўнгимдан ўтаверади. Бобомерос удум ва анъаналаримиз, халқ ўйинларимиз бор бўлсин!

Чавандозлар кўпкарига
Виқор билан келишган.
Ҳай-ҳайлашиб, шиддат билан
Ғиркўк отлар минишган!

Отга босиб қамчисини,
Шоша-пиша чопишган.
Улоқчани чартоққача
Ҳалол қилиб тортишган.

Белбоғини маҳкам боғлаб,
Мулла Қўлдош — бобогинам,
Тулпорини йўрттириб,
Шиддат-ла жилов торган.

Алиқул НУРМУҲАММАДОВ,
Навоий вилояти, Хатирчи тумани, Лангар қўрғони

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Адабиётшунослар анжумани

Адабиёт барча замонларда ҳар бир миллатнинг бадиий-эстетик тафаккурини, дунёқараши, миллий ўзлигини белгилайдиган санъат тури ҳисобланади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan