Бош саҳифа / Жамият / Бахтли ҳаёт нашидаси

Бахтли ҳаёт нашидаси

Жарқўрғон туман халқи сўнгги йилларда бахтли келажак, Ватан равнақи учун астойдил меҳнат қилаётганлиги инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Шу сабабли бўлса керак, бугунги кунда туманнинг қиёфаси кун сайин очилиб, оилаларнинг турмуш даражаси ошмоқда.

Шубҳасиз, “Қўлдовли” маҳалласида яшовчи Жуманазар Қурбоновлар ҳам ана шундай бахтли оилалардан дейиш мумкин.

Қаҳрамонимиз туманнинг “Қўлдовли” маҳалласида оддий деҳқон оиласида таваллуд топди. 2-умумий ўрта таълим мактабини аъло баҳоларда битиргач, Низомий номидаги Тошкент давлат олийгоҳининг кимё-биология факультетида таҳсил олди. Дастлаб ўзи ўқиган мактабда ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланди. Жуманазар ака қишлоқда ўсиб-улғайгани учунми унда қишлоқ хўжалиги соҳасига бўлган истак устунлик қилди. Ўқитувчилик қилиш билан бир қаторда Тошкент қишлоқ хўжалиги институтининг ҳосилотлик бўлимини сиртдан имтиёзли диплом билан битирди. Шу тариқа иш фаолиятини Норали Боймуродов номли хўжаликда агроном сифатида давом эттирди.

Бахтни қарангки, у агрономликни бошлаган йили пахта ҳосилдорлиги 22 центнердан 32 га, кейинчалик 35-40 центнергача кўтарилди. Иш тажрибасини зимдан кузатиб юрган туман раҳбарлари уни хўжалик бошқаруви раислигига тайинлашди. Жуманазар Қурбоновнинг раҳбарлигида хўжалик туманда энг илғорлар қаторидан жой олди. Хўжаликда пахтачилик билан бир қаторда чорвачилик, пиллачилик ривожланиб, даромадли соҳага айланди.

— Хўжалигимиз иқтисодий томондан барқарорлашиб борганлиги учун ўша йиллари одамларга уй-жойлар, мактаб, қишлоқ врачлик пункти учун янги бинолар қуриб берилди. Қишлоқ ичимлик суви ва табиий газ билан таъминланди, — дейди Шоймардон Ҳолиқов.

Элга хизмати сингган экан. Жуманазар ака нафақага чиққач, “Қўлдовли” ҚФЙ раислигига сайланди. Ўн йил мобайнида шу лавозимда ишлаб, имкон қадар ўз тумани учун холис хизмат қилди.

Жуманазар аканинг турмуш ўртоғи Бибисултон опа ўн нафар фарзандни парваришлаш билан бир қаторда, боғчада тарбиячи вазифасида ишлади. Барча қишлоқ аёллари сингари пилла боқди.

— Барча тумандошларимиз қатори биз ҳам Жуманазар аканинг оиласини ҳурмат қиламиз. Оиласи тумандаги кўпчиликка ибрат бўла оладиган намунали оилалардан, — дейди ён қўшниси Абдувоит Худойқулов.

Юртимизда ҳалол меҳнати, холисона хизмати эвазига бахтини топаётган инсонлар кўпчилик. Бундай одамлар билан ҳақли равишда фахрлансак арзийди. Бу фидойи инсон 75 ёшда бўлишига қарамасдан ҳали анча тетик, бардам. Жуманазар ака сингари улуғ ёшга етиб, ёшларнинг дуогўйи бўлиб юриш барчамизга насиб этсин.

Пардабой ЭРГАШЕВ,
фахрий журналист

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Янги масжид муборак

Кеча Термиз шаҳрида Ҳаким Термизий номидаги янги жомеъ масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Янги жомеъ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan