Бош саҳифа / Жамият / Бахтиёр дил номаси

Бахтиёр дил номаси

Мунаввар тонг, мусаффо осмон, гўзал ҳаёт, бахтиёр болалик. Буларнинг ҳамма-ҳаммаси Оллоҳнинг бизга берган неъмати, инояти. Эрта тонгда қуёшнинг чиқишини кузатсангиз, у бу юрт аҳлига ўзининг меҳрли тафтини сочиш учун шошаётганини кўрасиз.

Еримиз эса хазиналар кони. Ахир, қайси юрт тупроғи бир йилда уч-тўрт мартагача ҳосил беради?! Чунки унга деҳқон бобомнинг қадоқ қўлларининг сеҳри шундай жо бўлганки, гўё юрак қўрининг ҳароратини сезасиз.

Қушларнинг сайраши, баланд-баланд қоялар устидан учишини кўриб, улар бахт овозидан масрур куйлаяпти, дейсиз, беихтиёр.

Зилол сой ва ариқлардаги тиниқ сувларнинг ўйноқилигига бир эътибор беринг-а, улар бу юрт аҳлига ҳавас билан қараб табиат илҳомчиси бўлиб ирғишлаб оқмоқда.

Тоғларнинг салобати юртимиз маҳобатидан дарак эмасми?! Осмонўпар иморатлар кўриниши бу юртнинг аҳиллиги-ю, элининг шодон кулгуси фақат дилбар ҳаёт эгаларига насиб этаётганлигидан дарак бериб турибди. Кўкдаги ой ва юлдузлар жимир-жимири бири иккинчисига изн бермай ўз чиройини кўз-кўз қилиш билан овора, гўё шаффоф ҳаётнинг тун малаклари бу юртнинг ”тинчлик элчиларимиз” дея хитоб қилаётгандек.

Боғларимизга қаранг: гулларнинг ажиб товланишию муаттар ҳидлари, бири очилиб иккинчиси билан ғунча мисол бағрида булбул навосига соз чалгувчи муғаннийдай. Хушбўй ҳидлар эса ажиб шодлик тароналарига жўр бўлиб таралмоқда.

Ҳу узоқдаги туя карвонларига разм солинг, улар узоқни кўзлаб, дашту чўллар бағридаги текислик ва қум зарраларидаги зарлардан сўзлаб, ўз орзу-умидларини эл келажаги йўлидаги эзгулик йўллари билан боғлашмоқда.

Сурув-сурув қўй-қўзиларнинг дикир-дикир сакраб чопишлари ҳам, чўпон таёғининг озодлик машъаласи каби ҳавода муаллақ кўриниши ҳам юртга ярашувчи энг нозик сирлар яширинган табиат мўъжизалардан дарак.

Ғорларининг бағрида келажакка ишора қилувчи саслар гулдурос овозга айланиб “Мен тарих жарчисиман” деётгандай.

Ҳофизнинг куй-қўшиғида, раққоса қизнинг сил-сил, кўнгилни эритувчи ҳаракатларидаги сермаъно, пурҳикмат ва нозик жилвасида бахтдан садо берувчи гўзаллик ётгани ростку.

Бозоримизга борингда: жаннат мевалари сизга ошуфта.

Қирмизи олмамиз, хандон пистамиз, мағзи бутун бодому бағри бутун, чашма сувини ўзида жо айлаган анорлар, сертам шафтолимиз, ҳар донаси ишва-ноз билан осилиб турган чарос узумлар, эҳе, ҳали яна қанчаси бор.

Дастурхонга зеб берувчи, иссиқ, бўрсилдоқ нонларимиз-чи, кўзни олувчи, ҳиди билан етти оламни уйғотувчи жизза патирларимиз, ҳамма-ҳаммаси шу юрт файзи-таровати, тўкин-сочинлигидан дарак берувчи, ҳиммат эгаларининг хизмат маҳсуллари бу.

Онахон дуосига, отахон ўгитларига қулоқ тутинг-а, фақат ва фақат шукроналик ҳисси, фарзандининг тонгдаги майин жилмайиши Она аталмиш буюк зот учун энг улуғ туҳфанинг ўзику, ўнг чаккасидаги холига ўсма томчилатиб қўяётган келинчакнинг, шўх-шўх кулгиси билан оиласи учун шошаётган куёв боланинг қарашларидаги хурсандчилик, ўктамлик бари-бариси бу шод ҳаёт сарчашмасидаги гўзаллик совғасидир.

Бешигидаги чақалоғи учун алла айтаётган, меҳрли нигоҳ эгаси — онанинг қўлида дунё тебранаётганига эътибор беринг-а:

Алп ўғлоним алла-ё,

Мададкорим алла-ё,

Тинч юртнинг боласисан-о,

Гул юртнинг лоласисан-о, алла-ё, алла.

Ҳа, бундай хилқат, бундай ошиён, бундай бахтиёрлик ўчоғи айтинг-чи, қайда бор, фақат бизда бор, бизга ёр. Шоир ёзганидек таърифи учун “осмон оқ қоғозу денгиз сиёҳдон” бўлиши керак.

Буларнинг бари-бари учун сенга таъзим, сенга ташаккур Мустақиллик! Ўз тилимда сайраётган булбуллар овози, юрт дея қалблар тафтидаги шукроналик ҳисси — бари-бари сен учун Ватаним.

Сенсан муқаддас,
улуғ ошиёним,
Жоним, жонажоним
Ўзбекистоним!

Д. НОРМУРОДОВА,
Термиз шаҳар 11-умумтаълим
мактаби ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тавсиялар берилди

Саноат хавфсизлигини таъминлаш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” акционерлик жамияти тасарруфидаги корхоналарда навбатдаги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE