Бош саҳифа / Маданият / Бахшиси бор эл бу

Бахшиси бор эл бу

Халқимизда “Бахшиси бор эл — яхши эл,” деган гап бор. Фахр ва ифтихор билан айтиш мумкинки,  ўзбек халқ оғзаки ижоди намунаси сифатида миллий адабиётимизнинг гултожи бўлиш билан бирга, унинг ривожи йўлида беминнат хизмат қилган ўнлаб достонларимиз бор.

Бахшиларимиз терма ва достонлар куйлаш орқали, миллатимиз ёшлари онгида мардлик, жасорат, дўстга садоқат, меҳр-шафқат ва саховат каби соф туйғуларни шакллантирганлар. Терма, достон тинглаб улғайган фарзандлар Ватанга содиқ, ёрга вафодор, юртпарвар, элнинг ҳақиқий ҳимоячилари бўлиб етишадилар.

Ахир қаҳрамонлар ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Уларни қаҳрамонлик ва эзгулик ғоялари билан суғорилган халқ достонлари тарбиялайди. Ва, қолаверса, миллий адабиётимиз халқ оғзаки ижодидан сув ичади.

Болалигимни эсласам, тўй давраларида қўр ёзиб, сел-себор бўлиб “жузбоши” (бахши)ни тинглаётган қишлоқдошларим кўз ўнгимга келади. Тўғри, қишлоқ болалари бироз содда, тўпори бўлишади, аммо жўмардликда уларга етадигани йўқ. Улар, ҳатто, алдашни ҳам билишмайди. Ёлғондан ҳазар қилишади… Мана, шундай, қишлоқ болалари.

УЛКАН ҚАЛБ СОҲИБИ

Қизириқлик Мамарасул бахши Эшимов ҳам болалигидан халқ достонларини тинглаб ул- ғайди. Қаерда тўй, сайил бўлса, ўша ёққа шошилди. Ўша пайтларда машҳур бўлган Шоберди, Абдуназар бахшиларга ҳавас билан таёқчадан “дўмбира” ясаб, ўзича хиргойи қилиб юрди.

Ижодкор халқида болаликдан улкан қалб, истеъдод бўлади. Баъзида унинг болаларга хос хатти-ҳаракатлари, инжиқликлари атрофдагиларга эриш туюлиши турган гап. Мамарасул бахшида ҳам ижодкорга хос хислатлар болалигидан бўй кўрсатди.

— Ростдан ҳам Шоберди бахши билан Абдуназар бахшига ҳавас қилганман,— дейди Мамарасул бахши Эшимов. — Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов ҳамда Қодир бахшидан бахшичилик сирларини ўргандим. Гарчи тўй-тантаналарда 24-25 ёшларда кўриниш берган бўлсам-да, 7-8 ёшлигимдан терма ва достонлар ёдлай бошлаганман. “Равшанбек”, “Ойчинор”, “Жорхун” каби 8 га яқин достонларни ёд олганман. 15 дан зиёд термалар айтаман. Шунинг 7-8 тасини ўзим яратганман. Бахшичилик — ишқибозлик бўларкан. Ёшлик дамларда кечалари терма, достон айтавериб, тонг отиб кетганини сезмай қолардик. Ўзбекнинг тўйу тантанаси кўп. Бир гал Жарқўрғоннинг Оққўрғон қишлоғидаги тўйда 4-5 соат тўхтовсиз куйлаганман. Санъатнинг қадрига етадиган ажойиб халқимиз бор.

ОНА, СЕНИ КЎРГИМ КЕЛАДИ

Мамарасул бахшининг болалиги унчалик енгил кечмаган, 10 ёшида онаси вафот этгач, чуқур қайғуда қолди. Унинг айтишича, ўша дамлар хотирасида ўчмас из қолдирган. Кейинчалик, бу хотиралар бахшининг “Она, сени кўргим келади,” термасида она соғинчи, унинг чексиз меҳр-муҳаббати, айрилиқ нидоси сифатида ўз аксини  топди. Сўнгги йилларда “Дўмбира”, “Бойсун”, “Не бўларин билмадим?”, “Яхшидир”, “Устоз Қодир бахши ҳақида” каби кўплаб термалар яратди.

Бахши бўлиш учун биринчи навбатда истеъдод керак. Албатта, унинг бир ёнида улкан ва машаққатли меҳнат ётади. Ана шу иккисини бирлаштира олмаган одам ҳақиқий ижодкор бўла олмайди.

ОТАМНИНГ ЭЪТИРОФИ

— Отам Эшим Жўраев чўпон бўлган. Отам билан бирга қўй боқардик. Қўй-қўзиларнинг изидан эргашиб, терма, достонларни хиргойи қилиб юрганмиз. Табиатнинг ўзи ижодкор. Кўнглингизга табиий туйғуларни ошно қилади. Табиат қўйнида ул- ғайган инсонлар самимий бўлишади. Отамиз 94 ёшда бўлишларига қарамай, ҳалиям санъатимга қизиқади. Гоҳ-гоҳида достон ва термалардан айтиб бераман. Эринмасдан, чайқалиб-чайқалиб эшитади. Балки отам бўлгани учундир “дунёда сендан яхшироқ бахши кўрмадим,” дейдилар. Бу ҳам оталарга хос меҳрнинг бир намунаси бўлса керак, деб ўйлаб қоламан. Нима бўлганда ҳам ҳақиқий баҳони халқнинг ўзи беради.

Бахши эканман, деб фақат бахшичилик билан чекланиб қолганим йўқ. Фермерлик қилдим, механик бўлдим, қишлоқ хўжалиги техникаларининг деярли, барчасини бошқарганман.

*    *    *

Мамарасул бахши дўмбира чертиб, терма куйлайди:

Бир дўсти нодон  бўлгандан,
Зийрак душман яхшидир.
Ақлсиз одам бўлгандан,
Ақли бор ҳайвон яхшидир

Бахши сел-себор бўлиб узоқ куйлайди. Енгилгина эсаётган шабада унинг соҳир овозини олис-олисларга олиб кетади. Мамарасул бахшининг овозида дард бор, нола бор. Тинглаган одамнинг қалбига титроқ киради. Беихтиёр қалбингиз бепоён адирликлар, кенгликлар, ям-яшил ўтлоқлар, баланд қоялар сари талпиниб қолади. Ҳақиқатан, бахшиларнинг ширали овозида кишини аллалайдиган ажиб бир сеҳрли куч бор. Бу — шубҳасиз, санъатдир. Санъат эса  боқийдир. Илоҳим санъатимизга кўз тегмасин!

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ноанъанавий сабоқ

Милоддан аввалги II асрда Юнон-Бақтрия подшолиги чегара ҳудуди қандай ҳимоя қилинганини биласизми? Оғир ва енгил …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan