Бош саҳифа / Маданият / Бахшили эл

Бахшили эл

Бўйи дўмбира баравар бўлган боланинг бу созни чертиб, минг йиллар аввал аждодлари айтган достонни куйлаб турганини кўрганда кўнглингиздан нималар ўтади? Муқаддас қадриятларнинг завол билмаслигими? Балли, уларнинг барҳаётлигини таъминлаб келаётган воситачилар эса дили некбин, тили эркин бахшилардир.

Тарихдан маълумки, юртимизнинг жанубий – “бахшили эл”лари ёвларга қарши мардона курашган. Эҳтимол, бу ўлка мардумларининг ёвқурлигини бутунлай бахшичиликка боғлаш тўғри бўлмас, лекин халқ оғзаки ижоди, хусусан, достонлар эр йигитлар қалбини тарбия этишда кучли восита бўлган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сурхон воҳасига ташрифларининг бирида халқ оғзаки ижодини авлодларга безавол олиб ўтиш мақсадида бахшилар мактаби барпо этишга кўрсатма берган эдилар. Шу йилнинг 19-20 январь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида Юртбошимиз янги бунёд этилган бахшилар мактабида бўлиб, яратилган шарт-шароитлар ва муассасанинг фаолият режаси билан яқиндан танишди. Шунингдек, ота-боболаримиздан асрлар оша мерос бўлиб келаётган халқ оғзаки ижоди дурдоналарини кенг   тарғиб этиш учун телевидениеда бахшилар иштирокида ойда икки марта кўрсатув тайёрлаб, эфирга узатиш лозимлигини тайинлади.

Давлатимиз раҳбари ташаббусига “Surxondaryo” телеканали ижодкорлари лаббай, деб жавоб қилишиб, “Бахшили эл” кўрсатувини ташкил этди.

Кўрсатувнинг илк сонини тасвирга олиш ишларида иштирок этиб, ижодий жараённи кузатдик. Телевидение ходимларининг тасвирга олиш пайтидаги хатти-ҳаракатлари, юз берадиган воқеаларни тўғридан-тўғри эфирга узатса, энг томошабоп телеэкран маҳсулотлари қаторидан жой олади. Жараён гўёки беҳаловат юрак уришининг кардиограмма тасвирларига ўхшайди. Ҳаяжон, завқ, асабийлашув, мамнуният, толиқиш, ҳузур… ҳаммасини бирваракайига ҳис қилишга тўғри келади.

Полвонларни, чавандозларни, шу жумладан, бахшиларни ҳам Сурхондарёда “жини бор одамлар” ҳисоблашади. Буни уларнинг авжи келганда ўзини унутиб қўйиши, “жини суймаса” ҳеч ким билан муроса қилмаслигига йўйиш мумкин. Демак, ижодий гуруҳга осон эмаслиги тайин. Гуруҳ раҳбари, вилоят телерадиокомпанияси директори Баҳриддин Мингбоев ижодий ва техник ходимларга йўл-йўриқ кўрсатиш асносида, бахши боболарнинг “кўнглини овлаш”ни ҳам унутмайди. Уларни мақтаб-мақтаб, кайфиятини чоғлаб, тасвирга олишга руҳан тайёрлайди. Залда эса ёш бахшилар ҳамда  достону термалар тинглаш иштиёқида келган ёшлар жам бўлишган.

Кўпнинг келишуви билан “Бахшили эл”нинг илк сони, “Алпомиш” достони билан очиладиган, бошланиш қисмини биринчилардан бўлиб “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвонига сазовор бўлган Шоберди бахши Болтаев айтадиган бўлди. Бир қарашда, тасвирга олиш катта бахшиёна концертга айланиб кетди. Давраю қурлар қатори студияю камераларнинг ҳам ҳадисини олган маҳоратли бахшини суст босмади, ҳамма нарсани унутиб, ўзининг-да, созининг-да овозини баланд қўйиб куйлайверди. Томошабинлар даврасида қўшни Афғонистон Республикасидан келиб, вилоятимизда  таълим олаётган ёшлар ҳам  қадимий достонни мириқиб тинглашарди.

Устознинг шогирдга меҳру ҳимматини намоён этган, Шоберди бахши бир муддат қумқўр- ғонлик ёш бахши Аслиддин Рауфовга ижро нав- батини берди. Аслиддин ҳам кўнгли тўлиб, булбулдек бўлиб куйлади. Томошабинларнинг алқовига, олқишига кўмилди.

Бир неча соат чўзилган тасвирга олиш ишлари ниҳоялар экан, ижодий гуруҳнинг ҳам, томошабинларнинг ҳам, бахшиларнинг ҳам юз-кўзида тундлик, толиқиш сезилмас, тарқалишга шошмасди.

Сирожиддин ИБРОҲИМОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Халқаро хунармандчилик фестивали

Сурхон воҳаси делегацияси Қўқондаги халқаро фестивалда фаол иштирок этмоқда. Қўқон шаҳрида илк бор Халқаро ҳунармандчилик …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE