Бош саҳифа / Таълим / Бахшилар мактаби иш бошлади

Бахшилар мактаби иш бошлади

Азал-азалдан Сурхондарёда, хусусан, Шеробод туманида бахши-шоирлар мактаби устоз-шогирдлик анъаналари асосида фаолият кўрсатиб келган.

Бобо шоирдан то шу кунгача қанчадан-қанча бахшилар Шеробод достончилик мактаби довруғини дунёга таратди. Мактаб тингловчилари бўлган бахшилардан олти нафари бугунги кунда Ўзбекистон халқ бахшиси унвонига сазовор бўлишган. Бу ижодий мактаб айни дамда ҳам ўз ишини муносиб давом эттириб келмоқда. Ўтган йили муҳтарам Президентимиз Термизда бахшилар мактабини ташкил этиш бўйича ўз тавсияларини берган эди. Бу галги сафар чоғида ҳам айни ушбу режаларнинг бажарилиши билан танишар экан, Юртбошимиз Ўзбекистон халқ бахшилари Шоберди Болтаев, Абдуназар Поёновлар билан бўлган суҳбатда қадимий санъатимизни сақлаб қолиш ва ривожлантириш борасида куюнчак гапларни айтди.

Президентимиз суҳбатда “Қани момоларимиз айтган эртагу маталлар, топишмоқларимиз, тўйларимизнинг боши бўлган бахшиларимиз қани, нега бундай меросни биз йўқотаяпмиз, ахир эртанги авлодга нени қолдирамиз?”, дея юрагидагиларини баён этди.

Глобаллашув жараёнлари “оммавий маданият“ ниқоби остидаги маънавий таҳдидларнинг хавфи тобора ортаётган бугунги  ҳаётимизни ҳимоялашнинг энг мақбул йўли фақат ўзлигимиздан, қадим илдизларимиздан, миллий қадриятларимиздан узилмасликдир.

Бугун кўпроқ “ким ўзар” томошаларни эслатаётган айрим тўй манзаралари киши дилини ранжитади. Аммо, ҳамма жойда ҳам эмас. Ҳозир ҳам олис  қишлоқларимизда тўй борасидаги одамларнинг қарашлари ҳамон бошқача. Тўйга аввал бахши айтилади, у халқимиз хазинасидаги бебаҳо терма-достонларимизни жўшиб куйлайдики, келган одамнинг кайфияти чоғ бўлиб қайтади. Президентимиз воҳа бахшилари билан бўлган суҳбатта айни шу жиҳатни назарда тутиб, “тўйларимизни бахшилар бошлаб берсалар қандай гўзал иш бўларди“, деган фикрларни айт- ди. Қолаверса, қадим бахшичилик анъаналарини давом эттириб, ижодий мактаблардаги тар- қоқликни бартараф этиш, мамлакат миқёсидаги кўрик-танловлар, фестиваллар ўтказиш лозимлиги қайд этилди.

Термиздаги бахшилар мактаби Марказий Осиё ҳудудидаги ягона ана шундай маскан ҳисобланади. Унинг илк ўқувчилари сафига қабул қилинган ёшларимиз билан суҳбатлашар эканмиз, қалбидаги тўлқинларни кўзидаги севинчдан пайқагандек бўлдик.

— Бахшичилик санъатига қизиқишим жуда катта, — дейди  Аслиддин Раупов. — Устоз бахши Шоберди Болтаевга шогирд тушмоқдаман. Мен илк сабоқларда дўмбира созини чалиш, унда оҳанг, бахши овозининг унга қандай боғланиши ҳақида маълумотларга эга бўлдим. Келгусида бу санъатни мукаммал эгаллаб, халқаро миқёсда тар- ғиб этишни ният қилмоқдаман.

— Юртбошимиз билан бўлган учрашув унутилмас бўлиб ёдимда қолади,— дейди Шоберди бахши.  — Негаки, биз бундай кунларни ва шароитларни узоқ йиллар фақат орзу қилардик. Мана, қисқа вақт мобайнида Марказий Осиёдаги ягона мактаб қурилиши якунланиб, фаолиятини бошлади. Албатта, бундан бениҳоя мамнунмиз. Бугун воҳамизда бу мактабнинг устозлари бўла оладиган 50 га яқин бахшиларимиз ушбу ташаббусни қўллаб- қувватлаб турибди. Бахши менимча, аввал мусиқа илмини мукаммал билиши, ижрода куй ва сўз уй- ғунлигига эришмоғи жуда муҳим. Бахшичилигимиздаги яна бир анъана — айтишувларни қайта тикламоқдамиз. Бу санъаткорнинг ижро маҳоратини ошириб, бадиҳагўйлигини, истеъдодини янада сайқаллайди. Президентимизнинг бизга берган тавсияларини тўла рўёбга чиқариш учун бор маҳоратимни аямайман.

Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов ҳам бу суҳбатимизга ҳамроҳ бўлиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев учрашувда биз бахшиларнинг юрагидаги гапларни топиб айтдилар, — дейди Абдуназар бахши. — Эндиликда анъанавий бахшичилик фестивали ўтказилиши, унга дунёдан фольклор ижрочиларининг таклиф этилиши, миллий бахшичилигимизни жаҳонга танитиш имконияти пайдо бўлаётганидан қувондик. Истеъдод ҳамма вақтларда эътиборни талаб этади. Уни пайқаш, излаб топиш ва  шароит яратиш учун катта фидойилик зарур. Умид қиламанки, мактабимиздан ҳали кўплаб иқтидорли бахшилар етишиб чиқади.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, Термиз шаҳридаги 22-болалар мусиқа, санъат ва бахшичилик мактаби февраль ойидан иш бошлади. Ҳар йили 25 нафар ўқувчи қабул қилиниб, уларнинг 10 нафари бахшичилик йўналишида таълим олиши режалаштирилган. Машғулотларга ўқувчилар ўрта мактабдаги сабоқларга, бўш вақтларда эса индивидуал жадвал асосида таълимга жалб этилади. Бунда ўқувчиларнинг дастлаб, мусиқий саводхонлиги оширилиб, ижро, эшитиш маҳорати шакллантирилади. Шу мақсадда ушбу мактабга вилоятдаги тажрибали мутахассислар, бахшилар таклиф этилмоқда. Истагимиз, бу мактаб ўқувчилари миллий маданиятимизни, бахшичилик санъатимизни  оламга танитиб, овозлари дунё бўйлаб таралаверсин.

Б.НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

5 август куни ОТМга кириш имтиҳонлари бошланади

Бу йилги тест синовлари икки сменада ўтказилади: 1-смена 07:00 да, 2-смена 19:00 да Surxondaryo viloyatida …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan