Бош саҳифа / Маданият / Бахшига оловлик, шижоат ярашади

Бахшига оловлик, шижоат ярашади

Ёхуд Бахшиқул бахшининг ҳаёт достонидан парча

Давлатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида бобобахшилар издоши, ўзи ҳам салкам улар мақомига етишиб қолган Бахшиқул Тоғаев “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвони билан тақдирланди.

Шундан сўнг, бахшини излаган мухбирларни тизсангиз узун бир саф бўлади. Лекин мухбир зотининг бир саф бўлиб юрганини қаерда кўргансиз? Бири бахшини у томон тортса, бири бу томон тортади. Биз ҳам пайт пойлаб, бахшини юрти Қумқўрғонда тутдик.

Унвондор бахши билан тўйхонада кўришдик. Қариндош-уруғи, дўсти-ёрлари даврасида. Қутлову табрикларга кўмилиб турган экан. Биз боргандан сўнг бахши бобонинг жажжи набираси келиб қолди. Бобосининг кўксида ярақлаб турган нишонга ажабланиб қараб, ўзини етаклаб келган аёлга:

— Тангани қаранг! Оберинг, — деб хархаша қилди.

Биз унинг болаларча содда хатти-ҳаракатидан завқланиб кулдик. Бобоси эса:

— Катта бўлсанг, ҳали сенга ҳам беришади, — деб амаллаб кузатди. Шундан сўнг, суҳбатга тутиндик.

Бахшиқул бахшининг номи нега бундай аталгани кўпчиликка қизиқ туюлади: унинг бахши бўлиши туғилганидан маълум эдимики, бундай исм қўйилган? Бунинг ҳам хўп сирли тарихи бор экан. Бахши ҳали дунёга келмасидан аввал отаси тушида ўзи ихлос қўйган дин уламосини кўради. У яқинда ўғил фарзандли бўлиши, отини “Бахшиқул” қўйишини айтади. Шундай қилиб, бахши ҳали дунёга келмасданоқ ўз номига эга бўлади. Маълумот учун: манбаларда келтирилишича “Бахшиқул” исми “Аллоҳнинг инъоми, туҳфаси бўлган қул”, деган маъноларни англатаркан. Қадимий хитойликлар эса ўқитувчи, устоз, муаллимларини “бахш” деб аташган экан.

Бахшиқул бахши ўзи улғайган оилада аввалдан бахшичилик анъаналари бўлмаганлигини айтади. Шунингдек, у яшаган қишлоқда, теварак-атрофда ҳам бахши бўлмаган экан. Отаси Карим полвон элга бош, донишманд инсон бўлган. Ўғли эсини танир ёшга етганда унга ўз қўли билан кичикроқ бир дўмбира ясаб беради.

Мен бахши бобога юзланаман:

— Отангиз болалигингизда сизни бахши бўлишга ундармиди?

— Йўқ, исмни қўйдик улим, буёғига ўзингиз билиб йўл олаберинг, дерди.

Суҳбатдош болалигини эслаб, ёруғ хотираларга берилади:

— Энг кўп эсимда қолгани рамазон ойидаги достонхонликлар. Таровеҳ намозлари бизнинг уйда ўқиларди. Қишлоқдаги ёши улуғлар намоздан сўнг менга достон ўқитишарди. Шеърий жойларини куйга солиб айтишимни сўрашарди. Шуйтиб то саҳарлик вақтигача достон ўқирдим. Улар ке- йин уй-уйига тарқалишарди. Мен эса то пешингача қотиб ухлардим. Ўша пайтларда кўп достонларни ёд олганман.

Бизнинг суҳбатимизни тинглаб турганлардан бирови гапга қўшилади:

— Бахшиқул ака, сиз ёшликда чўпонлик ҳам қилдингиз-а? Шунда ҳам достон айтардингиз. Биз кичкина эдик. Ёнингизга бориб эшитиб ўтирардик.

— Ҳа, ўсмирлик чоғларим чўпонлик ҳам қилдим, — дейди бахши. — Дала-даштда қўй боқиб, ўша ёд олган достонларимни айтиб юрардим. Э, бир зўр йиллар экан-да, ўша! Ҳозир ундаги завқни эсласам… яна бола бўлгим келиб қолади. Кейинчалик достон айтишни ташлаб қўйдим. Орада армияга бориб келдим. 1986 йиллар эди адашмасам, қишлоғимизда бўлган тўйга Қашқадарёдан Қодир бахши келди. Шу тўйда юрагимга олов кирди. Бир айтди, бир айтдики, онгимда бутун дунё унутилиб, фақат шу мен эшитаётган куй-у достон қолгандек бўлди.

Орадан кўп ўтмай Қодир бахши ўзи айтгандай:

“Бу дунёси дўстлар, каптархонадир,

Бири қўниб, бири учиб борадир”, дея “учиб” кетди. Мени эса бир ғайритабиий куч бахшилик йўлини тутишимга мажбурлайверарди. Охири элнинг катта бахшиси Шоберди Болтаевни излаб бордим, у кишига шогирд тушдим. Устоздан кўп нарса ўргандим. Бирга-бирга юрт кездик. Тунларни тонгларга улаб достонлар айтдик. Шуйтиб-шуйтиб пишдик-да, ука.

— Айтишларича, туғма бахши ва ёдаки бахшилар бўлар экан. Ёдаки бахшилик айбми?

— Бу бор гап. Туғма бахшида бадиҳагўйлик устунлик қилади. Ҳозиржавоб, сўз тизишда уста, термалари ҳам бадиий образли бўлади. Достонларнинг турли вариантлари яралишида уларнинг хизмати катта. Чунки асосий воқеани олиб, ижро пайтида дос- тоннинг янги бир намунасини яратишади. Бу табиий бир равишда пайдо бўлади ва халқ оғзаки ижоди хазинасини бойитади.

Ёдаки бахшиликка ким қандай қарайди-ю, мен айб деб ҳисобламайман. Улар ҳам керак. Улар ўша туғма бахшилар айтган достонларни ёдлаб, авлоддан-авлодга соф ҳолда етиб келишини таъминлайди. Ке- йин айрим ҳолларда ёдаки бахшилар ўша дос тонни илк ижрочиларидан кўра яхшироқ ижро қилиб беради. Овоз, дўмбира чертишда ҳам маҳорати юқори бўлиши мумкин. Мен ўзим кўп гувоҳи бўлганман.

— Сиз ўзингиз қайси тоифага кирасиз?

— Мен ўзимни ёдаки бахши деб билмайман. Чунки ҳар сафарги ижром ҳар хил бўлади. Достонларни сўзма-сўз ёд олмаганман. Айтар чоғимда ўз-ўзидан қуйилиб келаверади.

— Кўпроқ қайси мавзулар қизиқтиради сизни?

— Билсангиз, қайси достонимизни олиб қараманг, асосий мавзу атрофида кичик мавзулар ҳам баён қилиниб кетилган. Достоннинг асосий қаҳрамонлари атрофида борни ҳам кўрасиз, хорни ҳам кўрасиз, зўрни ҳам кўрасиз, зорни ҳам кўрасиз. Дос- тонларимиз мард бўлишни ҳам, дард чекишни ҳам, тилга киришни ҳам, сукут қилишни ҳам, камтар юришни ҳам, мағрур туришни ҳам ўргатади. Уларнинг тарбиявий аҳамиятини ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди. Шунинг учун ўйлайманки, қайси достонни айтмайин, барибир кенг мавзуларга мурожаат қилган бўламан.

Энди ёшликда асоси ишқ-муҳаббат бўлган достонлар, термаларни кўпроқ айтган бўлсам, ҳозир тарбиявий аҳамиятга эга, ватанпарварликка ундайдиган достону термаларни куйлаяпман. Бу ёшим билан боғлиқ, албатта.

Бахши бобога бекорга бу саволни бермагандим. Мен ҳам, суҳбатимизни тинглаб турганлар ҳам у кишидан бир нима эшитишга илҳақ бўлиб тургандик. Айни фурсатини топган эканмизми, бахши ҳам кўп қисталанг қилиб ўтирмади. “Алпомиш” достонидан парчани бошлаб юборди. Алпомишнинг Барчиндан нома олиб, Қалмоқ элига бориб, чўпон-чўлиқлардан Бойсарибойни сўраб турган жойидан ҳиргойи қилиб берди.

Ассалому алайкум-а, чўлда чўпонлар,
Устига кийган-а эски чопонлар.
Қоғанақоқ туйиб ётган гўпонлар-ей,
Шу жойлардан бир элибой ўттими-е-ей,
Шу жойлардан тортувлибой ўттими?
Мол ҳайдаб-а Бойсунтовни ёйлаган,
Камбағали ўн йилқини бойлаган.
Ўтовига қизил бахмал тайлаган-ей,
Шу жойлардан бир элибой ўттими-е-ей,
Шу ерлардан Бойсарибой ўттими?
Оққа чиққан уни қилған ноласи,
Тўқсон тўғай эди ҳайдаб юрган галаси,
Қирқ туяга жук бўп эди-ей, тилласи-ей.
Шу жойлардан бир элибой ўттими-е-ей,
Шу жойлардан тортувлибой ўттими?
“Оҳ” деганда ёшга тўлган кўзи бор,
Қўтонида қўй-қўзининг изи бор.
Бир белгиси Барчин деган қизи бор-а, эй,
Шу жойлардан алпли қиз бой ўттими-е-ей,
Шу жойлардан тортувлибой ўттими?..

Бахшиқул бахши шу билан тўхтамади. Алпомишнинг ори, садоқатли Барчин ёри, Бойчиборнинг фаросати, Қоражоннинг саховати, Бойбўрининг ўтган даврони, Бойсарининг буюк армони, Ултонтознинг паст кашлиги, Қалдирғочнинг дардкашлиги, Қултойнинг бўзлагани-ю, Ёдгорнинг отасини излагани ҳақида айтганда не туйғулар ўтмади дейсиз кўнгилдан. Сурхондек элимиз, “Алпомиш” дек достонимиз, Бахшиқулдек бахшимиз борлигидан шоён фахр туйганимиз ҳам бор гап!

Достонлардаги тил жозибадорлиги билан кишини сеҳрлайди. Бугун биз сўзлашув пайтида тилимиз анчайин қашшоқлашиб бораётганини ҳис қиламиз. Бу қашшоқлашув секин-аста телевидение, радио, ҳатто матбуотни ҳам забт этяпти. Шу дам ўйлаб қолдим, халқ оғзаки ижоди тарғиботини бундан бир неча баробар “баланд парда”ларга кўтариш фурсати келмадимикан? Лекин сўнгги пайтларда глобаллашув бахшичиликка ҳам таъсир ўтказаётгандек туюлади. У ёқ, бу ёқда эшитган, кўпдан буён ўзимнинг ҳам фикримни банд этган савол билан суҳбатдошимга мурожаат қилдим:

— Бахшилар асл илдизларидан узилиб, замонавийлашиб кетяпти, тўйларда юриб хонанда ҳофизларга ўхшаб қоляпти, деган эътирозга қандай қарайсиз?

— Бахшиларнинг тўйларга бориб достон-терма айтиши азалдан бўлган. Ҳозир ҳам кундузлари бориб тўйларда достонлардан парчалар, яхши термаларни айтамиз. Лекин баъзи тўйларга кечқурун ҳам чақиришади. Бир-икки ишқибозни айтмаса, у ерда достон эшитадиган одамни тополмайсиз. Шунинг учун айрим бахшилар, анъанани бузиб, халқ оғзаки ижодидан йироқ, бачканароқ бир термаларни айтаётганини ҳам кўряпмиз. Айни ҳолатда сиз айтган эътироз тўғри. Лекин бундай йўл тутишни, яъни умумсавия ҳаминқадар бўлган давра кайфиятига мослашишни уят биладиган асл бахшиларимиз ҳали етарлича бор. Гап омманинг уларни тинглаши ва баҳра олишида.

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сурхон воҳасига қилган ташрифида халқ оғзаки ижодини авлодларга безавол олиб ўтиш мақсадида бахшилар мактаби барпо этишга кўрсатма берган эдилар. Шу йилнинг биринчи чорагида мактаб фаолияти ҳам йўлга қўйилди. У қандай натижа беради, деб ўйлайсиз?

— Улуғларнинг айтган гапи, қилган иши беҳикмат бўлмайди. Бу ер воҳанинг ёшу қари бахшисини жам қиладиган, тажриба алмашиладиган бир маскан бўлди. Лекин бахшичиликни фақатгина таълим билан ўргатиб бўлмайди. Асрлар силсиласида шаклланган устоз-шогирдлик анъаналари керак бўлади. Мактабда мана шу анъана яхшироқ йўлга қўйилса, эришиладиган натижа салмоқли бўлишига ишонаман.

— Яхши бахши нимадан сақланиши керак?

— Ҳасаддан.

— Кибрданчи?

— Кибрдан ҳам. Лекин баъзан кибр ҳам керак бўлар экан. Келинг, шуни кибр эмас-да, мағурурлик, деб баҳоласак тўғри бўлади. Бахшининг ийни қисиқ бўлмаслиги керак. Шунда дами баланд бўлади. Йўқса, ундан бир нима кутиш қийин. Бахшичилик мин- ғир-минғирни кўтармайди. Унга шаҳд, шижоат, оловлик ярашади. Кези келганда мен сендан камми, деган даъволар ярашади!..

Йўл одами йўлга яхши, дейдилар. Бахшиқул бахшининг вақтини олмай тақдир насиб қилган бўлса, бошқа батафсил гурунгларни ният қилиб хайрлашдик. Пайқадим, у кишининг ҳам, бизнинг ҳам кўнглимизда кўп гаплар қолиб кетди. Қачондир уларни ўртага тўкмоқ фурсати етса, сизларни ҳам баҳраманд қилмоққа ваъда берамиз.

Сирожиддин ИБРОҲИМ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Нега Турон деб аталган?

Тарихий асарлар ва географияга оид манбаларда Турон, Туркистон, Туркистон губернаторлиги, Ўрта Осиё, Марказий Осиё каби …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan