Бош саҳифа / Маданият / Бахшичилик санъати эътирофи

Бахшичилик санъати эътирофи

Президентимизнинг жорий йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида” ги қарорига мувофиқ, 2019 йил 5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида ўтказиладиган Халқаро бахшичилик санъати фестивалига қизғин тайёргарлик бошланди.

Ҳар бир халқнинг бадиий ўзига хослиги, тили, тарихи, миллий ва маънавий қадриятлари, орзу-ўйлари, унинг оғзаки ижодий мероси, достон ва эпосларида акс этади. Қадимги замонларда “бахши” халқона усуллар билан беморни даволовчи табиб, айрим ҳудудларда устоз маъноларини англатган. Бугунги кунда бу сўз, асосан, халқ достонларини куйлайдиган санъаткорни билдиради. Бахши соз чертганда созанда, шеърий парчаларни куйга солиб айтганда хонандадир. Шунингдек, назм парчаларини бир зумда тўқиб кетадиган бадиҳагўй шоир, достондаги насрий парчаларни ёддан ўқиётганда бадиий сўз устаси ҳамдир. Шоиртабиат бахши ҳеч қачон достонни бир хил, яъни ўзгаришсиз ижро этмайди. Профессор Ҳоди Зариповнинг таъкидлашларича, булунғурлик Амин бахши “Алпомиш” достонини уч ой давомида тинг- ловчиларни сира зериктирмай куйлаган экан. Энди қишда бошланган достон кечалари баҳорда ниҳоясига етишини тасаввур қилайлик. Бир фасл муддатда достон ижро этган бахши бирон китобга қарамасдан шунча шеърий ва насрий парчаларни қаердан топган? Уч ой зериктирмай достон ижро этиш учун нақадар юксак маҳорат эгаси бўлиши керак бахши! Бу саволларга бериладиган ҳар бир жавоб ўзбек бахшичилигининг беқиёс имкониятларини қайта-қайта такрорлайди, холос. Бахши достон айтар экан, ”Алпомиш” достонида Ҳакимбек таърифида Алпомишнинг мардлигини, Барчин сўзлаганида гўзал қизнинг суратини кўз олдимизда гавдалантириб, тингловчилар қалбининг нозик торларини чертади. Шунинг учун достон кечалари ҳар бир тингловчи учун катта байрам бўлган. Бу кечаларда одамлар ўртасидаги ҳамма гинахонликлар унутилган, турмуш ташвишлари чекинган. Ҳамид Олимжоннинг эслашича, узоқ қиш кечаларида бахшилар томонидан халқ китоблари, турли достонлар куйланар, катталарга эргашиб бир уй болалар ҳам бу маърифат нуридан баҳраманд бўлганлигини айтади.

Истиқлол йилларида моддий ва маданий меросимизни тарғиб қилиш бўйича катта ишлар амалга оширилди. 1999 йилда мамлакатимизда “Алпомиш” достонининг минг йиллиги кенг нишонланди. 2000 йил 14 мартда “Ўзбекис- тон Республикаси халқ бахшиси” фахрий унвони таъсис этилди. “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 7 октябрдаги “2010-2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тар- ғиб қилиш ва улардан фойдаланиш давлат дас турини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда бахшичилик анъаналарини кенг тарғиб қилиш, достончилик мактабларини ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Жорий йил 28-29 июль кунлари Олтинсой туманидаги Катта Вахшивор қишлоғида бахши шоирлар, оқин ва жировларнинг республика фестивали бўлиб ўтди. Мамлакатда бахшичилик ва достончилик санъатини янада ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш бўйича 2018-2022 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Жорий йилда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Амударё” болалар соғломлаштириш оромгоҳида бахшилар мактаби ўз фаолиятини бошлади. Мамлакатимизда Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Хоразм вилоятлари, Қорақалпоғистон республикасида бахшичилик анъаналари ривожланмоқда. Ҳозирги кунда бу ҳудудларда бир неча достончилик мактаблари мавжуд. Шеробод достончилик мактабидан Қосимкўр, Шерна Бекназар ўғли, Мардонақул Авлиёқул ўғли, Умир Сафар ўғли, Нормурод бахши, Аҳмад бахши, Нурали Боймат ўғли, Маматрайим бахши, Юсуф Ўтаган ўғли, Эшқобил бахши, Бўрибой Аҳмедов каби ўнлаб достончилар етишиб чиқди. Бугунги кунда Хушбоқ Мардонақулов, Шоберди Болтаев, Қора ва Чори Умировлар, Қаҳҳор Қодир ўғли, Абдуназар Поёнов каби бир қанча бахшилар достончилик анъаналарини давом эттирмоқдалар. Бу мактаб вакилларидан ёзиб олинган “Олтин қовоқ”, “Малла савдогар”, “Зайидқул”, “Оллоназар Олчинбек”, “Ойчинор”, “Шерали”, “Келиной” каби қатор достонлар Ўзбекистоннинг бошқа жойларида яшаб ўтган бахшилар репертуарида учрамайди.

Халқ бахшиси Шодмон Хўжамбердиев шундай хотирлайди:

— Юртимизда бахшиларга кўрсатилаётган эътибор ва рағбатдан дилим тошган вақтларда бобом Шотўра бахшининг “Эркли элдагина бахшилар булбул бўлади”, деган сўзларини эслайман. Бобом бахшиларни ўтмишнинг акс-садоси дер эди. Улар бугуннинг янгроқ овози ҳамдир. Ахир осудаликда ўтаётган ҳар бир кунимиз, фаровон ва бахтли ҳаётимиз, ҳар соҳада қўлга киритилаётган улкан ютуқларнинг ҳар бири достон-ку?! Уларни биз куйламай, ким куйласин?!

Президентимизнинг бу қарорлари шубҳасиз, ўзбек миллий бахшичилик ва достончилик санъатининг ноёб намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уни кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида ушбу санъат турига ҳурмат ва эътибор туйғуларини кучайтириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маърифий муносабатларни халқаро миқёсда янада кенгайтиришда зарур дастуриламалдир.

Қ. БАЙМИРОВ,
Низомий номидаги ТДПУ Термиз филиали
директори, педагогика фанлари номзоди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ijodkor o‘qituvchilar nazmi

“Surxon nashr” nashriyotida chop etilgan “Ustoz va shogird” kitobining mualliflari — mutaxassisligi bo‘yicha fizika-matematika fani …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan