Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Баҳорги юмушлар қай аҳволда?

Баҳорги юмушлар қай аҳволда?

Баҳор уйғониш ва дилларга ўзгача яшариш ёлқинини, бутун бир борлиққа янгича тус-тароватни бахш этиш билан бирга инсонлар орасида меҳри мурувватни уйғун ато этишга қодир бетакрор фасллиги билан ажралиб туради.

Бу даврда далаларда баҳорий юмушлар жонланиб, ҳар бир оила томорқасида экин-тикин, ободонлаштириш, мевали ва манзарали дарахтлар, анвойи гул кўчатларни экиш, ариқ ва зовурларини тозалаш, боғларга шакл бериш авжига чиқади.

Шу йилнинг 22 февралида Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда ҳам бу мавсумда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, март-апрель ойларида томорқага экиш ишларини янги тизимда ташкил қилиш, аҳоли талаблари асосида уларга кўмаклашиш тўғрисида кўрсатмалар берилди.

Вилоят ҳокимлигида ҳам ушбу муҳим масала юзасидан жорий йилнинг 25 март кунигача воҳамизда 26,7 минг, 15 апрелгача 11,5 минг аҳоли томорқасини экишга тайёрлаш ва бозорбоп экинлар экишни кенг жамоатчилик иштирокида ташкил қилиш, маҳаллий бюджетдан 40-50 миллион сўмдан маблағ ажратиб, кам таъминланган оилаларга харидоргир сабзавотлар уруғи, мева ва ток кўчатлари етказиб бериш ҳамда мавжуд 718 маҳалланинг ҳар биридан 5 нафардан шароити оғир томорқа ер эгаларини танлаб олиб, уларга ҳомийлик асосида парранда, қуён, асалари уяси, нас лли курка олиб бериш билан боғлиқ вазифалар белгилаб олинганди. Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, ишчи гуруҳи тузилиб, масъуллар бириктирилди.

Дастлаб Музработ туманида вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши гуруҳи аъзолари ва вилоят Халқ қабулхонаси вакиллари баҳорги юмушларининг олиб борилиши, томорқадан фойдаланиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишлар билан танишдилар. Туманда 37 та маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб, аҳоли томорқаларидан фойдаланиш, маҳаллалар ҳудуди, марказий ва ички йўлларга мевали ҳамда манзарали дарахтларни экиш намунали ташкил этилган.

“Фидокор” МФЙда яшовчи Ҳамид Жумаев 6,5 сотих томорқасида ўтган йили олган 17 миллион сўм имтиёзли кредити эвазига иссиқхона қуриб, лимон, бодринг, помидор етиштирмоқда. Ташқи боғи орасига ишлов бериб, помидор экиш учун эгат тортиб қўйган.

— Энди паррандачиликни ҳам йўлга қўймоқчимиз. Яхшигина даромад олсангиз, тажрибангиз ўз-ўзидан ошиб боравер экан. Гап иштиёқда — дейди Ҳ. Жумаев.

Шу маҳаллада яшовчи 80 ёшни қаршилаётган Абдумурод Баҳромов томорқасидаги иссиқхонада лимондан ташқари қопга картошка экиб, тажрибада синаб кўраётган экан.

— Тўрт бел нам тупроққа тўрт-беш дона картошка экиб, униб чиққан янги танани яна нам тупроқ билан ёпиб бораверамиз. Бу жараён то қоп тўлгунича давом этади, ҳали бу тажриба, аммо самарасидан умидим катта, — дейди отахон.

“Буюк Турон” кўчасида яшовчи, нафақадаги ўқитувчи Давлатбек Абдумўминов турмуш ўртоғи Қурбонгул Рўзиева билан 2,5 сотихлик иссиқхонада лимон етиштираётган бўлса, унинг даромадидан 6 сотих томорқасида янги иссиқхона учун девор кўтариб, помидор экишга ҳозирлаб қўйган. Томорқасининг 8 сотихини полиз экинларига тайёрлаб, 2 сотихлик боғига ишлов бериб қўйган, Эркин Рўзиевнинг 1,5 сотихлик иссиқхонасидаги помидорнинг олди пишиб етилган.

Маҳаллани маънавият, меҳр-оқибат маскани ҳам, дейишади донишмандларимиз. Жомий кўчаси 1-уйда яшовчи, ёлғиз она Сафарова Насибанинг шарт-шароити ҳам маҳалла эътиборидан четда қолгани йўқ. Унинг ҳам томорқаси эл қатори баҳорги экинга тайёрлаб берилди.

Ат Термизий кўчаси, 4-уйда яшовчи Бозор Пардаевнинг томорқасида шолғом, турп, сабзи, саримсоқ пиёз экилган бўлса, қўшниси Норбой аканинг томорқаси қақшаб ётибди. Кўнглимизни хотиржам қилгани хижолат тортган қўшнининг бир-икки кунда бу камчиликни бартараф этишга шашти бор эди.

“Буюк ипак йўли” МФЙ ҳудудида яшовчи Ўрал Қулниёзов, Бойбўри Рахмонов, Тўлқин Шопўлов, Жумагелди Маманазаров, Аҳад Баҳромов, Отабек Қурбонов, Олим Абдуқаюмов, Зарпўлат Рахамов, Шерзод Турдиқуловлар эса томорқасидаги иссиқхонада лимон, помидор, бодринг, кўкат каби озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириб, мўмай даромад олишда маҳалладошларига намуна бўлишмоқда.

Ўрганиш давомида “Фидокор” маҳалласининг айрим ҳудудларида томорқани суғориш муаммоси борлиги юзасидан мурожаатлар кузатилди. Жумладан, маҳалланинг А. Навоий кўчасида яшовчи Жўра Юнусов ва маҳалла аҳолиси бу масалада мутасаддилардан амалий ёрдам сўради.Муаммо мутасаддилар томонидан бартараф этиладиган бўлди.

Мухтасар қилиб айтганда, томорқаларимизда унадиган ризқу насиба, бугунги ҳаракатимизга боғлиқ. Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик. Томорқаларимизга экаётган экинларимиз, дов-дарахтлар оиламиз фаровонлиги ва мамлакатимиз ободлиги, иқтисодий барқарорлигига замин бўлади.

Алиёр РАЖАБОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ёш олимнинг янги нави

Ангор туманининг Карвон маҳалласида вояга етган Бахтиёр Амонов ёшликдан илмга қизиқди, олим бўлишни ният қилди. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan