Бош саҳифа / Жамият / Ҳаётидан рози одамлар

Ҳаётидан рози одамлар

Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимиз ҳаётини ўрганиб, муҳтож инсонларга ёрдам бериб, оқилона сиёсат юритиб келмоқда. Ҳар бир вилоят ҳамда республика миқёсида жамоатчилик назорати гуруҳлари тузилиб, улар ҳар бир ҳудуд хонадонларига кириб мавжуд муаммоларни бартараф этмоқда.

Яқинда ана шундай жамоатчи гуруҳ аъзолари билан бирга Қизириқ туманига мен ҳам илк бор саёҳат қилдим. У ерда биз  хонадонларга кирдик, аҳолидан муаммо ва шикоятларини сўрадик. Қаерга бормайлик  ўзимизни таништирганимиз заҳоти одамлар “Ҳа, айнан сизлар керак эдингиз”, деб муаммоларини бирма-бир санаб ташлайди. Кимдир нафақасини ўз вақтида ололмаётганидан нолиса, яна кимдир сув йўқлигидан шикоят қилади, оилавий муаммоларини айтиб, ўз фарзанди ёки рафиқасидан нолийдиганлар ҳам кўп. Ҳар бир хонадонда муаммо турлича, лекин уларнинг ҳаммаси деярли бир хил тоифадаги айнан ҳаётидан норози инсонлар. Шу йўсинда ҳар бир хонадонга киришга, ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмасликка ҳаракат қилдик.

Йўл четида оддийгина қурилган, бир уй эътиборимизни тортди. Шу хонадонга ҳам кириб навбатдаги шикоятни қабул қиламиз деб ўйлаган эдим, аммо…

Бу хонадонда бизни икки болакай қўлларини кўксига қўйиб, кутиб олишди. Саломларига алик олишишиз биланоқ, юз-кўзлари нурли отахон ва онахон шу уйда қурилган иссиқхона ичидан чиқиб келишди. Улар билан салом-алик қилиб ўзимизни таништирдик. Отахонга биз жамоатчи гуруҳданлигимиз, бирор ариза ёки шикояти бўлса, айтиши мумкинлигини билдирдик. Отахон бир зум бизга термулди-да жилмайиб деди: “Йўғе, қизим қандай шикоятим бўлсин, шикоят ҳақида ўйлашга вақтимиз ҳам йўқ. Кўриб турганингиз мана шу томорқамиз бизни боқади”, деди самимият билан.

Улар бизни иссиқхона ичига таклиф қилишди. Бу ерда ушбу хонадоннинг чинакам меҳнатлари маҳсулини кўрдик. Иссиқхона ичида помидор, бодринг ғарқ пишган. Ҳосилнинг атрофида бир дона ҳам бегона ўт кўрмайсиз. У ердаги тозаликдан биргина менинг эмас, ҳамманинг завқи келди, шекилли, палакдаги ҳосилларни ювмасдан татиб кўришга тушдик. Бобонинг айтишича қип-қизил мунчоқдек помидорлар ва барра бодрингларни февраль ойининг бошларидаёқ бозорга олиб чиққан экан.

—     Бутун қиш бўйи ҳам меҳнат қилган экансизда, — дедим завқ билан.

—     Бу ҳали ҳаммаси эмас қизим, 15 сотихдан ошиқроқ ердан саримсоқпиёз ҳосилини йиғиб олганимизга бир ойдан ошди,— дедилар. Ҳақиқий бободеҳқон, меҳнатсевар оила бошлиғининг меҳнатларини қийғос гуллаган анорзорларда ҳам кўрдик.

— Бобожон, келинг, сизнинг меҳнатларингизни бир мақола қилайлик. Сиздай  самимий меҳнатсевар инсонлар кўпчиликка ўрнак бўла олади дедим. Қўлимга қоғоз-қалам олиб бобо ва момонинг исмини сўрасам, ийманибгина “Қўй қизим, газетага мени эмас, келинимизни ёзгин. Шу ҳосилларни етиштирган келинимиз Шарофатхон бўлади”, дейди. Бу оила аъзоларини бир-бирларига меҳнат аталмиш куч меҳрли ва оқибатли қилганми ёки улардаги самимият, ҳаётдан розилик уларни шундай соғлом муҳитга ўрганмикан-а?

Телеэкранларда ёки интернет саҳифаларида кичик бир яхшиликларини тинимсиз намойиш этадиган, ўзларини кўз-кўз қиладиган инсонлар олдида бу икки нуроний камтаринлиги билан кўз олдимда буюклашиб бораверди.

Шаҳринисо ФАРҲОДОВА,
ЎзМУ талабаси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE