Бош саҳифа / Жамият / Ҳаёт ва сабот

Ҳаёт ва сабот

Аёл — ҳар бир инсон илҳақ, номига энг илиқ сўз айтишга ошиқадиган мўътабар, бетакрор ҳилқат. У онадир, опа-сингил ё ширин фарзанд. Доимо оиламиз борлиғини нурафшон этиб туради. Шу боис ҳаётимиз тўкис, меҳру муҳаббатга лиммо-лим.

Жарқўрғон туманида таваллуд топган Ҳа- йитгул опа Рўзиеванинг ота-оналари Ҳамро ака ва Ашурой опалар доимо фарзандларининг ўқимишли бўлишларини исташган.

— Ёдимда,— дейди мақоламиз қаҳрамони,—1959 йилда ўнинчи синф да ўқирдим. Мактабимизга бир қути ипак қурти беришди ва уни етиштириш мажбуриятини менинг зиммамга юклашди. Оиламиз билан уйқусиз тунлар машаққати эвазига режадан ошириб, олий навли пилла топширдик. Меҳнатларим муносиб рағбат топиб, Москва шаҳридаги ВДНХ кўргазмасида иштирок этиш шарафига муяссар бўлдим. Мендаги шижоатни кўрган ўқитувчиларим отамга “Имкони бўлса, қизингизни, албатта, ўқитинг” дея таклиф беришарди.

У замонлар қиз боланинг мактабдан сўнг бирон билим юртида ўқиб, касб-ҳунарли бўлиши эртакдек гап эди. Аммо, ота-онам менинг орзуларимга изн беришди. Китобга бўлган меҳрим туфайли, 1965 йиллар Тошкент маданият ва оқартув техникумини аъло баҳоларга тамомладим ва Термиз шаҳридаги Собир Термизий номли вилоят кутубхонасида ишлай бошладим.

Турмушга чиққач, турмуш ўртоғим Ҳайрулло Розиев (раҳматли) ҳамиша мени қўллаб-қувватларди. Икки ўғлимиз,  етти нафар қизимиз, 35 нафар неварамиз ва 29 нафар чеварамиз бор. Кутубхонада 38 йил ишлаб, нафақага чиқдим. Ҳали-ҳали китоблар тушларимга кириб чиқади. У пайтлар Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Садриддин Айний каби ёзувчиларимизнинг асарларини севиб ўқишарди. Мумтоз адабиётимиз дарғаси Алишер Навоийнинг “Хамса”си доимо қўлма-қўл эди. Ўша вақтлар ҳам талашиб ўқиладиган(сабаби китоблар жуда кам, ўқувчилар навбатма-нав бат ўқишарди) асарлардан А. Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи ҳали ҳам севимли асарларимиздан бири сифатида қадрланиб келинаётгани, ўзбек адабиётининг жозибадорлигидан далолатдир.

—Шаҳримизда кўплаб ёшларимизга ибрат намунаси бўлиб келаётган онахонларимиз истиқомат қилишади. Ҳайитгул опа ҳам ана шундай кайвони оналаримиздан. Уларни қадрлаш, намунали ҳаёти ва фаолиятини умидли ёшларимизга ўрнак сифатида тарғиб қилиш ҳам фарз, ҳам қарз, — дейди фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органини мувофиқлаштириш бўйича Термиз шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари Хуррам Чоршанбиев.

Айни пайтда 80 ёшни қаршилаётган Ҳайитгул опанинг китоб мутолааси хусусидаги фикрларини завқ билан тинглар экансиз, адабиётга бўлган муҳаббатингиз янада ошади. Келини Зайнаб Амирова айни пайтда мазкур кутубхонада фаолият олиб бораяпти.

—Овсиним, Зайнабхон уйимизга деярли ҳар куни янги китоблардан олиб келади. Қайнонамнинг худди ёш боладай қувониб кетишини кўрсангиз эди. Шунданми, набираларининг ҳам китобга бўлган муҳаббати ўзгача, — дейди хонадон келини Шаҳодат Абдураҳмонова.

Ҳайитгул опанинг ўғиллари Илҳомжон ва Икромжонларнинг фарзандларидан қандай китоб ўқиганлари сўраб туришлари, дарсларини назорат қилиб бориши ҳам она тарбиясининг меваси аслида.  Донишмандлар “Кексаларимиз хонадонларимиз файзу таровати, барча яхши фазилатларимиз дебочасидир”, дея бежиз таъриф беришмаган. Уларнинг муносиб турмуш тарзи, панду насиҳатлари фарзандларимиз камолида ҳамиша аҳамиятли бўлиб қолаверади.

Алиёр РАЖАБОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan