Ҳаёт мактабини ўтаган журналист

0
58

Журналист, аввало, ўз касбини севиши, замондан бир қадам эмас, ўн қадам олдинда юриши, бошқалар дардию қувончини ўзиники билиб, ҳар сонияда янгиликдан хабардор бўлиши муҳим, дея ижод қилаётган воҳанинг жонкуяр журналистларидан бири Сурайё Нормановадир.

У 1976 йили сўлим Бойсунда таваллуд топган. Оилали, икки фарзанднинг онаси. Ушбу соҳада 23 йилдан бери фаолият юритиб келаяпди. Тожикистон давлат университетининг филология факультетини тамомлаган.  Ҳозирда вилоят телерадиоканалида ҳам теле ҳамда радио журналист сифатида фаолият юритиб келаяпди. Ўзбек, рус ҳамда инг лиз тилини мукаммал биладиган Сурайё Норманова “Янги аср” радиотўлқинларида бериб борилаётган “Маънавият сабоқлари”, “Ёшлар ва қонун”, “Адабиёт ва санъат” каби ўзбек тилидаги радиоэшиттиришлар билан бир қаторда тожик тилидаги “Чавонон — сутуни миллат”, “Маъвои мо-Ватан”, “Ўзбекистон хонаи умумии мо” эшиттиришлари ҳамда “Гулдастаи дўсти” теле саҳифаларида ўз мухлисларини топиб улгурган.

— Мактабда ўқиб юрган кезларим эди, — дейди Сурайё Норманова. —  Ҳали журналистика хаёлимнинг бир четидан ҳам ўтмаган, фан олимпиадаларида қатнашиб, вилоятда биринчи ўринни эгаллаган пайтим эди. Телевидениедан журналистлар келишиб, мендан интервью олишди. Воҳанинг таниқли журналистларидан бири Жаъфар Холмўминов тасодифан менга “Сизда журналистлик қобилият бор. Овозингиз, талаффузингиз ва дунёқарашингиз ўзгача экан. Агар сизни ишга таклиф қилсак, ўзингизни синаб кўрасизми?”, деганида, очиғи, ҳайрон қолдим. Орадан бироз вақт ўтиб, у киши яна мени Сурхондарё телевидениесига ишга таклиф қилди. Бу эса мени руҳлантирди ва ижод қилишга ундади. Журналистика соҳасининг сирларини устозлардан ўргандим. Ҳам назарияни, ҳам амалиётни биргаликда олиб бориш ишимни осонлаштирди. Тажриба жуда муҳим эканлигини англадим. Ушбу соҳа менга ҳаёт мактаби вазифасини ўтади. Кўрсатув, эшиттиришлар тайёрлаш жараёнида кўплаб одамлар билан мулоқотда бўлиш, турли соҳа сирларидан бохабарлик билим ва тафаккуримни кенгайтиришда ёрдам берди. Масалан, “Ҳидоят сари” эшиттиришини уч йил давомида тайёрлаш орқали мен бошқа Сурайёга айландим. Диний билимим ошишига, ушбу соҳани яхшироқ англашимга туртки бўлди. Ҳар бир эшиттириш олдидан тингловчилар худди мени кутаётгандек, улар билан юзма-юз жонли эфирда тургандек ҳис қиламан ўзимни.

Қаҳрамонимиз “журналист жамиятни қийнаётган муаммолар ҳақида бонг уриши, одамларда ижтимоий фикр уйғотиб, уларни ҳаётда олға бошлаши лозим”, деб ҳисоблайди. Бу эса унинг бугунги кун журналисти олдига қўйилган талаб ва масъулиятни англай билишидан, ўз касбини севишидан далолат беради.

Адолат МЎМИНОВА

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг