Бош саҳифа / Маданият / Ҳаёт ҳақиқати саҳнага кўчганда…

Ҳаёт ҳақиқати саҳнага кўчганда…

Вилоят қўғирчоқ театри жамоаси 16-мавсум очилиши муносабати билан ёш томошабинларга режиссёр Зуҳра Нормўминова томонидан саҳналаштирилган, Эркин Хушвақтов қаламига мансуб “Зумрад ва Қиммат” эртагини намойиш этишди.

Спекталь саҳналаштирилишида ёш режиссёр янгича қарашлар билан ёндошишга ҳаракат қилгани эътиборга молик. Мусиқа ва чироқлар ўйини яхши танланган, актёрларнинг ижроси ҳам таҳсинга сазовор. Спектаклдаги энг муҳим жиҳат бу роллар тақсимотида янглишмаслик, яъни ҳар бир актёрнинг ижодий салоҳиятини тўғри баҳолай олишдир. Ёш режиссёрнинг ҳам худди шу жиҳатдан ютуғини спектаклдаги образлар талқинидаги муваффақият билан боғлаш мумкин.

Саҳна ва томоша залида ҳам актёрларнинг жонли чиқишлари билан ипли, осма қўғирчоқларнинг ижровий уйғунликни таъминлашга бўлган уриниш ҳам спектакл нинг мақеини белгилаб беришга хизмат қилган. Дейлик, ёш томошабинлар онгида зал билан саҳна ўртасида эртакона муҳит кўпригини боғлашга, уйғунлаштиришга бўлган уриниш ҳам муваффақиятли чиққанлигини таъкидлаб ўтиш лозим.

Шунингдек, спектакл ютуқлар билан бирга талай жузъий камчиликларга ҳам эга эканлигини шу ўринда таъкидлаб ўтмоқликни лозим топдим.

Хусусан, “Зумрад ва Қиммат” эртаги қадимий халқ эртаги бўлиб, унга (спектаклдаги аҳамият касб этмайдиган пролог ва эпилогларни инобатга олмаганда) ҳеч қандай ўзгариш киритилмаган бўлса-да, таниқли драматург Эркин Хушвақтов номи билан боғлангани бизни ажаблантирди. Бу саволни театр бадиий кенгаши аъзолари ва “муаллиф” эътиборига ҳавола қилган ҳолда спектакль ҳақидаги таҳлилий мулоҳазаларимизни давом эттирамиз.

Спектакль давомида қўғирчоқбозларнинг эҳтиётсизликлари сабаб бир неча бора декорацияга тегиб кетиш, саҳначада чироқ ёнмасдан қўғирчоқларнинг вақтли кириб келиш ҳолатлари, эҳтиётсизлик қилиб, қўғирчоқ ўйнатаётган актёрларнинг ниқобли ва ниқобсиз қўлларининг саҳна четида тез-тез (чуқурроқ) кўзга ташланиб қолиши, декоратив пардаларни алмаштириш учун муддатидан аввал узатилган (ниқобсиз) қўлларнинг саҳна тепасида бир муддат “осилиб қолиши” кабилар шулар жумласидандир. Назаримда, бундай ҳолатлар билан боғлиқ ҳатти-ҳаракатлар репликаларга боғланганда, шубҳасиз актёрлар томонидан ўзини оқлаган бўларди.

Арзимасдек туюлган бу каби жузъий камчиликлар эса ўз навбатида спектакль ва ёш томошабин ўртасидаги макон ва замонга боғлиқ муҳим тушунчаларни хиралаштирилишига, уларнинг эътиборини спектаклдан чал ғитишига олиб келади.

Шунингдек, эртакнинг салбий қаҳрамонлари Қиммат ва онаси томонидан ишлатилган “қирилиб кетгур…” ва шу каби яна бир нечта қўпол сўзлар ёш томошабинлар онгига ва тарбиясига салбий таъсир кўрсатишини ҳам назардан қочирмаслик лозим эди.

Отанинг қизини адаштириб, уйга қайтиб келиш саҳнасини олайлик. Ўгай она отадан, қизинг қани, деб сўраганда, ота ортига ўгирилиб, ие, ортимдан келаётган эди, дейди. Ваҳолангки, ота узоқ йўлни от аравада босиб ўтган эди. Наҳот, ота қизининг йўқолиб қолганини сезмаган бўлса, деган ҳақли савол туғилмайдими? “Муаллиф” ёхуд режиссёр шу ўринда отанинг ўгай она ва қизининг қилмишларидан толиққани, хаёли паришон бир аҳволга келиб қолганини очиб бериши ёхуд қадимдан халқ мулки бўлиб келган эртакнинг аслиятидаги каби, “ўрмонда йўқотиб қўйдим, қанча изламай, топа олмадим”, дейиши лозиммасмиди?

Яна бир ҳақиқат, саҳна қонунларига кўра ундаги ҳар бир детал ўзини оқлаши лозим. Шу ўринда аҳамиятсиз бир-икки чиқиш билан кифояланган кучукчанинг асар моҳиятидаги ўрнини топа олмадим: ё “образ” сифатида ўрнини чуқурлаштириш керак ёхуд бундай деталдан воз кечиш лозим.

Шу ўринда яна бир ҳолат, Зумраднинг сеҳргар кампир билан ўрмондаги саҳнада учрашувида, сиз мени қаердан танийсиз деганда кампирнинг барча нарсадан хабардор сеҳргарлигига ишора қилиши-ю, кейинги саҳнада, нега сени отанг ташлаб кетди.. каби саволлар билан мижғовланиши образга боғлиқ ҳақиқатга путур етказган; тўқима сўзлар ҳақида ўйлаб кўриш керак.

Бугунги шиддат ила илгарилаётган замон театр ижодкорлари олдига ҳам жуда катта талабларни қўймоқда… Жумладан, ҳеч иккиланмасдан замонавий ва мукаммал драматургияга мурожаат қилиб, ёш томошабинларни ҳайратга солувчи спектаклларни саҳналаштириш, қолаверса, ўзбек қўғирчоқ театри санъатини дунё саҳнасига олиб чиқиш фурсати аллақачон етиб келмадимикан?..

Эркин НОРСАФАР

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ijodkor o‘qituvchilar nazmi

“Surxon nashr” nashriyotida chop etilgan “Ustoz va shogird” kitobining mualliflari — mutaxassisligi bo‘yicha fizika-matematika fani …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan