Бош саҳифа / Адабиёт / Аёлларни ардоқлаган адиб

Аёлларни ардоқлаган адиб

“Даҳшат” ва “Ўғри” ҳикояларига битик 

Атоқли адиб, Абдулла Қаҳҳор ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган ижодкордир. Унинг ҳикоялари, романлари, драмалари, таржималари  халқимизнинг маънавий бойлигига айланган.

Ёзувчининг “Ўғри”, “Бемор”, “Асрор бобо”, “Даҳшат” сингари кўплаб ҳикоялари миллионлаб ўқувчилар қалбидан жой олган. А. Қаҳҳор бошқа асарларидаги сингари, бу ҳикояларида ҳаёт ҳодисаларини ҳаққоний кўрсатиб, таъсирчан қаҳрамонлар образини яратган. Адиб асарларида аёллар образи алоҳида ўрин тутади.

Унинг қатор ҳикояларида, “Синчалак” қиссаси, “Сароб” ва “Қўшчинор чироқлари” романларида, “Шоҳи сўзана”, “Тобутдан товуш” каби драмаларида аёллар асосий қаҳрамонлар қаторида кўринади. Абдулла Қаҳҳорнинг асарлари, маълум маънода, ўзбек аёли босиб ўтган тарихий йўлнинг манзарасини ёрқин кўрсатади. Ҳамда бу асарларда адибнинг аёлларга  эҳтироми яққол намоён бўлиб туради.

Абдулла Қаҳҳор хотин-қизларнинг ҳаётини, муаммоларини кўрсатиш орқали ўша замон ҳаёт манзарасини ҳаққоний гавдалантиришга эришган.

Аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги мустаҳкам қарор топган, оилада ҳам, жамият ижтимоий ҳаётида ҳам аёлларга эътибор қаратилган ҳозирги пайтда кўпчилик ёшлар “Даҳшат” ҳикояси қаҳрамони Унсиннинг кексайиб қолган, “кафанлигини сандиққа солиб қўйган қари додхоҳга саккизинчи хотин бўлиб яшашини, бири гуноҳ қилса, барчаси баравар  калтакланишини тасаввур қилолмайди. Бу ҳолат бугун бамисоли  эртак. Чунки ҳақиқатдан замонамиз қизлари Унсиннинг бунчалик хўрликларга тоқат қилишига ишонмайди. Негаки улар паранжи-чимматнинг нималигини билишмайди. Турмуш қуриш масаласида ҳам ота-оналари уларга зуғум қилиша олмайди. Улар бу борада ўз эркларини ўз қўлларида сақлашга ҳақлидир.

”Ўғри”да Қобил бобо, “Бемор”да Сотиболди асосий қаҳрамонлардай кўринса-да, аммо уларнинг хотинлари ҳам ушбу ҳикояларда ўз ўрнига эга. Улар ҳам турмуш уқубатларини эрларидан кам тортмаётганлиги воқеалар давомида кўрсатилади. Аммо уларнинг исмлари айтилмайди, қиёфаси айнан, тасвирланмайди. Негаки ёзувчи жамиятда аёлларнинг барчаси ҳам шу аҳволда умргузаронлик қилаётганини айтмоқчи бўлади.

Адиб ушбу ҳикояларида турмуш қанчалик азоб-уқубатларга тўла бўлмасин, аёллар ҳамиша эрларини аяганлигига, ҳаёт машаққатларида елкадош эканлигига эътибор қаратади. Ҳўкизини ўғирлатган Қобил бобо не умидлар билан ҳали амин, ҳали пристав ҳузурига қатна-қатна қилганида хотини ҳам бефарқ, қўл қовуштириб ўтирмайди. У ҳам ҳўкизни топиш илинжида ўзича, эрини ташвишдан халос қилишга ҳаракат қилади. Азайимхон ҳузурига бориб дуо ўқитади. Ҳўкизни топишида шу йўл билан эрига кўмаклашмоқчи бўлади.

Абдулла Қаҳҳор Қобил бобони аянчли тасвирлар экан, унинг хотинининг аҳволига ҳам эътибор қаратади. Ҳикоя “Кампир тонг қоронғисида хамир қилгани туриб ҳўкиздан хабар олди” деб бошланади. Бу орқали адиб кампир қиёфасида рўзғорим, оилам деб яшайдиган киши тимсолини яратган. Ҳўкиз ўғирланганлигини дастлаб кампир билади ва дод солиб йиғлайди. Унинг “дод”ига одамлар тез тўпланади. Тонг қоронғисида тўпланган хотинлар ўғрини қарғайди. Адиб аёллар ҳаракатидаги ҳолатни ўринли баён этади. Чунки улар одатда ўз норозилигини кўз ёшлар ёки қарғиш орқали намоён этади. Лекин у замонлар бу  қарғишлар ҳеч наф бермагани боис натижаси ҳақида ҳикояда тўхталинмайди.

Қобил бобонинг кампири, эри билан амин ёки пристав ҳузурига арз га бормайди. Чунки замон бунга йўл бермаган. Шу боисдан ўша замонларнинг аёллар учун азоб-уқубатларга тўла ҳаёти ҳақидаги ҳикоялари эртакнамо манзара бўлиб қолишини пайқаган адиб “Хотин-қизларнинг бурун замонда кўрган кунини билмайсизлар, қизларим, айтган билан ишонмайсизлар,” деган Тўрахон аянинг гапини “Даҳшат” ҳикоясига пешсўз қилиб келтирган.

А. Қаҳҳорнинг барча турдаги асарлари мангу мазмунга эга. Хусусан, ҳикоялари матни синчиклаб ўрганилса, улардаги ҳар бир сўз, жумла замирида чексиз манзара ва аёл образи акс эттирилганлигини кўришимиз мумкин.

Нарзулла УЛУҒОВ,
Термиз шаҳри
9-ДИУМ ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳаёт олганинг қадар нафасдир…

Ҳаёт олганинг қадар нафасдир, ҳаёт қолганинг қадар қафасдир, ҳаёт толгунинг қадар ҳавасдир. *** Роббингга қараб: …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan