Бош саҳифа / Жамият / Аёлларга мададкор марказлар

Аёлларга мададкор марказлар

Мамлакатимизда 9 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари мавжуд. Шундан 615 таси Сурхондарё вилоятида фаолият юритмоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг асосий вазифаси давлат назаридан четда қолаётган  масалаларни қамраб олиш, тегишли муаммоларни пайқаш ва уларнинг ечимини топишда ҳамда аҳолининг барча қатламлари орасига кириб бориб, уларнинг ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топишида давлат ташкилотларига таянч бўлишдир.

— ННТнинг асосий қисми сув хўжалиги билан боғлиқ соҳаларни қамраб олган дейди, — Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят бўлими бошлиғи, “Аёл ва замон” маркази раҳбари Гулнора Ходжаниязова.— Воҳадаги ННТлар ичида бугунги кунда ўзларининг янги лойиҳалари билан танловларда фаол иштирок этиб, грантга лойиқ деб топилган, жамият ҳаётида аёллар ва ёшларнинг ижтимоий мослашувида ўз ҳиссасини қўшиб келаётган ташкилотлардан бири сифатида “Аёл ва шодлик” аёллар ва ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш марказини айтиш мумкин.

 ЯНГИ ЛОЙИҲА ЁШЛАРГА
ҚАНОТ БЎЛАДИ

Бу марказ Ангор туманида жойлашган бўлиб, 2005 йилдан буён фаолият кўрсатиб  келмоқда. Шу кунга қадар кўплаб лойиҳалари билан грант ютиб, Ангор ва Музработ туманларининг чекка қишлоқларигача кириб бориб, ёшлар ва аёлларни турли хил касб-ҳунарга ўқитиш, семинар-тренинг, давра суҳбатлари, танловлар орқали уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига ёрдам кўрсатяпти. 2017 йил октябрда “Аёл ва шодлик” нодавлат ташкилоти “Оилада соғлом муҳит —мустаҳкам, тинч, фаровон оила гарови” лойиҳаси учун йигирма уч миллион сўмлик грант ютиб олган.

—“Эрта турмуш, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, туғруқ, чилла даврининг меъёрда кечишини таъминлаш, она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш” мавзуларида қўлланмалар лойиҳа қатнашчиларига тарқатиш учун тайёрланмоқда, — дейди “Аёл ва шодлик” аёллар ва ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш маркази раҳбари Гулнора Юсупова.—  Давра суҳбатларимизда камида етмиш нафар аёллар иштирок этиши лозим. Ушбу лойиҳамиз доирасида турли  тадбирлардан ташқари, лойиҳа сўнгида “Энг ибратли келин” танловини ўтказишни режалаштирдик. Бундан кўзланган мақсад келин ва қайнона муносабатларини янада мустаҳкамлаш, оилаларимизда соғлом муҳитни шакл- лантириш, эрта, қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олишдан иборатдир.

 ТАДБИРКОРНИНГ ОРЗУСИ

 — Уйда бекорчи эдим, рўзғорга фойдам тегишини истардиму, аммо ишни нимадан бошлаш кераклигини билмасдим,— дейди “Океан” кафеси раҳбари Эгамбердиева Зарифа. — Кунларнинг бирида маҳалла фаоллари “Аёл ва шодлик” марказида ташкил этилган ўқув-семинарга таклиф этишди. Унда иштирок этаётган аёлларнинг фикрлари, берилаётган маълумотлар, хотин-қизларнинг дадиллигини кўриб, бироз бўлсада ўзимга  ишончим ортди.   Шундан кейин мен ҳам бозор атрофидаги хоналардан бирини ижарага олдим ва беш килограмм ундан оширма хамир тайёрлаб егулик пиширишни бошладим. Ўша куни пиширганларим сотиб бўлиниши биланоқ уйга югурдим. Нега десангиз, биринчи иш куним ажойиб ўтганлиги ва мижозларнинг раҳмати жуда тўлқинлантириб юборганди. Уйга бориб роса йиғладим. Қилган ишимдан хурсандчилигимдан, албатта. Иш бошлаган пайтларимда, шунчалик ишга шўнғиб кетганимдан болаларимни боғчадан олиш ҳам ёдимдан кўтарилган дамлар бўлган,— дейди кулиб  Зарифа опа. —Ҳозирги кунда қўл остимда уч нафар ишчи хизмат қилади. Мен бу қизларнинг меҳнати самарасини, уларга совчи бўлиб келаётган аёлларнинг бераётган ижобий таърифларида кўрдим. Яқинда ишчи қизларимдан бирини  турмушга бердик. Қайнонаси келиб менга раҳмат айтиб кетди.

КАСБГА ЙЎНАЛТИРУВЧИ
МАСКАН

Ангор туманида фаолият олиб бораётган “Сурхондарё вилояти ёшлари ва аёлларини касб га йўналтириш” маркази ҳам Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан “Халқ фаровонлиги йўлида биргамиз” кичик грант танловининг “Чекка қишлоқларда яшовчи аҳоли учун қўшимча даромад олиш борасида семинар-тренинглар ташкил этиш, қўлланмалар чоп этиш, аҳолига тарқатиш ҳамда уюшмаган ёшлар ва шахсларнинг долзарб муаммоларини ҳал қилишга, аҳолини иш билан таъминлашга амалий ёрдам кўрсатиш” йўналиши бўйича “Ўз бизнесингни ўзинг бошла” лойиҳаси учун беш миллион сўмлик грантни қўлга киритган.

— Лойиҳа доирасида “Шарқ гули”, “Навбаҳор”,  “Наврўз”  МФЙда ёшларни ва аёлларни жалб этган ҳолда МФЙ фаоллари, Ёшлар иттифоқи етакчилари, туман Бандликка кўмаклашиш маркази ҳамда хотин-қизлар қўмитаси вакиллари билан ҳамкорликда семинар-тренинглар ташкил этилди,— дейди вилоят ёшлари ва аёлларини касбга йўналтириш маркази раҳбари Муҳаббат Солиева. — Тренирларимиз тадбиркорлик сирлари,  банкдан қисқа муддатда кредит олиш ва янги инновацион лойиҳалар тайёрлаш бўйича маслаҳатлар беришмоқда.

Ҳа, деган туяга мадад деганларидек, оз бўлса-да кўмакка муҳтожларга ёрдами тегаётган бу каби ташкилотлар фаолияти мақташга арзигулик.

Адолат МЎМИНОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan