Аёл оқила бўлсин

0
68

Озода билан Нигора овсин. Олдинма кетин тўй бўлиб, бир хонадонга келин бўлишган. Ҳар иккисининг турмуш ўртоғи ишлайди. Рўзғорида кам-кўсти йўқ. Бир-биридан ширин фарзандлари бор. Бироқ кўнгил торлигиданми улар катта бир ҳовлига сиғишмайди.

Арзимаган баҳонани рўкач қилиб, кунда жанжал қилишади.

Бири “болам салга шамоллайди” деб уйнинг катта эшигини ёпиб қўйса, иккинчиси “мен тоза ҳаво кириб туришини хоҳлайман” дея очиб қўяверади. Қарабсизки, гапдан гап чиқиб, даҳанаки уруш бошланади. Ва бир-бирини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаган овсинларнинг ёқалашувию, қўни-қўшни, маҳалла-кўйнинг уларни ажратиб қўйиши билан тугайди.

Қанча насиҳат, танбеҳлардан кейин ҳам соч юлишишдан, бир-бирини дўппослашдан воз кечмаётган овсинларнинг иши ахийри Қизириқ туман маъмурий судида кўриб чиқилди.

Суд овсинларнинг дўппослаб, қасддан тан жароҳати етказгани, ҳақоратлагани учун жаримага тортди. Агар шу ҳол такрорланса, жиддий чора кўрилиб, жазо кучайтирилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Нигора билан Озода ҳам тинч ва осуда ҳаётга шукрона қилиб, бир-бирига ёрдам бериб, иноқликда яшаш, фарзандларига ўрнак бўлиш ўрнига тарбиясизлиги, ношукурлиги учун эл олдида ёмон отлиқ бўлди. Қолаверса, арзимаган баҳоналар туфайли кап-катта икки аёлнинг ёқа йиртишганию бир-бирининг юзларини тимдалаб, соч юлишганини кўриб улғаядиган болалар қандай ўрнак олади? Бундай оилада фаровонлик, барака бўлармиди? Жамият оила таянчи, аёл эса оила қувончи бўлиши керак. Минг афсуски, орамизда бу каби маънавияти паст инсонларнинг учраб тургани ачинарли ҳол.

Лобар ОТАМУРОДОВА,
Қизириқ тумани

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг