Бош саҳифа / Жамият / “Автошоҳбекат”га бормайди…

“Автошоҳбекат”га бормайди…

Вилоятимизнинг бош шаҳри — Термиз йил сайин кенгайиб, чирой очмоқда. Муҳташам бинолар, кўп қаватли уй-жойлар, замонавий хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилаяпти. Шаҳар аҳолиси сони ҳам кўпайиб бораётир.

Аммо шаҳар аҳолисига автотранспорт хизмати кўрсатишда кўнгилни хира қиладиган айрим ҳолатлар содир этилаяптики, шубҳасиз, бу йўловчиларнинг норозилигига сабаб бўлаётир.

 Шуни айтиш керакки, шаҳарнинг айрим манзилларини айтмаганда, ҳамма кўчаларида ҳам автобус қатнови йўлга қўйилмаган. Ҳар йилнинг бошида “Янги автобуслар келтирилаяпти, барча йўналишларда автобуслар қатнайди”, деган шов-шувни эшитамиз-у, орадан тўрт-беш ой ўтгач, “харажати ўзини қопламади, тушум бўлмаяпти”, деган важлар билан шаҳар йўлларида қатнаб турган автобуслар дом-дараксиз “йўқолади”. Сўнг яна йўналишларда “Дамас” автоуловлари “ҳукмрон” лик қила бошлайди. Аҳоли эса ишга, ўқишга, бозор-ўчарга бориш ва уйига қайтиш учун йўлкира нархи автобусникидан қиммат бўлса ҳам “Дамас”лар хизматидан фойдаланишга мажбур.

 Бироқ кейинги пайтда, асосан “Мангузар” — “Автошоҳбекат” йўналиши бўйича қатновчи “2” ва “305” рақамли “Дамас” ҳайдовчиларининг хурмача қилиқлари йўловчиларнинг ғашига тегаяпти. “Мангузар” постидан “Дамас”га чиқишингиз билан ҳайдовчилар: “Юбилей”нигача боради, “Автошоҳбекат”га бормайди”, деган шарт қўйишаяпти. Оқибатда ишчи, ўқувчи “Мангузар” постидан “Автошоҳбекат” гача бориш учун бир “Дамас”дан тушиб, бошқасига чиқишга, икки марта кира ҳақи тўлашга мажбур бўлишаяпти. Ваҳоланки,ушбу йўналишда қатновчи “Дамас” автоуловлари эгалари йўловчиларни бош бурмай белгиланган манзилга соғ-омон элтиши шарт. “Дамас” ҳайдовчилари йўловчиларга намунали хизмат кўрсатишни исташмаётган экан, демак, ушбу йўналишга автобуслар қатновини йўлга қўйиш керакдир.

Ҳайдовчиларнинг йўловчиларни овора ва норози қилаётгани масаласига “2“ ва “305” рақамли йўналишли “Дамас”ларни ўз тасарруфига олган автотранспорт хизмати кўрсатиш уюшмаларининг раҳбарлари нима деб баҳона излашаркин?

Б. АБДУВОҲИДОВ,
Тошкент давлат техника
университети Термиз
филиали катта ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Савдоси пишмаган режа

Ҳар қандай ходим ёки раҳбар лавозим ваколатидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланса, ўша ерда қонун бузилиш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan