Бош саҳифа / Адабиёт / Қатралар

Қатралар

Қочишга келса аввал кўзимизни, кейин ўзимизни олиб қочамиз.

ХХХ

Оналарнинг лойи сабрдан қорилган.

ХХХ

Ким ҳаётдан олиб, ким ҳаётдан нолиб яшайди.

ХХХ

Томошанинг тури кўп: аёлларнинг даҳан жангига, эркакларнинг наҳанг жанги якун ясайди.

ХХХ

Баҳор ёмғиридан ёғ, ёз ёмғиридан доғ, муҳаббат ёмғиридан боғ қолади.

ХХХ

Гапнинг ҳам — ўғриси, тўғриси бўлади.

ХХХ

Қари одам ёнғоққа ўхшайди. Юзи кўримсиз бўлса ҳам, ичи тўла мағиз.

ХХХ

Ўрдак “Дилхирож”га хиром айлагани билан товусга айланиб қолмайди.

ХХХ

Бевафо дунёдан вафо изладим,

Мен ўзим ўзимга жафо изладим.

ХХХ

УМР — йил фаслларидек тўрт парракли чархпалакдир.

ХХХ

Юкбардор юрагим қаршисида тоғлар ҳам таъзимда!

ХХХ

Эр-хотин қўш ҳўкиз — бири арралагич, иккинчиси дарралагич.

ХХХ

Эгри йўлнинг — таёғи, тўғри йўлнинг маёғи бор.

ХХХ

Ажал дегани фақат дор остида эмас, дор устида ҳам тикилади.

ХХХ

Кўздан йироқ қилсам ҳам, кўнгилдан йироқ қилолмайман.

ХХХ

Она бўлолмаслик оғир, она бўлиш ундан-да оғир!

ХХХ

Меҳрнинг сувратини излаб-излаб фақат, онамдан топдим.

ХХХ

Чўпчак айтган кунларимнинг куни — чўпчакка қолди.

ХХХ

Пешанамга сиғмаганни, юрагимга сиғдиришга мажбурман.

ХХХ

Яхши сўз мошин тезлигида, ёмон сўз яшин тезлигида тарқалади.

ХХХ

Ҳаёт мактабининг саволлари жавобсиз қолмайди.

ХХХ

Юрагимдан оққан қон қип-қизил чўғ бўлиб шафаққа қуйилди.

ХХХ

Қадрсиз одам коптокка ўхшайди. Катталарга нисбатан кўпроқ уни болалар тепиб ўйнашади.

ХХХ

Ой бориш бир муаммо, омон қайтиш минг муаммо.

ХХХ

Дунё — мол эмас, жон тикиб ўйнайдиган қиморхонадир.

ХХХ

Диназаврларни ўтмишдан изламанг! Улар бизнинг сийратимизга кўчган холос!

ХХХ

Муҳаббат чиройли бошланиб, камдан кам ҳолларда чиройли якун ясайдиган қиссадир!

ХХХ

Дунё саҳнасида спектакль бир бор намойиш этилади.

ХХХ

Этингдан қопмаса ҳам, бетингдан қопадиганлар ҳар қадамда топилади.

ХХХ

Йиллар ўтиб мен ўзгардим, замон ўзгармади. Кўҳна дунё кўҳлигича қолаверди.

Манзура ТЎРАЕВА, 
фахрий ўқитувчи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Адабиётшунослар анжумани

Адабиёт барча замонларда ҳар бир миллатнинг бадиий-эстетик тафаккурини, дунёқараши, миллий ўзлигини белгилайдиган санъат тури ҳисобланади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan