Бош саҳифа / Жамият / “Қатъий огоҳлантирилди”

“Қатъий огоҳлантирилди”

Газетамизнинг 2017 йил 18 ноябрдаги 66-сонида чоп этилган “Ҳисоб-китобни бўри еганми? ёхуд вилоятимиз бозорларидаги тартибсизликлар қачон барҳам топади?” сарлавҳали танқидий мақолада Термиз шаҳри, Ангор, Жарқўрғон, Шеробод туманларидаги бозорлардаги камчи-ликлар рўй-рост қаламга олинган эди. Ушбу мақола юзасидан йўлланган жавоб хатини қисқартиришлар билан эълон қилмоқдамиз.

“Танқидий мақола юзасидан бирлашма томонидан тегишли бозорлар раҳбарлари билан суҳбат ўтказилди. Бозорда йўл қўйилган хато-камчиликлар учун Ангор, Термиз, Жарқўрғон, Шеробод “Деҳқон озиқ-овқат бозори” МЧЖ раислари А. Жумаев, Х. Холмуродов, Ш. Бердинов, Н. Нуралиевлар қаттиқ огоҳлантирилди.

Бирлашма томонидан тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ижросини таъминлаш юзасидан шаҳар ва барча туманлар бозорларига топшириқ ва кўрсатмалар берилди, ижроси доимий назоратга олинди.

Ангор марказий деҳқон бозорида санитария-гигиена қоидаларига етарлича амал қилмаганлиги, вазифасига совуққонлиги учун назоратчилар Абдушукур Маматқулов, Даврон Ҳамраев, Баҳром Самандаровларга ҳайфсан берилди.

Термиз мараказий деҳқон бозорида ҳақиқатдан ҳам 846 та савдо растаси мавжуд. Бозорда савдо дўконлари сони 223 та бўлиб, 149 таси билан ижара шартномаси тузилган. 55 та савдо дўкони қурилганидан буён фаолият юритмайди. Деҳқон бозорида жами 41 та тарози мавжуд. Яна 30 та тарози харид қилиш учун шартнома тузилган. Чиқиндилар тўлиқ ташиб кетилган. Бозорнинг санитария-гигиена талабларига хос ҳолда ишлаши учун кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўрилмоқда”.

 Бошқарув раиси Б. ТЎхлиев

ТАҲРИРИЯТДАН:

Жарқўрғон ва Шеробод деҳқон бозорлари ҳақида ҳам шунга ўхшаш гаплар ёзилган. Аслида озиқ-овқат маҳсулотлари бозорида санитария-гигиена қоидаларига ҳар куни доимий равишда қатъий амал қилиниши шарт.

Эътиборингизни яна бир нарсага қаратмоқчимиз. Вилоят “Бозор” ОТАЖ фаолиятини мувофиқлаштириш бирлашмаси раиси Б. Тўхлиев имзоси билан бир ой газетага чоп этса ҳам адо бўлмайдиган 40 саҳифадан иборат жавоб хати келган. Уни бошдан оёқ ўқиган кишининг боши айланиб кетади. Унда бозор раислари, масъул ходимлардан олинган тушунтириш хатларидан тортиб, йиғилиш баённомаси, шартнома қоғозлари, ҳоким қароридан нусха, фотолавҳалар, йил давомида бозорлар жамоалари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган тадбир ва режалар қалаштириб ташланган. Камчиликни бартараф этиш учун важ, баҳона, далил ва рақам қидирмасдан амалий ишга ўтиш зарурроқ эмасми? Халқимизда подачи қизининг ғайрати, пода келганда келади, деган гап бор. Афсус, бозордаги ҳар бир савдо нуқтасида касса аппарати ўрнатиш, пластик карточкалари билан савдо қилишни йўлга қўйиш, тадбиркорларни етарлича тарози билан таъминлаш, тоза-озодаликни одатга айлантириш, гўшт ва сут маҳсулотларини лабораториядан ўтказиш учун газетада танқидий мақола чиқишни кутиш шартмиди?

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ногиронлар – эътиборда

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, айниқса, уларга сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш, зарурий тиббий-ижтимоий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE