Бош саҳифа / Жамият / Асрни қаритган гурунглар

Асрни қаритган гурунглар

105 йил. Бобо тарих олдида бу муддат кичик кўринар, аммо инсон умри билан ўлчанса, жуда   узоқ  давр. Денов  туманидаги  баланд  Сурхонтоғ   этакларида жойлашган  Ўшор  маҳалласида истиқомат қилиб келаётган  105 ёшли  Шарбат  момонинг  ҳаётида бир аср давомида юз берган ҳодисотлар чуқур из қолдирган. Пиру-бадавлат онахоннинг   ҳаёти  бир ибратли  китоб  бўлгулик.

Онахон билан гурунглашар экансиз, ажинлар  ўз  забтига олган юзида баъзан сўлғинлик, баъзан хушнудлик иниб туради. У ўзи гувоҳ бўлган ҳар  бир  воқеликни қалбан ҳис қилиб, сўзлаб беришдан  чарчамайди. Бу гурунглар эса ҳар бир кишини ўтмишнинг  тафти, қувончу қайғуси томон бошламасдан  қолмайди. Шарбат момонинг ибратга йўғрилган гурунгларидан сизга илиндик.

ЧОРСАЙЛНИ ИНТИҚ
КУТГАН ЗАМОНЛАР

Ўша замонлар ҳам бугунгидек қуёш Шарқдан чиқиб келар, оналар фарзандларини  ҳам  худди  шу  бугунгидек яхши кўрар, турналар ҳар баҳор ва  кузда дўппидеккина шу қишлоқ устидан ҳам “қур-қурлаб” учиб ўтар ва яланг- оёқ болакайларни ҳайрат билан ўзларига эргаштирарди.  Аммо  у  замонда, чамаси бир аср муқаддам қишлоқ, одамлар, табиат, оқибат, ҳайрат  тамоман бошқача  эди. Атроф-муҳит мусаффо. Қишлоқда  15 чоғли хонадон   чордевор, пахсадан қурилган, бир-бирига уланиб кетган уйларда истиқомат қилишарди. Узоқдан тар- қалган хабар ҳозиргидек уяли алоқа воситасида бир зумда эмас, 40 чақирим масофада жойлашган  қишлоққа  бир-икки кунда  етиб  келарди. Биз сочларига  жамалак  таққан  қизалоқлар  бугун Наврўз деб атаганимиз чорсайлни  йил  бўйи  интиқ кутардик. Баҳор ҳам роса соғинтириб келарди ўша  маҳаллар. Пастқам, нимқоронғу  хонада   сандал  ўрнатилиб, биз жужуқлар оёқларимизни кўрпа  остидаги  чўққа  тоблаб, унинг атрофини ўраб  ўтирардик.  Йўғон чўзилиб, ингичка узилар паллалар кўп бўларди.

Бугунгидек давлат деган кенг тушунча йўқ эди. Ҳар кимса ўз ҳолича кун кўрар, уларнинг ҳаётини оқибат, меҳр-муҳаббат, виждон  тушунчалари маълум бир изга тизиб турарди.  Етти-саккиз  ёшлик  давримда  алғов-далғов бир давр бошланди. Чорвадорлар овули бўлган бу манзилимиз бир қарасангиз қизиллар  қўлига  ўтар, дам  ўтмай  эса босмачиларга  қўнимгоҳ  бўларди. Шоҳидман, кимгадир ёлғон, кўриб дунёдан ўтганларга эса чинки, босмачилардан  ҳаргиз ёмонлик  кўрмаган  эканмиз. Бугун асл ҳақиқатни билсак, улар юрт эрки учун туғ ва тиғ  тутган эканлар. Лекин  босмачиларнинг қонхўрликлари ҳақида гурунглар-гурунгларга уланаверарди. Дарё ёқасида биз — чорвадорлар оиласининг уйи ва  бостирмаси бўлиб, амаки-аммалар ва биз истиқомат  қилардик. Отамиз доимо босмачиларни  жимжитлик ва эҳтиёткорлик билан кутиб  олар, улар эса от-уловларини  панада, бостирмага  боғлаб, уйда пусиб ётишар, овқат тановул қилиб  яна  йўлларига  равона  бўлишарди. Шу лаҳзадаёқ  отамиз, бизга босмачиларнинг от-уловидан қолган қолдиқларни яширишни буюрардилар. Зум ўтмай, уларни излаб қизил отряд ҳам келиб қолар, отам уларни ҳеч нима бўлмагандек қабул қилиб, жўнатарди.

У  замонда аёллар паранжида юришарди.  Бир нарса аниқки, аёлнинг  шарм-ҳаёли, иффатли, латофатли бўлиши чачвон, паранжи ёпинганлик билан белгиланиб  қолавермайди. Йиллар давомидаги талотумларда турмуш ўртоғи қолиб, қишлоқма-қишлоқ  юрган дарвешмонанд  билан  қочиб кетган, урушга кетган ёрини кутмай фарзандларини етимлик домига отиб бошқага, даврон эгаларига  турмушга  чиққанлар ҳам, афсуски, бўлган.

ЛАЧАКЛИ КЕЛИННИНГ
ҚИСМАТИ

Она  меҳри  ҳамма замонларда, ҳам  бир  хил — олижаноб ва ҳароратли  бўлиб қолаверган. Уруш оқибати кириб бормаган хонадон йўқ эди. Қишлоғимизда эри урушга кетиб, дом-дараксиз йўқолган, икки фарзандли   жувонни одамлар “Лачакли” деб аташарди. У бошидаги рўмолини  дуррача, яъни  лачак  қилиб  ўраб  юришни  яхши  кўрарди. Ҳамма  нарса  фронтга  йўналтирилган, тўйиб ва лаззатланиб овқатланиш орзу эди. Лачакли келиннинг  акасининг қишлоқдан  етти-саккиз чақирим  нарида, дарё ёқасида сув тегирмони бўларди. Қишнинг қаҳратон кунларининг бирида уйида  ҳеч  вақоси қолмаган лачакли  жувон тегирмонга  бориб, тошлар ораси  ва  идишларни тозалаб, бир атала таомига етгулик  ун  ва буғдой топиб, хурсандчилик билан уйга қайтади. Қайтганида қалин туманда  йўлидан адашади. Кичик сўқмоқ йўлларда узоқ тентирайди. Биргина йўл уни  чўпонлар камарига элтади. Бу пайтда камарда ҳеч ким қолмаган, барча қишлов учун қишлоқда  эди.

Дунёни зулмат қўпганида, совуқ ва очликдан дирдираган лачакли шу манзилда қолишни мақсад қилади.  Орадан  кунлар  ўтиб, қорлар  эрий  бошлайди.  Қўйчувонлар қор остидан жувоннинг  лачагини  топиб  олишади. Йиллар  ўтиб,  камарда қолиб қашқирларга  озуқа бўлган  лачаклининг икки боласи  эл таниган инсонларга  айланди. Билсангиз, отаси ва онасининг бедарак кетганидан кейин бу болакайлар кўрган дастлабки кунлар ғоят  ачинарлидир. Катта-кичик маракаларда  таом қолдиғи, одамларнинг писандаси билан яшаган, тунлари дош ўчоқларда ухлаган лачаклининг болалари  бир  одамлар бўлишдики, асти қўйинг! Бойчечак қалин муз қатламларини ёриб чиқиб, борлиқни қандай хушнуд этса, лачаклининг болалари дунё ғурбатлари, қайғуларидан устун чиқиб, олам  ҳайратларини  қўшиқ қилиб куйлаб ўтишди.

ЁСТИҚ ИЧИДАГИ
ҲАЛОЛ ҲАҚ

Тушимда  от-улов миниб, йўлга чиқсам ёки тоғ чўққилари томон йўл олсам, ўнгимда бир шодлик юз беради. Ўғил-қизлар, набиралар, чеваралардан  кимдир  мансаб  пиллапояларидан  юқорилайди, ҳаётида яхши янгилик бўлади, эвараларнинг эса сони  ортади. Аксинча, дарё ёқасида ўтов тикиб яшаганимизда  бундан 33 йил олдин  чин дунёга кетган бобо — Алмосбой  Девкамар деган қирликдан чўпонтаёғини белига қистириб эниб, кайфиятсиз кетаётган бўлса, ҳаётимизда  бир  дилхунлик бўларди.

Қишлоқда Девкамар дегич адирликка ёндош қоялик бор. Бизнинг аждодларимиз — бундан етти авлод нарида  чўпон бобомиз қишнинг қаҳратон чилласида қишлоқдан чўпонлар камари томон от етаклаб йўлга чиқар экан, Девкамарга келганида  оппоқ қор устида турган тут мевасига кўзи тушади, уни ҳайрат ила кузатади ва тановул қилади. Бобо токи дарё ёқасига етгунига қадар еттита шундай тутни истеъмол қилади. Аҳли-донишлардан бунинг маъносини  суриштирганида, сенинг етти авлодинг чорвачиликнинг ортидан бой-бадавлат яшайди, мулкингга ҳеч ким дахл қилолмайди, — деган  жавобни  олади.

Отамизни эса бой сифатида қулоқ қилишди. Мулкини эса мусодара этишди. Отамиз ва онамиз мол-дунёга  заррача  ачинмади. Қишлоқ  шўроси етаклаб  келган  давлат  одамлари  хатланган  мол-мулкни  от-уловга ортиб кетар чоғида, онамиз йиғламсираб, — “Эй, худобехабар, совуқда болаларимни юпун қолдирганинг етар, жувонмарг қилиб, уволига қолма. Бирор кўрпа-тўшак ташлаб  кет”, — деди. Зобитлардан  бири увадаси чиққан битта кўрпа ва ёстиқни  ерга улоқтириб, жўнаб кетди.  Кун ўтиб, бир куни онамизнинг нигоҳи ёстиқнинг йиртилган қисмидан ташқарига чиқиб турган қоғоз пулга тушади. Ёстиқ ичидан жуда кўп миқдорда пул чиқиб,  турмуш ўртоғи  қулоқ қилинган, давлати тортиб олинган оиланинг тезда яна  косаси оқаради. Боболаримиз отарнинг ортидан бориб кам бўлмади.

Биздан кейинги авлод  эса  қаламнинг  устидан  кун  кўраяпти.

Бир асрдан ортиқроқ умрнинг ярмидан кўпи беҳаловатликда ўтди. Тоғу тошда ўтов  қуриб, туну кун  қаттиқ меҳнат қилиб яшадим. Оғир, рутубатли кунлар ҳаётимда жуда кўп бўлди. Бугун англаганим эса, замонларнинг замони мана  шу  ёруғ  кунлар экан. Бу кунларга етганларнинг пешонаси ярқираган, етиб келмаганларнинг эса охирати обод бўлсин.

Юз билан юзлашган Шарбат момо Алмосованинг дилкаш гурунгларини  С.КЕНЖАЕВ оққа кўчирди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Битирувчилар МИБда ишлаши мумкинми?

Бу саволга талабалар Термиз давлат университетида Маж-бурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси вакиллари билан ўтказилган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan