Бош саҳифа / Жамият / Асрларга татигулик умр

Асрларга татигулик умр

Муҳтарам Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномаси”да таъкидланганидек, “Ўтмишга берилган баҳо, албатта холисона, энг муҳими, турли мафкуравий қарашлардан холи бўлиши зарур”.

Айниқса, бахтимиз учун курашган, бу йўлда ўз ҳаловатини эмас, балки эл-юрт ташвиши деб куйиб ёнувчи, толмас курашчи, юксак ғоявий эътиқодли улуғ сиймолар ҳаётини ўрганиш, уни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш муҳимдир. Худди шунинг учун ҳам бундай кишиларни “Халқнинг асл фарзанди” деймиз.

Владимир Николаевич Қодиров 1929 йилнинг 2 февралида Термиз шаҳрида таваллуд топган. Отаси аввал ошпаз, кейин Термиз педагогика билим юртида боғбон, қаровул бўлиб, онаси эса оддий кир ювувчи бўлиб ишлашган.

Унинг ҳаёт йўли том маънода жасорат йўлидир. У 1938 йили биринчи синфга борган бўлса, еттинчи синфни битиргач, ўша даврда вилоятда ягона бўлган Термиз педагогика билим юртида ўқишни давом эттиради. Педагогика билим юртини 1947 йилда тугатган 18 яшар йигит вилоят комсомол қўмитаси йўриқчиси этиб сайланади.

19 ёшида штанга бўйича мамлакат чемпиони бўлган В. Қодиров А.Навоий номли Ўзбекистон давлат университети (ҳозирги Самарқанд давлат университети) тарих факультетига ўқишга киради ва ўқиш билан бирга штанга бўйича тренер – ўқитувчи бўлиб ишлайди.

Университетни битиргач бир йил Термиз педагогика билим юртида ўқитувчилик қилади. 1954-55 йилларда вилоят комсомол қўмитасида бўлим мудири, сўнгроқ биринчи котиби бўлади. 1958-59 йилларда 29 яшар В. Қодиров Шеробод туманининг биринчи раҳбари, бир йил ўтгач, вилоят партия комитетининг мафкура ишлари бўйича котиби этиб тайинланади. У 1963-1966 йилларда Москвада ижтимоий фанлар академияси аспиранти, ўз муддатида диссертациясини ҳимоя қилган ёш олим эндигина қайта ташкил этилган Термиз давлат педагогика институти (ҳозирги ТерДУ) ректори, 1967-1973 йиллар энг масъулиятли вазифа ЎзКП МК маъмурий органлар фаолиятини назорат қилиш бўлими мудири, 1973-74 йиллар Самарқанд вилоят партия комитетининг биринчи котибидек ўта масъулиятли лавозимларда ишлайди.

У қайси лавозимда ишламасин юксак жасорат, ташаббус билан доимо халқ орасида бўлиб, авлодлар хотирасида ўчмас из қолдира олди. У ҳали ҳаётлик давридаёқ афсонавий қаҳрамонга айланди. У тўғрида қанчадан қанча афсоналар тўқилмади дейсиз!…

Вилоят ёшлар ташкилотини бошқарган йиллари кўплаб долзарб иқтисодий-ижтимоий муаммоларни ҳал қилинишига тўғри келди. Собиқ иттифоқ ҳукумати қарорига биноан (Қозоғистон, Мирзачўл каби) Сурхон-Шеробод чўлларини ўзлаштириш, ихота дарахтларини ўтқазиш, каналлар қазиш, йўллар қуриш, гарчанд давлат бюджетидан етарли маблағ ажратилмаган бўлишига қарамасдан, ёшлар ташаббуси билан дастлабки стадионлар, спорт иншоотлари, истироҳат боғлари, клублар, маданият уйлари барпо этилишига алоҳида аҳамият берилди. Сурхондарё вилоят мусиқа драма театри қайта тикланди.

Вилоятда ягона педагогик кадр тайёрлайдиган муассаса Термиз билим юрти бўлган, холос. Таниқли журналист ва драматург Исомиддин Отақулов шундай хотирлайди: “Вилоятга олий маълумот билан келган ҳар бир мутахассисни шахсан В. Қодировнинг ўзи қабул қилар, суҳбат ўтказар, рўйхатга олар, унга нисбатан етарли шароит яратишга эътибор бериларди”.

1954 йилга қадар вилоятда бирорта ҳам олий ўқув юрти бўлмаган. “Уни талаб қилишга ҳеч ким журъат этишмас эди, — деб хотирлайди, ўша пайтда Термиз шаҳар ижроия қўмитаси раиси бўлиб ишлаган Турсунхол Самиева. — Қарабсизки, вилоят партия қўмитаси пленумида В. Қодиров сўзга чиқиб, Фарғона ва Андижонда бир нечта олий ўқув юрти бўлса-ю, уларни ҳар иккаласини бирга қўшганда ҳам катта территорияга эга бўлган Сурхондарёда наҳотки бирорта ҳам олий ўқув юрти бўлмаса,— деб таклифни киритди. Бу ўша давр учун қаҳрамонлик эди. Масала юқорида кўриб чиқилди. Натижада 1954 йили Марғилондаги ўқитувчилар тайёрлаш институти Термиз шаҳрига кўчириб келинди. Ҳатто инвентаригача олиб келдик. Ташкилотчиликни шахсан В. Қодиров ўз зиммасига олди”.

Вилоят тарихида олий таълимга асос солинди. 1956 йили Термиз ўқитувчилар тайёрлаш институти Термиз давлат педагогика институти деган мақомга эга бўлади. 1960 йил 25 январдан бошлаб сунъий тарзда Қашқадарё вилояти тугатилиб Сурхондарё вилоятига қўшиб юборилди. Вилоят маркази Термиз шаҳри бўлсада, Термиз давлат педагогика институти Қаршига кўчирилиб, Қарши давлат педагогика институтига қўшилди.

1964 йил 7 февралида Қашқадарё вилояти яна қайта тикланди. Натижада 1965 йилда Термиз давлат педагогика институти қайта ташкил этилди. Аммо уни юқори малакали илмий кадрлар билан таъминлаш масаласи жуда оғир, долзарб эди. Ана шундай мураккаб бир даврда 1966-1967 ўқув йилида ТерДПИга ишлашга даъват этгани кекса авлод хотирасида муҳрланиб қолган. У республиканинг барча шаҳарларида юриб Сурхондарёдан чиққан олимларни топиб, ТерДПИга ишлашга чорлади. В. Қодировга хос хусусият шунда эдики, у ҳеч қачон қийинчиликлардан чўчимас эди.Шу боис? таълим сифатига алоҳида эътибор берар, Тошкент, Душанбе, Самарқанд, Бухоро, Қарши олий ўқув юртларидан етакчи олимларни жалб этган эди.

У шиорбозлик, қарсакбозликни ёқтирмасди. Тоталитар тузум шароитидаги хотин-қизлардан механизатор кадрлар тайёрлаш даъватига ёзувчилардан Абдулла Қаҳҳор, раҳбарлардан эса фақатгина В. Қодиров қарши чиққанди. У хотин-қизлар аввало онадир. Соғлом онадан соғлом фарзанд дунёга келади. Буни унитишга ҳақимиз йўқ, дер эди.

Самарқанд вилоятида биринчи раҳбар бўлганда юқорининг тазйиқларига қарамасдан, ўқувчилар ва талабаларни пахта йиғим-теримидан озод этилишини амалда қўллади.

Маълумки, В. Қодировнинг ўлимидан бир кун олдин, 1974 йилнинг 3 октябрь куни Тошкентда кенгайтирилган республика партия йиғилиши бўлган эди. Йиғилишда Самарқанд вилоятида мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари теримга сафарбар этилмаганлиги қайд этилган. В.Қодиров эса хотиржамлик билан “Пахтадан хавотирланманг, ҳаммаси режа асосида бўлади. Аммо мактаб ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабари сафарбар этилмайди”, деган қатъий жавобни беради.

Ўша пайтда Сурхондарё вилоят халқ таълими бўлими мудири бўлиб ишлаган Сафар Соҳибов хотирлайди: “Йиғилишдан олдин Владимир Николаевич билан учрашиб қолдик. У киши менга “йиғилишдан кейин сурхондарёлик вакиллар билан учрашсак. Ниҳоятда соғиниб қолдим” деди. У кишининг топшириғини бажо келтирдик. Ҳар бир танишни сўради. Суҳбат давомида мен “тақсир, ўқувчи ва талабаларни пахтага чиқармаслик ташаббусингизни бошқа жойда ҳам қўллаш иложи йўқми?” деган саволни бердим. У киши кулди, танбеҳни кўрдингизку, лекин келажакда бу, албатта, бўлади” деди. Бизлар қучоқлашиб хайрлашдик.

Афсуски, эртаси 4 октябрда Сурхондарё вилояти делегацияси таркибида яна Тошкентга, буюк инсон билан видолашишга боришимга тўғри келди”.

Ўша даврда Самарқанд вилоят партия комитети тарғибот-ташвиқот бўлими мудири вазифасида ишлаган Н.Кушаев хотирлайди: “1974 йилнинг 3 октябрдан 4 октябрига ўтар кечаси ярим тунда Владимир Николаевич қўнғироқ қилди: “Мен Марказком бюроси мажлисидан чиқиб, теннисчиларни кўрдим. Тошкентда уларнинг мусобақаси ўтмоқда. Самарқанд га таклиф этдим. Теннис мактаби, корт очамиз. Маслаҳат беришади. Эртага кутиб оласизлар…” деди.

Унинг қалби кенглигига лол қолдим. Машина терими бошланмагани, ўқувчи ва талабалар сафарбарлиги эълон қилинмаганлиги учун Марказқумда муҳокама этишса-ю, у эса кўксини ғижимлаганича теннисчиларни қидирса… Ҳақиқатдан ҳам эртаси теннисчилар келишди. Афсуски… мотамда…”

Бу каби хотиралардан кўриниб турибдики, В. Қодиров ҳаётининг энг сўнгги дақиқасига қадар инсонлар бахти, Ватан тақдири, унинг порлоқ келажаги учун курашган, керак бўлса шу йўлда жонини фидо қилган шахс эди.

Шомат САМАТОВ,

фалсафа фанлари доктори, профессор

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Одам савдоси – халқаро муаммо

Бугунги кунда одам савдосига қарши кураш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan