Аср муаммоси

0
103

Статистик маълумотларга кўра, яқингача  дунёда тайёрланадиган гиёҳванд моддаларнинг катта қисми Афғонистон ҳиссасига тўғри келарди. Оғуфурушлар уни олиб ўтишда мамлакатимиздан, хусусан, вилоятимиз ҳудудидан транзит йўлаги сифатида фойдаланишга уринишарди.

Инсон наслига, саломатлигига ҳалокатли таъсир этувчи гиёҳванд моддаларни олиб ўтиш ҳамон нафс бандаларини тўғри йўлдан оздираётгани кишини ташвишга солади.

Давлат божхона қўмитаси вилоят бош- қармасида 26 июнь — Халқаро гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний тарқалиши ва уни ташишга қарши кураш куни олдидан “Божхона органлари томонидан контрабанда ва божхона қонунбузарликларига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманни бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Мансуржон Набиев очди. Сўнгра бошқарманинг контрабанда ва божхона қонунбузарликларига қарши курашиш бўлими бошлиғи Бекзод Зокиров соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Хусусан, жорий йилнинг шу даврига қадар 30 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқлангани, улар орасида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига бўлган уринишлар сони афсуски, кўпроқ эканини қайд этди.

Вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида ўтган  5 ойда 49,59 грамм гиёҳвандлик воситаси, 201 туп наша ўсимлиги аниқланди. Бунда божхона чегара постларида ўрнатилган замонавий асбоб-ускуналар, тажрибали мутахассислар ва кинология хизматининг алоҳида ўрни бор.

Тадбирда давлат чегара постларида хизмат итлари ёрдамида автотранспорт воситасида яширилган шартли равишдаги гиёҳвандлик воситасини топиш усуллари намойиш қилинди. Тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга  жавоб олишди.  Шунингдек,  анжуманда журналистлар томонидан ҳамкорликни кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга қаратилган истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Баҳром НОРМУРОДОВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг