Бош саҳифа / Жамият / Асоссиз шикоятлар ва ёлғонлар сўроғи…

Асоссиз шикоятлар ва ёлғонлар сўроғи…

Юртимизда Халқ қабулхоналарининг ташкил этилиши аҳоли муаммоларининг бартараф этилишига хизмат қилаяпти. Фуқаролар давлатдан миннатдор. Аммо, эзгу ишлар ва ҳаётий  дастурларнинг амалда ўз исботини топаётганини, яратилаётган имкониятларни айримлар тўғри тушунаяптими?

Келинг, далилларга мурожаат қилайлик.

Шаҳрисабзлик бир фуқаро  208 марта Халқ қабулхонаси ва виртуал қабулхонага мурожаат йўллаган. Ҳеч нарсага муҳтожлиги йўқлигига қарамай, бўлар-бўлмасга аризабозликни одат қилган бу инсон қабулхонадагиларнинг ишлаш-ишламаслигини синашни мақсад қилдими, ёки шикоятни касб қилиб олганми? …Кутилмаганда,  арзонлаштирилган уйлардан олишни кўнгли тусаб қолади. Мурожаат қондирилади. Айтгани-айтган, дегани-деган  “қаҳрамон” бу гал уйнинг бошланғич тўловини ҳам тўлай олмаслигини пеш қилганида, дастлабки тўловнинг тенг ярмидан кўпроғи ҳисоб рақамига ўтказиб берилса-да, ҳамон ёзишда давом этиб, идоралар масъулларини сарсон қилишда давом этаётганига нима дейсиз?

Яна бир фуқаро И. Қ ўз мурожаатида аҳволи оғирлигини, соғлиги ёмонлигини айтиб, ҳар ойда 300 минг сўмдан ёрдам пули сўрайди. Тегишли идора вакиллари бориб не кўз билан кўришсинки, эндигина ўттиздан ошган мурожаатчининг тўрт мучаси соғ, шунчаки, ётиб ейишни мақсад қилган текинтомоқ бўлиб чиқади.

Бундан ташқари, мансабдор шахслар устидан асоссиз шикоят қилиб, эвазига пул талаб қилувчиларнинг кирди-кори жиноят эмасми? Булар давлатга, халқи, миллатига хиёнат эмасми?

Оддийгина, суюлтирилган газбалони машмашаси билан ўз онасини юра олмайдиган ногиронга чиқарган қизнинг мурожаати сабаб, вилоят ҳокимининг шахсан ўзи масъуллар билан бирга аризачи хонадонига ташриф буюрганида она уларни югуриб келиб қарши олганида, қизнинг ёлғонлари фош бўлади. Наҳотки, инсон ўз манфаати йўлида ўз онасини юрмайдига чиқариш, бошқаларни алдаши мумкин бўлса?

Яқиндагина ижтимоий сайтлар орқали самар- қандлик ногирон аёл ҳақидаги лавҳа барчанинг қалбини ларзага келтирди. Тақдир тақозоси билан икки оёғидан ажралиб ногиронлик аравачасига михланиб қолганига қарамай, нар- вонга чирмашганича токка чиқиб, узум узаётгани, хамир ёйиб, тикувчилик билан шуғулланаётгани  энг муҳими юрагидаги шижоатни кўриб қойил қоласан, киши. Шароити оғирлиги, имконияти чекланган эканини пеш қилмаган бу аёл жавлон уриб меҳнат қилаяпти. Пахта теримида далага чиқиб ёрдам беролмаса-да, пахтакорларга этаклар тикиб мана шундай шарафли ишга кўп қатори ҳиссақўшаётганидан мамнун.

Шу ўринда деновлик воҳадошимизнинг мурожаати ҳам эътиборимизни тортди. Биринчи гуруҳ ногирони бўлишига қарамай рўзғор тебратиш учун устачилик билан шуғулланаётган фуқаро ўзига компьютер жамланмаси зарурлигини айтади. Масъуллар томонидан мурожаат қондирилди. Йигирмадан ошган бу йигит компьютер жамланмасини кўриб, қувониб кетди. Ишлаб пул топиб, албатта пулини бераман, дея қайта-қайта такрорлаётган бу йигитнинг кўзларидаги ўт сўзларидаги самимийлик кишини қувонтиради.

Кимгадир яхшилик қилиш қўлимиздан келмас экан, нега энди ёмонлик қилишимиз, шум нафс йўлида шунчалик паст кетишимиз керак? Қилинаётган ёлғон мурожаатлар давлатга, миллатга нисбатан беписандлик эмасми? Ишончни суиистеъмол қилиш ортиқча кўнгилсизлик ва даҳмазаларга сабаб бўлаётгани кимга фойдаю, кимга зарар? Бу билан аслида ким қанақа эканлигимизни  тан олаётганингизни биласизми?

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan