Бош саҳифа / Сиёсат / Асосий мақсад – фуқароларнинг розилиги

Асосий мақсад – фуқароларнинг розилиги

1.Сайлов округингизда ҳудудий дастурлар асосида олиб борилаётган ишлардан хабардормисиз?
2.Яқинда уюштирган депутатлик сўровингиз ва унга қандай жавоб олдингиз?
3.Сайлов округингизда охирги марта қачон ва қайси маҳалла фуқаролари билан учрашдингиз? Уларнинг талаб ва таклифлари, муаммолари нималардан иборат?

1.Айни пайтда “Янги рўзғор” маҳалласида 5821 нафар аҳоли истиқомат қилади. Сайловчиларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, ўйлайманки, нафақат депутатнинг, балки Ватанини қадрлайдиган ҳар бир инсоннинг фуқаролик бурчи бўлмоғи лозим. Шу нуқтаи назардан, жамиятда фаоллик кўрсатиш, одамларни оғирини енгил қилиш, депутат сифатида сайловчиларнинг ишончини оқлаш мақсадида имконият даражасида ишлаяпмиз.

2016 йилда маҳалла ҳудудида бир километр йўл асфальтланди. 2017 йилнинг иккинчи чорагида эса қишлоқ йўлига шағал тош ётқизилди. Шунингдек, келгуси йилда бу хайрли ишларни давом эттириб, маҳалла ҳудудида ҳам йўлни асфальтлаш ҳамда Турсунали Ҳасанов кўчасида истиқомат қилувчи аҳолининг ичимлик сувига бўлган талабини тўлиқ қондириш мақсадида Давлат дастурига киритиш режалаштирилган.

Маҳалла ҳудудида 14 та тадбиркорлик субъектлари бор. Улар турли хил йўналишларда фаолият кўрсатиб, нафақат маҳалла, балки туман аҳолисининг талаб ва таклифлари асосида халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришмоқда. Аъзам Норбоевга тадбиркорлик қилиши учун ер майдони ажратишда амалий ёрдам кўрсатган эдик. Мана, бугунги кунда тадбиркор бир йўла 3 йўналишда фаолият юритиб, корхонасининг иқтисодий ҳолатини анча ўнглаб олган. Шу жумладан, Исмоил Қурбонов, Дониёр Шодмонов, Аширгул Тошниёзова, Муқаддас Жумаева, Насиба Зиёеваларга ҳам турли масалаларда ёрдам кўрсатдик.

2.Аҳолининг талаб ва таклифларини инобатга олган ҳолда, яқинда автомобиль йўлларидан фойдаланиш унитар корхонаси туман бўлими бошлиғи Алижон Худойқуловга депутатлик сўрови билан мурожаат қилган эдим. Сўровимга қониқарли жавоб олдим. Жавоб хатида маҳалла кўчаларига Давлат дастури асосида асфалть ётқизилиши режалаштирилаётганлиги айтилди. Шуни комил ишонч билан айтиш мумкин, бугунги кунда туман миқёсида олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва бундан кутилаётган натижалар истиқболли, дейишга тўла асос бор.

3.Бундай учрашувларни кўплаб келтиришим мумкин. Негаки, иш фаолиятимиз шундан иборат. Мунтазам аҳоли билан учрашиб турамиз. Жумладан, “Янги рўзғор” маҳалласида тўй ва маъракаларни ихчамлаштириш борасида кўплаб тадбир ва учрашувлар уюштирилди. Яқинда “Файзова” маҳалласида “Намунали қайнона” кўрик-танловини ўтказдик. Шунингдек, “Янги рўзғор”, “Оқ остона”, “Обизаранг” маҳаллаларида “Ёшлар — келажагимиз”, “Соғлом оила — соғлом жамият” мавзуларидаги тадбирлар ҳамда хотин-қизларни ишга жойлаштириш масаласи бўйича учрашувлар ўтказдик. Депутат сифатида сайловчиларнинг таклиф ва мулоҳазаларини тинглаш, муаммоларини ўрганиш учун масъулмиз. Энг муҳими, аҳоли бизнинг фаолиятимиздан мамнун бўлсин. Ана шундагина кўзланган мақсадимизга эришган бўламиз.

Мастурахон Маъмуржонова,
Республика “Оила” илмий-амалий марказининг Узун туман бўлими раҳбари,
Халқ депутатлари Узун туман Кенгаши депутати, 6-Янги рўзғор сайлов округи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Дўстлик ва ҳамкорликнинг янги қирралари

Ўзбеклар ва тожиклар азал-азалдан бир дарёнинг сувини ичиб, оға-инидек ёнма-ён яшаб, қуда-андалик ипларини боғлаганлар. Қадимдан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan