Бош саҳифа / Таълим / Асло умидсиз бўлманг!

Асло умидсиз бўлманг!

Оловиддин Жўрабоев айрим сабабларга кўра, эшитиш қобилиятини йўқотган. Бу ҳолат нутқида ҳам сезилар эди. Унинг нутқидаги нуқсонларнинг тузалишига кўпчилик ишонмас, шу сабабли Оловиддиннинг ўқиши ҳам ортга сурилаверганди.

Шеробод туманидаги 33-мактабнинг 3-синфида якка тартибда таълим олаётган Оловиддинга мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Феруза Пардаеванинг машғулотлари ёрдам берди.

— Оловиддин бугун она тилида нарсаларнинг номи, ранги ва саноғини тушунарли тарзда айтиб бера олади, — дейди муаллима Феруза Пардаева. — Математикага оид мисоллар ечимини топа олади. Ҳатто, мусиқа оҳангини эшита олмаса-да рақс ҳаракатларини ҳам бажаради. Унинг бу интилишлари менда ҳам ўз ишимга, касбимга бўлган иштиёқимни янада оширди.

Фарзандининг тилга кириб, бийрон сўзлашидан кўнгил узган ота-она қалбида яна умид чироқларини ёққан муаллимадан қишлоқ аҳли, айниқса, Оловиддиннинг яқинлари чексиз миннатдор. Айримлар бу ишдан фойда чиқмаслигини, бекорга вақт ва меҳнат сарф бўлишини башорат қилган паллаларда Феруза Пардаева шу ишга иккиланмасдан қатъий бел боғлади. Мана, энди астойдил қилинган меҳнатларнинг қувончли самараси кўзга ташланмоқда.

Дарҳақиқат, Феруза Пардаева қишлоқ мактабида 30 йилдан буён бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ бериб келади. Ярим асрлик умр йўлини босиб ўтган муаллима давлатимизнинг педагогларга яратилган имконияти туфайли бу йил Термиз давлат университетининг бошланғич таълим йўналиши бўйича махсус сиртқи бўлим талабалигига қабул қилинди. Бундан бениҳоя шод. Негаки, олий маълумотли бўлиш узоқ йиллик орзуларидан бири эди. Педагоглик фаолиятида “Йил ўқитувчиси”, “Ижодкор ўқитувчи” кўрик-танловларида фаол иштирок этиб, мактаб жамоасининг ҳам ҳурматига сазовор бўлди. Ўқувчилари “Қишлоғим — қалб ардоғим” республика танловида биринчи ўринни эгаллаб, устоз меҳнатини рўёбга чиқарди. Феруза Пардаева турмуш ўртоғи Илёс Бобоев билан тўрт фарзандни вояга етказишди. Улар фарзандларининг ҳам эл хизматига доимо камарбаста бўлишини ният қилиб яшашмоқда.

Баҳром НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Устамани устаси олсин

Газетамизнинг сўнгги сонларини ўқиб бораётган муштарийлар сезганки, таълим масканларидан муаллифлар фаол. Таътил бошланиб, фаолиятида танаффус …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan