Бош саҳифа / Маданият / Аслиятдан адашмайлик

Аслиятдан адашмайлик

Одамзод фоний дунё экинзорига аслият билан келади. Аслият эса покиза, латиф, ҳақни танишлик ва унга итоатли бўлиш йўлидир.

Маънавий ҳалокатнинг асосий сабабларидан бири қалбни моддиятга боғлаб, “Бу тўймагур қориннинг дарди”га мубтало бўлганлар “.орни тўқ, пулқувар дунё”нинг маъно-мазмунини фаҳмлашмайди.

Бу шармандали тириклик мезонидан тийилишликни ўз танларида ҳазм қилолмайдилар. Ақл отли бошқарув тизими кўнгил дийдиёлари ва хархашаларини тизгинлаб бормаса, ислоҳотлар бесамар кетади.

Ислом дину дунёни, ҳаётни ва охиратни бир-биридан ажратмайди. Нокерак, ақл етмас ишларда катта кетишни қатъиян ман қилган. Мутлоқ осонликка бино қилинган Ислом дини ожиз инсонга енгиллик хоҳлайди.

Ислом дини ҳақида фикр юритаётганимиз боис, биз ўзимиз гувоҳ бўлган баъзи бир воқеаларнинг баёнини келтирмоқчимизки, ўз илму урфонида собитқадамликни маҳкам ушлаганлар кўнгилларига хижиллик ҳиссини туймасинлар. Сабаби, айтадиганларимиз ўзларини Ислом дини бобида анчайин “пешқадам” деб билиб, аслида саводи, нуқтаи-назари хом бўлган баъзи бир дин уламоларидир. Биз юқорида айтганимиз ожиз одамлар ўқиб тушунмаганимиз учун эмас, изланишдан бош тортганимиз учун, гоҳида эса улар биздан кўра “китоб кўрган” дея, дин уламоларига савол билан мурожаат қиламиз. Аксар ҳолларда тўғри жавоб ҳам ололмаймиз.

Катта бир амалдорнинг 90 ёшларга яқинлашган отаси вафот этди. Уйи ёнидаги кўча машина ва жанозага келганлар билан тўлдики, йўлдан ўтувчи машиналарга ҳам хавфсизлик чоралари кўрилди. Тумонат одам йиғилсада, улардан бир қисмигина жаноза номози ўқиладиган жойга ўтди, холос. Агар адашмасак, қолганлари “Каттакон” раҳбарнинг оддийгина “йўқламаси”дан ўтиш учун дафн маросимига келганлиги сезилиб турарди.

Жаноза ўқишга чоғланган мулла ҳам у амалдорга қанчалик ихлоси ва ҳурмати юксак эканлигини келиб-келиб унинг отасининг жанозасида, тағинам жамоа олдига чиқиб баландпарвоз ҳамду санолар билан баён қилгани барчанинг кўнглига ранж олиб кирди. Жаноза номози тез, айтайлик, 2-3 дақиқада ўқилиши керак. Ваъзхон дин вакили эса узоқ вақт майит қолиб, унинг мансабдор ўғли олиб борган ишлари таърифига таҳсинлар ўқиди. Тик туриб жаноза номозига қатнашаётганлар орасида кексалар, беморлар аҳволидан фикрат ҳам қилмади. Яхшиямки, муддат ўтиб, одамлар безовталана бошлагач, ваъзхон “қовун туширганини” сезгандек бўлди шекилли, маърузасига якун ясаб, қисқа намозни адо этди.

Дафн маросимларида доимий давом этиб келаётган яна бир ножоиз маъракалар борки, бу-марҳумга бағишлаб пайшанбалик, етти, қирқ каби тадбирларнинг ўтказиб келинаётганлигидир. Қилаётган амалларимизда шариат аҳкомларини бош мезон қилиб олсаккина, у суннатга мос бўлади, ажру савоблар ҳосил бўлади. Бундай ҳолатни бир таҳлил қилиб кўрайлик: бошига ўлим мусибати тушган хонадон эгаларига бу кунларни ўтказиш осон кечмайди. Хўш, бундай онларда хонадон эгалари, унинг яқинлари ўзларини қандай тутмоқлари керак? Бу борада дунё ва охират яхшиликларига етишмоқ учун Пайғамбаримиздан мукаммал ва аниқ жавоблар бор.

Бундай кезларда бадавлат одам ўзини кўз-кўз қилиб, дастурхонни егуликларга тўлдириб ташлайди. Қўли калта, йўқчил киши эса бошидаги мусибати камлик қилганидек, “Ҳа, энди ҳамма ҳам шу ишларни қиляпти-ку”, дея тишини тишига қўйиб, қарзга ботса-да, маросимларни ўтказишдан тийилмайди.

Бу ёруғ дунёда охиратга ботиний тайёрланишни бир четга суриб қўйиб, қабристондаги ҳамманинг кўзи тушадиган “марказий майдон”дан алоҳида жой ҳозирлаб, қимматбаҳо нефрит ёки қимматбаҳо қора мармардан қабр тош буюртириб, зоҳирий тайёргарликка зўр бериб, ўзгаларни кимўзар мусобақасига чорлаётганлар ҳам борки, улар бу билан яратганнинг амалларига зид иш қилишдан асло ортга чекинишмаяпти.

Аслида бу маросимларни ташкил қилиш динимизга ёт нарса. Кимлардир, қачонлардир бу одатларни жорий қилганки, улар энди урф бўлиб, ҳаётимиз тарзига, руҳиятимиз бўшлиқларига мустаҳкам ўрнашиб олган. Ундан воз кечиш эса шунчалар оғир кечадики, бу борада дин уламоларимиз, маҳалла оқсоқоллари дафн маросимида хонадон бошлиқларига жўяли сўзлар айтиб, уларга бу маросимларни ўтказмаслик лозимлигини уқтириб боришлари керак.

Мўмин-мўминга кўзгудир. Кўзгуга боққанда инсонлар ўз нуқсонларини кўради, мушоҳада қилади. Юқоридаги фикрлардан ким қандай хулоса чиқаришида холисмиз. Юрт юкидан бошимизни эгмаган, қавму қариндошларга меҳри юксак, мағрур халқмиз. Аммо бир-биримизга биродармиз. Етимларни, шароити оғирроқ, кам таъминланган оилаларнинг ғамини ейдиган, бошини силайдиган, бошига мусибат тушганда қўллаб-қувватлайдиган латиф қалб эгасимиз. Шу боис ҳам аслиятдан адашмайлик.

Абдузоир ЧОРИЕВ,
Шеробод туман “Нуроний”
жамғармаси раиси
Парда МУҲАММАДИЕВ,
“Шеробод” газетаси ходими

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мард ўғлонлар хотираси қалбимизда

Жанубий оператив қўмондонлик ҳарбий хизматчилари қўмондонлик бошлиғи, полковник Қодиржон Турсунов бошчилигида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan