Бош саҳифа / Жамият / Аскарларнинг билими синовдан ўтказилмоқда

Аскарларнинг билими синовдан ўтказилмоқда

Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётганлар учун “ҳаш-паш” дегунча бир йилга яқин вақт ҳам ўтиб, уларнинг билимлиларини саралайдиган фурсат ҳам келди.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўташ давомида жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича юксак натижаларга эришган, зарур билим-савияга эга, намунали ҳарбий интизомини намоён этган, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларида иштирок этиб, юқори балл тўплаган энг муносиб йигитларга ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан олий таълим муассасаларига ўқишга киришда қўшимча имтиёз тақдим этадиган тавсияномалар берилади.

Шу кунларда Мудофаа вазирлиги қўшинларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ўғлонлар олий таълим муассасаларига ўқишга киришда қўшимча балл берадиган имтиёзли тавсияномани қўлга киритиш учун тест топшириш жараёнлари бошланди.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи тасарруфидаги Хайрабод гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда бўлиб ўтган тест синовида ҳарбий қисмда ўз бурчини ўтаётган Ватан ҳимоясидаги йигитларнинг эгаллаган билим ва кўникмалари имтиҳон қилинди. Улар жанговар ҳамда маънавий-маърифий тайёргарлик, математика, физика ва мантиқдан тест топширишди. Тест жараёнлари Давлат тест маркази вилоят бўлими ходимлари томонидан йўриқнома асосида ўтказилмоқда. Назоратчилар гувоҳлигида тест топшириқлари китоблари муҳри очилиб, тарқатилиб, тест синовларини бажариш учун 3 соат вақт ажратилди.

– Аскарларнинг билими 100 та савол асосида баҳоланмоқда. Имтиҳон жараёнида шаффофликни таъминлаш мақсадида кузатув камералари ҳам ўрнатилди. Тест жараёнидан кимдир норози бўлса, жавоби эълон қилингандан кейин икки кун ичида мурожаат қилиши керак. Агар ўзларидан хатолик ўтиб, белгиланган тартиб-қоидаларни бузса, тестдан четлаштирилади, – дейди Давлат тест маркази вилоят бўлими раҳбари Ёқубжон Каримов.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга ҳарбий қисмлар қўмондонлиги томонидан олий таълим муассасаларига кириш учун берилган тавсияномалар, улар берилган санадан бошлаб уч йил мобайнида амал қилади. Тегишли тавсияномаларга эга бўлган фуқаролар республиканинг олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўладилар.

Тест синовлари барча ҳудудларда ўтказилмоқда.

 Акбар Аҳмедов

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Яхшилар кўмаги Бехзодни ҳаётга ишончини қайтарди

Бир куни Бехзод мактабда тўсатдан бошланган оғриқдан кўксини чангаллаганча йиқилди. Синфдош дўстларию ўқитувчилари бир амаллаб …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan