Бош саҳифа / Жамият / Арзонлаштирилган дегани садақа сўрашми?

Арзонлаштирилган дегани садақа сўрашми?

Халқимизда “Табиб-табиб эмас, дардни бошидан кечирган табибдир”, деган нақл бор. Ана шундай, “табиб”лардан бири бизмиз. Уй-жойимиз бузилишга тушди. Олтита мустақил оила алоҳида-алоҳида яшаши учун етарли уй-жойимиз бор эди. Беш йилдирки, тинчлигимиз бузилган.

Замонавий шароитга мос келадиган уй-жойга эга эмасмиз. Ҳозирча бузилган уйнинг бир томонида яшаб турибмиз. Чунки янги уйга кўчиб ўтишнинг иложи йўқ…

Табиий газ, томорқани сувлашни қўйинг, ҳатто, ичимлик сувга ҳамзормиз. Турмуш ўртоғим бундай оғир шароитга бардош бера олмади. У тўшакка михланиб, биринчи гуруҳ ногирони бўлиб қолди. Ўзгалар парваришига муҳтож. Ҳеч бўлмаганда оддий талабга жавоб берадиган яшаш шароитини яратишимиз керак.

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан бошланган аҳолининг эҳтиёжманд қатлами учун арзонлаштирилган, қулай уй-жойлар қурилиши тўғрисидаги ҳаракат бу борада оламшумул тарихий ҳодиса бўлди.

Мамлакат Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги 26-сонли қарори асосида дастлабки тўловни тўладик. Уй 2018 йили қурилиши керак эди.

Буюртмачи “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК вилоят филиали ўзининг 2018 йил 25 апрелда тасдиқлаган 133-сон Намунавий дастлабки шартнома 1-илова; 2018 йил 22 июнда тасдиқланган 133-сон Намунавий асосий шартнома 2-иловаси билан якуний шартнома тасдиқланди. 2018 йил манзилли дастур асосида Термиз шаҳри “Амударё спорт соғломлаштириш маркази” массивида менга тегишли 8-уй, 7-хонадон,  3 хонали 52,1 кв.метр уй-жойнинг қурилиш-монтаж ишлари “Муқаддас макон” хусусий фирмаси томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Намунавий шартномага биноан томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб олинган.

Мазкур шартномага биноан якка тартибдаги қурувчининг (яъни менинг) ҳуқуқларим:

1.      Қурилишнинг боришини кузатиб бориш, таклифлар киритиш ва буюртмачи (инвест) ва пудратчи (қурувчи)га эътирозлар билдириш.

2.      Қурилиши тугалланган объектни фойдаланишга қабул қилиш бўйича қабул қилиш комиссияси ишида иштирок этиш.

3.      Мазкур шартнома ва пудрат шартномасига мувофиқ қабул қилиб олишда иштирок этиш ҳамда оралиқ ва якуний топшириш-қабул қилиш далолатномаларини имзолаш орқали объект бўйича ишларнинг бажарилишини текшириш ва назорат қилиш жараёнида буюртмачи (инвест) билан иштирок этиш.

4.      Якка тартибдаги қурувчи (яъни мен) ишларнинг бажарилиши устидан текширув ва назоратни амалга ошираётганда қурилиш пудрати шартномаси шароитларидан ишлар сифатини ёмонлаштириши мумкин бўлган даражада чекинишни ёки бошқа камчиликларни аниқласа, бу тўғрида дарҳол Буюртмачи (инвест)га хабар бериши шарт, буюртмачи эса бу ҳақда пудратчини дарҳол хабардор қилади, деб белгиланди.

Мен шартноманинг ушбу талабларини бажарилишини сўраб “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Сурхондарё вилоят филиали директори Қ.Қурбаниязовга қайта-қайта мурожаат қилганман.

Афсуски, Қ.Қурбаниязов юқорида баён этилган шартнома бандларига умуман риоя қилмади. Шартнома талабига биноан менинг ҳуқуқларимдан бирортаси ҳам бажарилмади. Комиссия тузилмади.

Назорат умуман бўлмади. Якка тартибдаги қурувчининг (яъни менинг) ҳуқуқларим, конституцион шаъним, қадр-қимматим қўпол равишда бузилди. Менинг мурожаатларимга асосли жавоб берилмади. Берилган ёзма жавоблар эса мутлақо асоссиз, уйдирма, сохтакорликдан иборат. Уларда на мантиқ бор, на мазмун, на эга бор, на кесим. Мен нимани талаб қилганман-у, жаноб Қ.Қурбаниязов нимани баён этган. Буни ёрқин ифодасини менинг 05.07.2019 йилги мурожаатимга нисбатан жаноб Қ.Қурбаниязовнинг имзоси билан 09.07.2019 йил берилган жавобидан билса бўлади. Эҳтимол, нима демоқчи бўлганини ўзи ҳам билмаса керак.

Аммо, бу жавоб хатидан шуни яққол билса бўладики, буюртмачи (инвест) ва пудратчи (қурувчи) қурилаётган уйлар  сифатига  эътибор бермаяпти. Бу ҳол кўпгина қурилиш ташкилотларига теккан касалликдир.Ачинарлиси шундаки, соҳа раҳбарлари ва қурувчиларнинг аксарияти замонавий касбий билимга, маҳорат ва малакага эга эмас, бажараётган ишларининг ижтимоий моҳиятини тушунмаслик, қурилиш ишларини фақатгина, шунчаки тирикчилик учун, кун кечириш, “пул ишлаш” учун бажармоқда.

Бажараётган ишларини эса “мендан кетгунча, эгасига етгунча” қабилида тушунмоқдалар. Биз буюртмачи (инвест) ва пудратчи (қурувчи) раҳбарлар билан суҳбатлашсак, улар: “а, энди ака, пулига яраша-да, қолганини ўзингиз ўзгартириб олаверасиз”, деб муомала қилишини қандай тушуниш мумкин?

Ваҳоланки, гап арзон ёки қимматда эмас. Кичкина маблағ билан гўзал, шинам, бежирим бино қуриш мумкин. Бунинг учун, аввало,  шу соҳанинг мутахассиси бўлиш керак. Ҳозирги замон архитектураси, техника ва ишлаб чиқариш эстетикаси, дизайн, техноген цивилизация, маиший турмуш эстетикасидан хабардор бўлиши керак.  “Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин” деган нақл бежиз айтилмаган.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан бошланган  “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Обод ҳудуд”, “Соғлом турмуш тарзи” ҳаракатининг туб моҳиятини англаб етмоқ керак.

Хуллас, “Қишлоқ қурилиш инвест”дан ҳеч қандай назорат ва нажот бўлмагач, шартнома шартларини бажармагач, қийналганлигим сабабли, мен уйнинг калитини пудратчи (М.Каримов) нинг шахсий тилхати асосида қабул қилиб олишга мажбур бўлдим. Бу ибтидоий усул бўлиб, ҳозирги давр цивилизация талабларига тамомила зиддир.

Уй сифати ўрта асрчиликдан нарига ўтилмаган. Энг паст, арзон материаллардан фойдаланилган. Ҳар бир нарсани ўзгартириш учун қанча асаблар бузилмади, дейсиз. Оддийгина свет масаласига қаранг. Электр сими мўкки-пайтаванинг боғичини эслатади. Душ пол билан баравар. Сув очилиши билан ҳамма жойни вайрон қилса керак.

“Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК вилоят филиали раҳбарларига айтадиган гапимиз битта: муносабатингизни ўзгартиринг, жаноблар. Арзонлаштириш дегани садақа сўраш дегани эмас!

Шомат САМАТОВ,
фалсафа фанлари доктори, профессор

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE