Бош саҳифа / Жамият / Қарздорлик олиб ташланди

Қарздорлик олиб ташланди

«Сурхон тонги» газетасининг 2018 йил 10 февраль 11-сонида чоп этилган “Отангга бор, онангга бор ёхуд Музработда марҳумлар ҳам сув ҳақи тўлайди…ми?” мақоласида номи қайд этилган «Маданият» маҳалласида ичимлик суви масаласи туман ҳокимлигининг ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилди.

Ушбу масала маҳалла оқсоқоллари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, «Нуроний» жамғармаси, «Маҳалла» жамоат фонди, «Музработ» газетаси муҳаррири иштирокида холисона муҳокама қилинди. Ўрганиш жараёнида қуйидагилар аниқланди:

2017 йил инвестиция дастурига асосан, Музработ туманидаги «Маданият», «Мустақиллик», «Оби ҳаёт», «Бодомзор» маҳаллалари аҳолисини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш белгиланиб, мазкур объект учун 2 миллиард 8 миллион 960 минг сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Бироқ юқоридаги маҳаллаларга ичимлик суви етказиб берувчи «Янгиобод» сув тарқатиш иншооти ва мавжуд сув қувурлари охирги ўн йил мобайнида яроқсиз аҳволга келиб қолганлиги сабабли дастурда ажратилиши белгиланган маблағ лойиҳа бўйича фақатгина сув иншоотини реконструкция қилиш ва «Оби ҳаёт» маҳалласи аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш учун 3,9 километр ичимлик суви тармоғи тортишга етганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, 2018 йил инвестиция дастури асосида тумандаги «Марказий» сув иншоотининг ишлаб чиқариш қувватини ошириш режалаштирилган. Бунинг натижасида туман аҳолисига марказлашган тоза ичимлик суви етказиб бериш янада яхшиланади.

Мажбурий ижро бюроси Музработ тумани сув, электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини назорат қилиш гуруҳи раҳбари О. Холиқназаров томонидан марҳум Майрам Саидова номига ҳам сув ҳақини тўлаш бўйича талабнома берган.         О. Холиқназаров ушбу талабномани  «Сувоқова» ДУК туман филиали маълумоти асосида берганлигини маълум қилди. Ўрганиш жараёнида марҳум Майрам Саидова номига юборилган сув ҳақини тўлаш бўйича талабнома бекор қилиниб, далолатнома расмийлаштирилди. Бу каби фарқлар ва тушунмовчиликларни аниқлаш, нореал қарздорликларни бартараф этиш ва мавжуд қарздорликни ундириш учун  МИБ туман бўлими, “Сувоқова” ДУК туман филиали ҳамда “Маҳалла” жамоат фонди туман бўлимига яна 37 та маҳаллада фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни қайта ўрганиш ва уларни инвентаризациядан ўтказиш вазифаси юкланди.

Ж.ХОЛМУРОДОВ,
Музработ тумани
ҳокими

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan