Қарздорлик камаймоқда

0
31

Хабарингиз бор, ўтган йилдан бошлаб коммунал хизматлар учун тўловларни амалга оширишда қатъий тартиб ўрнатиш, уни назорат қилиш вазифаси янги орган, яъни Мажбурий ижро бюроси зиммасига юклатилганди.

Шундан сўнг, коммунал тўловлар, айниқса, электр энергияси, табиий газ ҳамда ичимлик суви учун тўловларни амалга оширишда ижобий томонга ўзгариш сезилди. Буни Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар натижасида ҳам кўриш мумкин.

2017 йил 29 майда қабул қилинган “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иш юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Бюро ходимлари аҳолининг коммунал тўловлардаги нореал қарз дорликларни аниқлаш, мавжуд қарздорликни ундириш учун бел боғлаб, ишга киришишди.

Бу борада мутасадди ташкилот вакиллари жалб қилиниб, ишчи гуруҳлар тузилди ва ҳар бир хонадонга кирилган ҳолда истеъмолчиларга тўлов интизомига риоя қилиш борасида тушунтириш ишлари олиб борилди. Шунингдек, қарздорликлар бўйича тўловни амалга ошириш шартлиги ҳақида талабномалар берилди.

Бюро ўз фаолияти давомида электр энергиясидан бўлган дебитор қарздорликларни қисқартириш ва ундириб олишга жиддий эътибор бермоқда. Мисол учун, кўрилган чоралар натижасида қарздорлик вилоят бўйича электр энергиясидан 26 миллиард 455 миллион сўм, табиий газдан 21 миллиард 39 миллион сўм, ичимлик сувидан эса 754 миллион сўмга камайишига эришилди.

Вилоятда энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳамда жиноий ҳолатлар ҳам аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида Бюро томонидан 34 та жиноят иши қўзғатилиб, шундан 15 таси алимент тўлашдан бўйин товлаганлик, 10 таси фирибгарлик, 3 таси энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш,1 таси суд ҳужжатларини ижро этишдан бўйин товлаш, 1 таси банд солинган мулкни қонунга хилоф равишда тасарруф этиш ва бошқа турдаги жиноят ишларини ташкил этади.

Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижросини таъминлаш, айниқса, давлат даромадига ундирув, боқиманда солиқ қарздорликларини бартараф этиш борасида ҳам ижобий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, ижро ҳужжатлари бўйича асосий эътибор давлат фойдасига ундирувларга қаратилганлиги сабабли, бу билан боғлиқ 80 749 та ижро ҳужжати бўйича амалда 104 миллиард 333,2 миллион сўм ундирилган.

Бюро томонидан Президент фармон ва қарорлари талабларини ҳамда Бюро фаолияти ҳақидаги маълумотларни кенг оммага етказиш мақсадида эса ҳозирги кунга қадар 22 та баннерлар тайёрланиб, вилоят ҳудудларида жойлаштирилди.

Бундан ташқари, Мажбурий ижро бюроси вилоят бош қармасининг ташаббуси билан аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, алиментдан бўлган қарздорликларни кескин камайтириш ва оилавий ажралишларнинг олдини олиш мақсадида махсус 4 та видеоролик тайёрланиб, вилоят телерадиоканали орқали мунтазам эфирга бериб борилмоқда.

Албатта, буларнинг барчаси аҳолини коммунал тўловларни вақтида тўлашга одатлантириш орқали электр энергияси ҳамда табиий газ таъминотини яхшилашга эришиш учундир.

Феруза АБИДЖАНОВА,
Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси
ташкилий-назорат ва таҳлил бўлими
катта инспектори

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг