Бош саҳифа / Сиёсат / Қарор ижро талаб қилади

Қарор ижро талаб қилади

Қизириқ туманида бўлиб ўтган ХХХХ сессияда республика ишчи гуруҳи томонидан амалга оширилган ишлар, аниқланган муаммолар далиллар асосида айтиб ўтилди. Ўн кун давомида республика ишчи гуруҳи 49 та маҳалла ва ижтимоий объектларни ўрганиб, 15299 та камчиликни аниқлаган. Уларнинг 42 фоизи, бошқача айтганда, 6423 таси жойида бартараф этилган. Бироқ республика ишчи гуруҳи томонидан ҳал этилган масалалардан ташқари, муаммолар ҳам талайгина. Бунинг боисини мавжуд тўртта сектор раҳбарларининг масъулиятсизлиги билан изоҳлаш мумкин.

Маълумки, жорий йил 19-20 январь кунлари Президентимиз Ш. Мирзиёев Сурхон воҳасига ташрифи чоғида Қизириқ туманида кенгайтирилган йиғилиш ўтказганди. Ана шу йиғилиш баённомасининг 34-бандида ва Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 25 июлдаги 580-қарорига кўра туман марказидан оқиб ўтувчи канал бўйлаб сайилгоҳ ва “Бандихон оқшоми” истироҳат боғини қуриш топширилганди. Қарорда “Турон банк” томонидан “Коинот-Файз-Барака” МЧЖга 1,6 миллиард узоқ муддатли имтиёзли кредит ажратиш ва бунинг эвазига жорий йил охиригача “Болажон” истироҳат боғини қуриш топширилганди. Банклар томонидан кредит маблағлари ажратилмаганлиги сабабли ҳали ҳам амалий ишга ўтилмаган. Хўш, бунга қандай важ кўрсатиш ёки хаспўшлаш мумкин. 164 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган туманда 15 та мактаб, 2 та боғча таъмирга муҳтож. 10 та мактабнинг иситиш тизими мутлақо яроқсиз. Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмасининг тез ёрдам биноси, 42- ва 44-қишлоқ оилавий поликлиникаси, “Қорақасмоқ” маҳалласидаги қишлоқ врачлик пунктлари ниҳоятда ночор аҳволда. Туманда мавжуд бўлган 716,4 километр тупроқ йўлларга тош-шағал ётқизиш, ички йўлларнинг 52,2 километрини қайта таъмирлаш зарур.

Аҳолини электр энергияси билан таъминлаш ҳам кўнгилдагидек деб бўлмайди. Туман ҳудудидаги 8755 та электр ёғоч устунлар яроқсиз ҳолга келган. Электр таъминотини яхшилаш учун 20 та трансформаторни таъмирлаш, 8 та янгисини ўрнатиш лозим бўлади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Қизириқ туман аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш бугунги кун талабига жавоб бермайди. Маҳаллалар учун ичимлик суви ташийдиган махсус техникалар ажратиш вақти аллақачон келган. Бу борадаги муаммони бартараф этиш учун 260 километрга сув қувурини тортиш лозим бўлади. Тумандаги “Қалдирғоч”, “Гулбоғ” маҳаллалари шароити оғир ҳудуд ҳисобланади. Бу ердаги аҳоли ичимлик сувини 45-50 километрдан ташиб ичишади. Шу сабабли ҳам ичимлик сувининг нархи осмонда. Ваҳоланки, йиллар давомида бу муаммо билан ҳеч ким қизиқмаган. Айни кунда аҳолининг 1236 та маиший газ баллонига эҳтиёжи мавжуд.

Тумандаги 8 та қабристон қаровсиз ҳолга келиб қолган. Уларнинг атрофини ўраш, зарур бинолар қуриш, қоровул ва назоратчи штати ажратиш ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Ишчи гуруҳи томонидан аниқланган 150 нафар уй-жойга муҳтож фуқаро, 11 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қиз, 51 нафар уй-жойини таъмирлашга имкони бўлмаган ночор оилалар, 238 нафар томорқа сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш, кечиктириб бўлмайдиган масалалардир.

Ҳар иккала туман сессиясида кун тартибидаги республика ишчи гуруҳи аниқлаган муаммолар, аҳоли бандлиги, бўш турган бинолардан фойдаланиш, коммунал хизмат, куз-қиш мавсумига тайёргарлик, тўй-ҳашам, маърака ва маросимлар ҳақидаги маърузалар танқидий руҳда бўлди.

Туман Кенгашлари сессияларида республика ишчи гуруҳи номидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сурхондарё вилоятидаги халқ қабулхонаси раҳбари А. Эшмуродов, вилоят бандлик бошқармаси бошлиғи Б. Хурсанов, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Э. Эшкелдиев, уй-жой, коммунал бошқармаси бошлиғи Э. Тангриевлар маъруза қилишди.

Сессиялар ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Спикер ўринбосари Н. Умаров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси А. Киргизбоев, республика Президенти Администрацияси масъул ходими Ш. Холмўминовлар иштирок этиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Кун тартибидаги масалалар юзасидан сессияларда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сайловга тайёргарлик

Маълумки, сайловга 2 ойдан сал кўпроқ вақт қолди. Мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий партиялар ўз электорати ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE