Бош саҳифа / Жамият / Армияга кетиш тартиби ўзгарди

Армияга кетиш тартиби ўзгарди

Армияни бежизга ҳаёт мактаби дейишмайди. Унинг тарбиясини олган йигитлар ҳам ўзи туғилиб ўсган макон, ота-онаси ва яқинларини бошқача қадрлайди. У ердан ҳаёт сўқмоқларида учрайдиган қийинчилигу синовларга бардош бера оладиган даражада иродали ва кучли бўлиб қайтишади.

Шу сабабми, бугун “болам армияда хизмат қилиб келсин” дейдиган ота-оналаримиз, “мен муддатли ҳарбий хизматда йигитлик бурчимни ўтамоқчиман” дея кўкрагига урадиган эр йигитларимиз кўп. Аммо, муддатли ҳарбий хизматга кетиш учун 5 марталаб тиббий кўрикдан ўтиш ва яна бошқа бир-бирини такрорловчи тадбирларда иштирок этиш аксар чақирилувчиларнинг ҳафсаласини пир қилиб юборарди. Қолаверса, аксарият чақирув комиссиялари лозим даражада фаолият юритмасди.  Чунки, бугун ҳар соҳада ўсиш-ўнглангниш, ривожланиш бўлаётган пайтда ҳарбий хизматга чақиришнинг амалдаги бундай тизими ҳозирги замон талабларига жавоб бермай қолганди.

  Давлат раҳбарининг 2020 йил 6 мартда қабул қилган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий хизматга чақириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу ноқулайликларга барҳам берди.

  Вилоят мудофаа ишлари бошқармасида бўлиб ўтган тадбирда ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда 5-6 март куни чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга муносиб кузатиш лозимлиги хусусида сўз борди.

  Хўш, қарор билан нималар ўзгарди, қандай тартиб жорий қилинди?

Энг аввало, тўлиқ таркибда фаолият юритмаган туман ва шаҳарлардаги чақирув комиссияларининг таркиби ўзгартирилди. Илгари, туман ҳоким ўринбосари, мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” ва “Маҳалла” жамғармалари, ёшлар иттифоқи вакилларидан иборат комиссия аъзолари номзодларни танлаб олишда тўлиқ қатнашишмасди ва ҳамма иш мудофаа ишлари бўлими бошлиғига қолиб кетганди. Янги тартибга биноан эса, эндиликда номзод чақирилувчилар дастлаб, бир марта туман ҳудудий тиббий комиссиясидан ўтади. Ҳарбий хизматга яроқли деб топилгач, улар билан очиқ-ошкора яккама-якка суҳбат ўтказиб, номзодларни танлаб олиши учун туман мудофаа бўлимларида бутлаш комиссияси тузилди. Унинг таркибига:

–  Ҳарбий округ бўлим ва хизмат бошлиқлари;

–  Ички ишлар вазирлиги вакили;

–  ДХХ Чегара қўшинлари вакили;

–  Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакили;

–  Миллий гвардия вакиллари киритилди.

Қуролли Кучларни бутлаш комиссиясининг иш даври 1 мартдан 30 апрелгача эитб белгиланди. Бунда бутлаш комиссияси фуқаронинг жисмоний тайёргарлигидан тортиб унинг фикрлаш қобилияти, оиласидаги тарбия ва бошқа хусусиятларини инобатга олишади. Суҳбат жараёнида асосан, “Темур тузуклари”, Жалолиддин Мангуберди ҳамда Бобурмирзонинг ҳарбий юришлари ҳақидаги билимларга эга номзодлар саралаб олиниши тадбирда алоҳида қайд этилди.

Шундан сўнг, чақирилувчилар Мудофаа вазирлиги ҳарбий госпиталларидан ажратиладиган 4 нафар ҳарбий шифокор-мутахассис:

комиссия раиси,

тераревт,

жарроҳ,

невропатолог

 ва соғлиқни сақлаш вазирлигидан ажратиладиган: отоларинголог, офтальмолог ҳамда руҳий касалликлари шифокорлари кўригидан 20 февралдан 30 апрелгача ўтказилади.

  Яна бир муҳим жиҳати, илгари мана шундай тиббий кўриклар 5 марта ўтказилган бўлса, эндиликда улар бор йўғи 2 марта ўтказиладиган бўлди. Ҳарбий қисмларда янгидан чақирилган ҳарбий хизматчилар такрорий тиббий кўрикка ҳам жалб этилмайди. Бу ҳам фуқаролар учун енгиллик бўлди.

—  Яна бир жиҳати, фуқарони муқобил хизматга чақириш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизмага олиш, ҳарбий чақирувни кечиктириш каби вазифалар туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларида тузилган ҳудудий комиссия зиммасига юклатилди, — дейди вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи, подполковник Бахтиёр Бекмуродов. — Унинг таркибида эса ҳоким ўринбосари, мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, туман ИИБ бошлиғи ўринбосари, “Маҳалла” жамғармасидан вакил танлаб олинган. Иш даври 1 мартдан 30 апрелгача этиб белгиланди.

Айни пайтда 2021 йилги чақирув мавсумида 30  минг нафардан ортиқ чақирилувчи орасидан 3846 нафарига танлов кенгаши томонидан муддатли ҳарбий хизматга ва чақирилувчиларни ҳарбий техник мутахассислиги бўйича ўқишга тавсия берилди. Уларнинг 2223 нафари қўшинлардан келган вакиллар томонидан ўрганилиб, рақамли командаларга саралаб олинди.

  Муҳими, ушбу ўзгарган тартиб муддатли ҳарбий хизматга кетиш учун кимнидир чўнтагига пора қистириш, таниш-билишчиликнинг авж олиши ва  коррупция каби ҳолатларнинг олдини олади. 

Йиғилишда Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи, полковник Пўлатжон Сотиволдиев иштирок этди.

  Феруза Раҳмонқулова

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Gulmiraning yoqimtoy qo’g’irchoqlari

Sizningcha bola tarbiyasida u o’ynayotgan qo’g’irchoqning ahamiyati qay darajada? Farzandlaringizga qanday o’yinchog’u qo’g’irchoqlar sovg’a qilasiz? …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan