Бош саҳифа / Жамият / Археолог яратган боғ

Археолог яратган боғ

Термиз археология музейи катта илмий ходими, ТерДУ тарих факультети ўқитувчиси Тўхташ Аннаевни кўпчилик воҳамиз тарихини яхши билувчи олим сифатида танийди, ҳурмат қилади. Термиз ва унинг атрофидаги ёдгорлигу обидаларда қазишма ишларини олиб боришда фаол қатнашган археолог — мутахассис Тўхташ Аннаев боғ яратиш бўйича ҳам анча тажрибали.

У киши “Солиобод” маҳалласи ҳудудида яшаганда, томорқасига ҳар хил мевали дарахтлар парваришлар, уларни пайванд қилар, бозорга биринчилар қатори сархил мевалар чиқариб сотарди.

Археолог олим ва боғбон томорқасининг пастки қисми — Сурхондарёнинг ўзанида фойдаланилмай ётган жойларга йиллар давомида гўнг ва ҳар хил чириндилар солиб, унумдор заминга айлантирган ва бу жойда мевали дарахтлар кўчатини тайёрларди. Унинг пайванди ўрик, хурмо, шафтоли, қароли ва бошқа турдаги кўчатларини томорқаларига элтиб, экканлар барака топганидан Аннаевни фақат олқишлардилар.

Археолог — боғбон уч йилдирки, “Сабзипоя” маҳалласига кўчиб ўтиб, яшамоқда. Маҳалла марказидаги Талли тоғора тепалиги атрофини ободонлаштириш ва мевали боққа айлантириш ташаббуси билан чиқди. Раҳбарлар уни қўллаб-қувватлашди, қишлоқдошлар эса Тўхташ аканинг меҳнаткашлигига ишонишди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки,“Сабзипоя” маҳалласига кўчиб борган аҳолининг кўпчилиги уч йил орасида уй қуриш, иморат тиклаш билан андармон бўлиб, айримлари ҳали ҳовлисида бир туп ҳам дарахт кўкартира олгани йўқ. Меҳнаткаш боғбон ва археолог-олим Тўхташ Аннаев эса ҳам эл қатори уй қурди, ҳам Талли тоғора тепалиги атрофидаги заминга 2 минг тупдан кўпроқ 10 турдаги мевали дарахт кўчатларини экиб, яшнатиб қўйибди. Кўчатларнинг асосий қисмига пайванд солингани учун 30 фоизи бу йил нишона ҳосил бермоқда. Яқин келажакда одамлар: “Тўхташ Аннаев яратган боғдан мева тергани борамиз” десалар, шубҳасиз, бунга ишонаверинг!

Муҳаббат ХУДОЙҚУЛОВА,

ўқитувчи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE