Бош саҳифа / Жамият / Ҳарбийлик – мардлар касби

Ҳарбийлик – мардлар касби

Оилада ўғил фарзанд туғилса, ота-онаси яхши ният қилади. Яъни ўғлим ўсиб-улғайиб, Ватан, эл-юрт корига камарбаста бўлсин, деб тилак қилишади. Яхши ният ҳамиша ижобат бўлган. Ана шу ниятга ҳамоҳанг тарзда бугунги кунда армияда хизмат қилиш, аскар бўлиб юртга қўрғон бўлиш ҳар бир эр йигитнинг орзусига айланиб улгурди.

— Ҳарбий соҳага бўлган ҳавас бола пайтимдаёқ уйғонган, — дейди кичик сержант Ғайрат Чориев. – Шу сабаб дастлаб Термиз шаҳридаги А.Навоий маҳалласида посбон бўлиб ишладим. Оилада битта ўғил фарзанд бўлишимга қарамай, онам менинг Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли касбни танлашимга хайрихоҳ бўлди. Чунки болаликдан “Ватан ҳимоячиси бўлиш – мардлар касби. Сен ҳам, албатта, улғайиб, юртингни ҳимоя қилгин. Унинг ҳар бир қарич ерини асрашга, садоқат билан хизмат қилишга бел боғлагин”, дея уқтирарди.

Термиз шаҳрида туғилган Ғайрат Чориев ҳарбий бўлишни орзу қилиб улғайди. Тиш бутунлигида қилинган ният амалга ошди. Ғайрат Чориев мактабни тамомлагач, муддатли ҳарбий хизматга кетиб, Қашқадарё вилоятида муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтади. Сўнг ҳарбий соҳадаги билим ва маҳоратини ошириш мақсадида Қарши шаҳридаги сержантлар тайёрлаш мактабида таҳсил олди.

— Бу мактабда нафақат касбий маҳоратим ошди, балки, у ерда ҳам руҳан, ҳам жисмонан чиниқдим, — дейди қаҳрамонимиз. — Ҳаётга нисбатан қарашим ўзгарди, ўзимга бўлган ишончим янада орт- ди.  Энг муҳими,   ҳарбий хизматчи сифатида биринчи галда жамият ва давлат манфаатлари, ҳарбий жамоа ва бутун ҳарбий хизмат манфаатларини чуқур англаган ҳолда Ватаним ва халқимга содиқ бўлиб, ҳарбий бурчимни аскарий ўртоқлик ва жанговар дўстлик, ўзаро ҳурмат ва қадр-қиммат тамойиллари асосида ўташим лозимлигини тушуниб етдим.

Кўп ўтмай Ғ. Чориев шартнома асосида аввал Сурхондарё, кейин Навоий вилоятида гуруҳ командири ёрдамчиси бўлиб ишлади.  Ғайрат  Чориев 2013 йилдан буён Тошкентдаги  миллий  армиямизнинг қуруқликдаги қўшинларида ана шундай огоҳлик ва сергаклик билан фаолиятини давом эттирмоқда. Дарвоқе, унинг турмуш ўртоғи ҳам ҳарбий.

— 12 йил ҳарбий либос кийиб, Навоий ва Бухоро вилоятларида ҳарбий қисм тиббиёт ходими сифатида ишладим, — дейди кичик сержант Сайёра Рустамова. — Турмуш ўртоғим ва мен баъзан бирга, баъзан эса турли вилоятларда ишлашимизга тўғри келди. Кўп синовларни бошдан кечирдик. Аммо шунга қарамай, иккимиз ҳам шу касбни танлаб, Ватан олдидаги бурчимизни адо этиш имконига эга бўлганимиздан фахрланаман. 2016 йилда нафақага чиқдим. Энди фарзандларимга кўпроқ вақт ажратяпман. Энг қувонарлиси, бу йил кўпчилик сафдошларимиз қатори биз ҳам уч хонали янги уй-жойга эга бўлдик. Уйнинг бошланғич 25 фоизли бадал тўлови Мудофаа вазирлиги томонидан тўлаб берилди. Неча йил ижарама-ижара сарсон бўлиб юришлар ниҳосига етганидан, энди бизнинг ҳам бошпанамиз борлигидан хурсандмиз.

Ҳа, эл корига яраш, унинг хизматини чин юракдан адо этиш мардларга ярашади. Шунинг учун ҳам ҳарбий хизматчиларимиз бизнинг ғуруримиз, фахримиздир. Ватан уларга энг муҳим ва масъулиятли ишни ишониб топширган экан, улар ўзларига билдирилган ишончни чуқур англаган ҳолда, ўз иши, фидокорлиги ва мақсадга интилувчанлиги билан бу юксак ишончни шараф билан оқламоқдалар.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Савдоси пишмаган режа

Ҳар қандай ходим ёки раҳбар лавозим ваколатидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланса, ўша ерда қонун бузилиш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan