Ҳарбийлар оиласи

0
31

Оилавий ишларни бир маромда намунали олиб боришни таъминлаш, кўпинча, бутун бир ўлкани бошқаришдан енгил эмас. Ватанга муҳаббат оиладан бошланади. Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Ресупубликасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш масъул соҳа ходимлари олдидаги вазифалардан саналади.

Жойларда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан вилоятимизда хизмат бурчини ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун “Оилавий муносабатларнинг ўзига хос жиҳатлари”, “Фарзанд тарбиясидаги муҳим омиллар”, “Соғлом фарзанд тарбиялашда оилада онанинг роли” мавзуларида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Унда Термиз шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Термиз шаҳар оила маркази, мактабгача ва халқ таълими бўлимлари, Ўзбекистон мусулмонлар идораси вилоят вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ёш авлодни тарбиялашда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг ўрни, соғлом авлодни тарбиялаш ва вояга етказиш, меҳнат билан банд бўлмаганларни иш билан таъминлаш, шунингдек, оилаларда учрайдиган ижтимоий-маиший муаммолар ечимини ҳал этиш борасида фикр юритдилар.

— Бола соғлом ва тўғри тарбиялансагина жамиятда ўзининг муносиб ўрнини эгаллайди, — дейди Термиз шаҳар оила маркази раҳбари Гулчеҳра Ашурова. — Оилавий муносабатларда соғлом муҳит бўлган фарзандгина ҳаётга ижобий назар билан қарайди, яратувчанликка интилади, ўз устида ишлай олади ва эртанги кунига ишонч билан боқади. Шундай экан, бизнинг асосий мақсадимиз ҳам тўғри тарбия методларини амалиётда қўллаб, иллатларга қарши курашишдир.

Тадбир давомида айтилган фикрлар ва ҳаётий мисоллар ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига манзур бўлди. Фаол қатнашган оилалар энг яхши совға — китоб билан тақдирландилар.

Фахриддин УСМОНХОДЖАЕВ,
Миллий гвардия ҳарбий
хизматчиси, подполковник

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг