Бош саҳифа / Сиёсат / Ҳаракатлар стратегияси – ҳаёт кўзгуси

Ҳаракатлар стратегияси – ҳаёт кўзгуси

Жарқўрғон туманини комплекс ривожлантириш дастури ижросининг аҳволи тўғрисида

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси ва раҳнамолигида қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси барча соҳа ва тармоқлар учун дастуруламал эканлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди.

Юртбошимиз энди йиллик режалар қабул қилишдан, қуруқ қоғозбозликдан воз кечиш лозимлигини бежиз танқид қилмадилар. Дарҳақиқат, йиллик дастур ва режа қабул қилингунча жорий йилнинг бир чораги ўтиб кетади. Унинг ижросига тўлиқ киришилгунча эса олти ой ниҳоясига етган бўлади. Натижада, ишлар сифатсиз, зўрма-зўраки, юқорига ҳисобот бериш учунгина бажарилади. Шундай объектлар борки, қанчалик моҳирлик билан бажарилмасин “бўлҳа-бўл”чиликнинг нуқси сифат ва самарадорликка таъсир қилади. Буни олдинги йилларда қурилиб, фойдаланишга улгурмай таъмирталаб бўлиб қолган айрим объектлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Нима қилсак, юртимиз, халқимиз учун қиламиз,  бизни ёв қувиб келаётгани ёки четдан кимдир мажбурлаётгани йўқ-ку! Яхшиси бу ҳақда кейинроқ.

Жарқўрғон туманида ўтган йили комплекс ривожлантириш дастурига 129 та лойиҳа киритилган эди. Саноат бўйича 45 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 47 та, қишлоқ хўжалигида 37 та лойиҳа бўлиб, уларнинг умумий қиймати 103 279 миллион сўмни ташкил этади. Лойиҳа нима дегани? Унинг замирида ишлаб чиқаришни кучайтириш, янги маҳсулот, экспорт, импорт, иқтисодиёт барқарорлиги, юрт ободлиги, эл фаровонлиги, аҳолининг иш билан банд лиги, бир сўз билан айтганда, келажакка ишонч ва давлат қудрати туради.

Билмаганлар бўлса билиб қўйсинки, Ҳаракатлар стратегиясининг 3 ва 4-устувор йўналишларининг мазмун-моҳиятини ҳам айнан шу нарсалар ташкил этади. Маълумки, Юрт бошимизнинг ташаббуслари билан Жарқўрғонда ҳам саноат зонаси ташкил этилганди. Бу адирликдаги “Янгиобод” ва “Қораёнтоқ” маҳаллаларидаги саноат зонасида қисқа вақт ичида ўндан ортиқ янги корхоналар бунёд этилди.

Ҳар ойда 270 минг доллар

Тумандаги саноат зонасидаги йирик корхоналардан бири “Жарқўрғон парранда” МЧЖдир. Саноат зонасининг “Қораёнтоқ” маҳалласида ўтган йил 13 февралда вилоят ҳокимининг ташаббуси билан иш бошлаган паррандачилик комплексида айни пайтда 400 минг товуқ боқилмоқда.

Бунинг учун Ўзбекистон ТИФ Миллий банки Термиз филиалидан уч босқичда кредит олинган. Биринчи навбатда, кредит асосида Украинанинг “Техна” компаниясидан 250 минг товуқ боқишга мўлжалланган ускуналар келтирилиб, монтаж қилинган.

Иккинчи босқич кредитга эса яна “Техна” компаниясидан 150 минг жўжа боқишга мўлжалланган ускуналар олиб келиб ўрнатилган. Асосийси, товуқ ва жўжаларни зооветеринария қоидаларига кўра, белгиланган рацион асосида боқиш ва парваришлаш муҳим омил ҳисобланади. Шуни эътиборга олган ҳолда учинчи босқич кредит  5 миллиард сўмга 400 минг  товуқни боқишга етадиган ҳар хил витаминларга бой бўлган ем-озуқа олиб келинган. Товуқларни парваришлаш, рисоладагидек боқиш учун бош зоотехник Норқобил Сатторов, бош ветеринария шифокори Элбек Шариповлар масъул этиб тайинланган. Корхона директори Абдуқаҳҳор Қулматов барча мутахассис, ишчи ва хизматчиларни обдон танлаб ишга қабул қилган.

— Корхона ишга тушгач, 150 киши доимий иш билан банд бўлди.  Тўққиз ойга етмасдан маҳсулотни экспорт қилишни йўлга қўйдик. Шу йил биргина январь ойида 270 минг долларлик тухумни Афғонистон Республикасига экспорт қилдик. Уч миллион долларга шартнома тузганмиз. Шу йил охиригача товуқлар  сонини бир миллионга етказишни режалаштирганмиз. Бунинг учун бизда барча имкониятлар мавжуд, —  дейди паррандачилик фабрикаси директор ўринбосари Акмал Эштемиров.

— Саноат ҳудудида сув, электр энергияси, газ таъминотида муаммо йўқ. Биз биргина паррандачилик билан чегараланиб қолганимиз йўқ. Яна қўшимча даромад олиш, янги иш ўринлари яратиш, ички бозорларни арзон маҳсулот билан тўлдириш, ишчи-хизматчиларни сифатли маҳсулот билан таъминлаш мақсадида 1,5 гектарлик иссиқхона ташкил этганмиз. Бир йилда 8-10 тонна лимон ва мандарин оламиз. 5 гектарга бодомзор, 1,5 гектар тутзор барпо қилдик. Бунинг эвазига келгусида даромадимиз янада ортади. Энг муҳими, шу маҳаллада ишсиз юрган ўнлаб кишилар ишли бўлишди, — дейди корхона иш бошқарувчиси Жума Хуррамов.

Истак бўлса, ечим ҳам топилади, дейдилар. Паррандачилик фабрикасида парваришланаётган товуқлар ва жўжаларга дон, сув, витаминли ем автоматлаштирилган тарзда берилади. Буни эса бош тегирмончи Қулмамат Ғофуров назорат қилиб боради. Фабрикадаги парранда боқилаётган биноларга кирсангиз ортиқча гардни ҳам кўрмайсиз. Барча комплексдаги тухумлар махсус хонага лента орқали келади. Уни эса ишчилар (флейка) идишга териб, картон яшикка жойлаштиради. Парранда чиқиндиси ҳам автоматлаштирилган тарзда бешта корпусдан битта жойга олиб келинади. Бугун товуқ гўнггига навбатда турганнинг саноғи йўқ. Бир “КамАЗ” товуқ гўнги 300 минг сўм. Ана энди буёғини ўзингиз ой ва йилга чақиб кўраверинг.

Халқимизда ишёқмас баҳона, тадбиркор эса имконият қидиради, деган гап бор. Корхона жамоаси мавжуд товуқ ва жўжаларни махсус витаминли ем билан таъминлаш борасидаги муаммони ҳам ҳал қилиш режасини обдон ўйлаб қўйишган.

— Маҳсулот таннархини камайтириш, сифатини янада яхшилаш мақсадида ер сўраб ариза берганмиз. Бизнинг бу таклифимиз жорий йил дастурига киритилган. Агар Қизириқ туманидан 500 гектар ер ажратилса, биз бу майдонларга ғалла, маккажўхори экиб, хорижникидан қолишмайдиган витаминларга бой  ем тайёрлашни ҳам шу ернинг ўзида йўлга қўймоқчимиз, — дейди бош зоотехник Норқобил Сатторов. — Ҳозиргача фабрикада боқиладиган парранда учун озуқа ва қўшимча витаминлар валюта ҳисобида хориждан келтирилмоқда.

Корхонада йигит ва қизларнинг қўли қўлига тегмайди. Жўжа ва товуқ парваришлаётган Лочинбек Бозоров, Гулшод Оқбоева, Дилдора Алиёрова каби ўнлаб ёшлар аллақачон паррандачилик сир-асрорларини ўзлаштириб олишган. Ана шундай тажрибали ишчилар ҳисобига вилоят ички бозорини  сифатли маҳсулот билан таъминлабгина қолмай, ойма-ой экспорт ҳажмини ҳам кўпайтиришмоқда.

Ҳисоб-китоб аниқликни ёқтиради

Ўтган йил режага кўра, ИП “Сурхонцементинвест” ООО ишга туширилганда эди, бу тумандаги барча кўрсаткичлар бошқача тус олган бўларди.

Корхона қурилиш майдонининг киравериш жойидаги паспортида “2016 йил 1-кварталда бошланган, 2018 йил 1-кварталда фойдаланишга топширилади” деб ёзиб қўйилган. Бизга тақдим қилинган ҳужжатларга кўра, қурилиш майдони 84,1 гектарни (атрофи девор ўралган ҳудуд 54 гектарни) ташкил этади. Лойиҳа қиймати 59,7 миллион доллар. Шундан хорижий инвестиция 45,7, “Ўзсаноатқурилишбанк” кредити 8,63 миллиард долларни ташкил этади. Бугунгача заводда ичимлик ва техник сув учун  ерости қудуқлари ковланиб, 75 метр куб бўлган сув минораси ўрнатилган. 2500 метрлик темир йўл ётқизилган. Завод ҳудуди 2400 метрдан кўпроқ девор билан ўраб олинган. 1520 метр газ қувури тортилган. Бундан ташқари, заводга керакли хомашё етказиб берувчи Шўроб ва Ҳавдак карьерларида етарлича ишлар амалга оширилган. Агар завод тўлиқ ишга тушса, бир кеча-кундузда 1200, йилига 360 минг тонна уч турдаги портландцемент ишлаб чиқарилади. Салкам 500 киши ишли бўлади.

Биз ижодий гуруҳимиз билан борган куни, афсуски, бу қурилиш объектига киритишмади. Эмишки, “юқоридан топшириқ бўлмаса”, мумкин эмас экан. Ниҳоят, 4 соат кутганимиздан сўнг, қандайдир мансабдор кишининг келаётганлигини биз билан бирга юрган туман ҳокимлиги ходимига хабар қилишди. Шоли баҳонасида курмак ҳам сув ичибди, деганларидек биз ҳам завод қурилишини кириб кўришга, суратга олишга эришдик. Биз борган пайт- да бу стратегик аҳамиятга эга бўлган завод қурилишида 400 нафардан ортиқ ишчи-хизматчи ва мутахассислар иш билан бандлигига гувоҳ бўлдик. Ер, тупроқ, пайвандлаш, монтаж, бетон қуйиш ишларини кузатиб шунга амин бўлдикки, бундай муҳим объектларни фойдаланишга топшириш муддатини кимгадир яхши кўриниш мақсадида қисқартириш, ёки “бўл-ҳа-бўлчилик” яхши оқибатларга олиб келмайди. Бундай лойиҳа муҳандислар, техник ходимлар, қурувчилардан ўта аниқлик, тажриба, маҳорат ва сифат талаб қилади.  Озгина хато ҳам келажакда каттароқ муаммони келтириб чиқариши мумкин.

Жарқўрғон туманида комплекс ривожлантириш  дастурига киритилган  ана шу цемент заводини ҳисобга олмаганда, барча лойиҳалар ўз вақтида фойдаланишга топширилган. Натижада, туманда 200 турга яқин янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бунинг эвазига 1229 та доимий иш ўринлари яратилган. Дастур режаси туман бўйича 100,4 фоизга адо этилган.

Қишда ҳам ёзгидагидек

Халқимизда қаловини топсанг, қор ҳам ёнади, деган гап бор. Бунинг амалий исботини саноат зонасида ташкил этилган корхоналар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Тумандаги фермер ва деҳ- қон хўжаликлари томонидан етиштирилган мева, полиз, сабзавот маҳсулотларини сақлаб, йилнинг турли фаслларида аҳолига етказиб бериш, бозор пештахталарини узлуксиз таъминлаш фаровонликнинг асосий омилларидан биридир. Шу мақсадда бу ерда “Магнат Агро” МЧЖ раҳбари тадбиркор Равшан Худойқулов “Қишлоққурилишбанк”дан “IFAD” йўналиши бўйича 100 минг доллар кредит олиб, Хитойдан 420 тонна маҳсулот кетадиган совутгич омборхона ускуналарини олиб келди. Ўтган йили 20 январда совутгич омборхона ишга туширилди.

Ғалладан сўнг 12 гектар ерга такрорий экин эккан тадбиркорлар маҳсулот пишиб етилгач, уни келтириб совутгичга жойлаштиришди. Бундан ташқари, айни пайтда бу ерда сақланаётган сабзи, картошка маҳсулотлари ҳозир узилгандек бозор пештахталарига чиқарилмоқда.

Тадбиркор Эркин Қобилов ҳам маҳаллийлаштириш дастурига ўз ҳиссасини қўшишга аҳд қилганди. “Сулаймон тожи” МЧЖ бошлиғи ҳам “IFAD” йўналиши бўйича кредит олиб, Туркия технологияси асосида 600 тоннага мўлжалланган совутгич омборхона ташкил этди. Совутгич омборхона  ўтган йил октябрь ойи охирида қурилиб фойдаланишга топширилган. Ҳозир бу ерда 500 тоннадан ортиқ энг сара картошка, пиёз, сабзи жамғариб қўйилган. Энг муҳими, бу иссиқхоналар эвазига 20 дан ортиқ киши иш билан таъминланди.

— Биз ўтган йил қиш бошида совутгич омборхона ишга тушгани учун кўп нарсага улгурмай қолдик, — дейди “Магнат Агро” МЧЖ раҳбари Равшан Худойқулов. — Бу йилдан бошлаб, совутгичда энг сара анор, олма, нок, узум, помидор, бодринг, хурмо, лимон, мандарин каби ўта бозоргир меваларни етарлича захира қиламиз. Мақсадимиз қишин-ёзин аҳолимизни дармондорига бой бўлган сархил мевалар билан таъминлашдир.

 

Бир корхонада 80 турдаги маҳсулот

Бир пайтлар Жарқўрғон туманида қурилиш материал-лари комбинати фаолият юритарди. Мустақиллик арафасида бу корхона парокандаликка учради.

Корхонанинг турли цехлари ва ишлаб чиқариш майдонлари тадбиркорларга берилди. Ана шундан бир қисмини тадбиркор Шуҳрат Маҳмудов олиб, қайта реконструкция қилиб, темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Бугунги кунда, “Жарқўрғон мослама қурилиш” МЧЖ раҳбари Шуҳрат Маҳмудов нафақат туман, балки вилоят миқёсида темир-бетон маҳсулотлари етказиб бермоқда. Бу ерда бино томини ёпадиган плиталар, темир-бетон устунлар, бетон ариқлар, турли хил бордюрлар каби 80 турдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Масъулияти чекланган жамиятда хизмат қилаётган 200 нафардан ортиқ ишчи-хизматчи томонидан тайёрланадиган қурилиш материаллари буюртма асосида йил давомида истеъмолчиларга етказиб берилади. Шу билан бирга МЧЖ жамоаси тендер асосида турар-жой ва маъмурий бинолар қуришда ҳам фаол иштирок этмоқда. Ўтган йили улар 20 та турар-жой биносини қуриб, фойдаланишга топширишди. Алоҳида таъкидлаш лозимки, “Жарқўрғон мослама қурилиш” МЧЖ бунёдкорлари томонидан қурилаётган уй-жойлар сифатли ва анча арзонга тушмоқда. Сабаби, кўпгина қурилиш материалларини МЧЖ жамоасининг ўзлари тайёрлашади. Жамоада уй-жой қуриш, темир-бетон маҳсулотлари тайёрлаш учун барча техникалар ва мосламалар етарли.

Яна бир хайрли иш. Бир пайтлар фойдаланилмай ётган ишлаб чиқариш майдонлари ўзлаштирилиб, иссиқхоналар барпо этилган. Биз ана шу иссиқхоналар билан танишдик.

18 сотих майдонда барпо этилган иссиқхонада лимон, мандарин кўчатлари экилган бўлиб, оралиғида эса картошка парваришланаётган экан. Бўйи ярим метр бўлиб қолган 18 сотихдаги картошкани бемалол қазиб, бозор пештахталарига чиқариш мумкин. Демак, Сурхондарё шароитида қишда ҳам картошкадан бемалол ҳосил олса бўларкан.

Шунингдек, унинг ёнидан яна 30 сотихлик иссиқхона қурилиши ниҳоясига етказилиб, экишга шай қилиб қўйилибди.

— Корхонамиз тасарруфидаги иссиқхоналар ярим гектарни ташкил этади. Яна 50 сотих иссиқхона қуриш ниятидамиз, — дейди корхона раҳбари Шуҳрат Маҳмудов. — Мана кўриб турганингиздек бетонланган ва асфальтланган жойлар бекор турибди. Биз бу ердаги тош шағалларни, асфальт бўлакларини чиқариб ташлаб, янги иссиқхоналар барпо қилмоқчимиз. Бундан ташқари, минг туп тут кўчати ўтқаздик. Бу ҳам пиллачиликни ривожлантиришда асосий омил бўлади.

Ишчилар учун барча шароит яратилган. Энг муҳими, хомашё етарли бўлганлиги учун бу ердаги цехлар, мослама ва дастгоҳлар юқори унумдорлик билан ишлатилаяпти. Халқини, юртини, жамоасини, оиласининг келажагини ўйлаган киши йўқдан бор қилиб, ҳар қандай шароитда ҳам имконият топа олади. Буни “Жарқўрғон мослама қурилиш” жамоаси меҳнат фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Таъминот бўлса, режа бажарилади

Саноат зонасида бир эмас иккита ғишт заводи фаолият кўрсатади. “Фабулло строй сервис” МЧЖга қарашли ғишт заводи Хитой технологияси асосида маҳсулот ишлаб чиқаради.

Ғишт учун тупроқ шундоққина ёнларидаги Ҳавдак карьеридан келтирилади. Йилига бу ерда 15 миллион донадан ортиқ сифатли ғишт ишлаб чиқарилиб, вилоятдаги бир қатор қурилиш корхоналарига етказиб берилади.

Энг муҳими, МЧЖда маҳсулот ишлаб чиқариш учун барча замонавий техникалар мавжуд. Жумладан, 4 та оғир юк кўтарувчи машина, 3 та трактор, 4 та бульдозер ва кран, 4 та автомашина ва 3 та кичик техника мавжуд. Шу сабабли ҳам 45 нафар ишчи-хизматчи қишин-ёзин маҳсулот ишлаб чиқаради. Ёз ва куз мавсумида ишчилар сони 100 нафардан ошиб кетади.

Бугун Сурхон воҳаси ҳам қурилиш, бунёдкорлик майдонига айланиб бормоқда. Буни воҳадаги барча туман ва шаҳарлар мисолида кўриш мумкин. Ўтган йили  “Фабулло строй сервис” МЧЖга қарашли ғишт заводи, “Кафолат Термиз”, “Учқизил бинокор файз” каби МЧЖ, “Содатбону Азиза Термиз” ва “Термиз таъминот” хусусий корхоналарига, “Бойсун Оҳангаронсой” хусусий фирмасига 15 миллионга яқин қурилиш учун зарур бўлган сифатли пишиқ ғишт етказиб берилди.

Албатта, ҳар бир корхонанинг ютуғи бевосита у ерда меҳнат қилаётган ишчиларнинг тажриба ва маҳоратига ҳам боғлиқ бўлади. Ана шундайлар эвазига ҳамкорлар томонидан тушган буюртмалар ўз вақтида бажарилаяпти. Бундан қурилиш ташкилотлари ҳам, завод жамоаси ҳам бирдек манфаатдор бўлмоқда.

Буларнинг барчаси муҳтарам Президентимизнинг узоқни кўра оладиган доно сиёсати ва у кишининг ташаббуси билан беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг ҳаётдаги даст- лабки ижобати ва натижалари сифатида ҳам қадрлидир.

Саҳифани “Сурхон тонги”нинг
махсус мухбири
Сафар ОМОН тайёрлади.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Термизда Афғонистонга гуманитар ёрдам бериш учун логистика маркази ташкил этилади

БМТ Афғонистонга гуманитар ёрдам бериш учун Ўзбекистонда логистика марказини ташкил этади. Бу ҳақда БМТ расмийси …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan