Бош саҳифа / Жамият / Арафада фарз ва суннатлар

Арафада фарз ва суннатлар

Мустақиллик туфайли дин, виждон эркинлиги қонун билан мустаҳкамланди. Ўтган давр мобайнида юртимизда кўплаб масжидлар бунёд этилиб, мўмин-мусулмонларнинг тинч-хотиржам ибодат қилишлари учун шарт-шароит яратилди. Қуйида мухбиримизнинг Термиз шаҳар бош имом-хатиби Низомиддин Чориев билан қилган суҳбати билан танишинг.

— Мана Ҳайит ҳам бошланди. Муборак Рамазон ҳайитини муносиб кутиб олиш борасида Термиз шаҳрида қандай ишлар амалга оширилди?

— Президентимизнинг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорининг ижроси юзасидан Термиз шаҳридаги Мурч бобо ва Ҳаким ат-Термизий жомеъ масжидларида Рамазон ҳайити намозларини ўқиш учун барча шароит яратилди. 30 кун мобайнида шаҳримиздаги барча масжидларда хатми қуръонлар қилинди, таровеҳ намозлари ўқилди. Барча мўмин-мусулмонлар эмин-эркин ибодатларини бажардилар. Бунинг учун мамлакатимиз раҳбарияти ва диний қўмитага алоҳида миннатдорчилик билдирамиз.

— Шубҳасиз, закот исломнинг 5 рукнларидан биридир, айтинг-чи, закот беришнинг тартиби қандай?

— Туянинг сони 5 та бўлса, нисобга етган бўлиб, ундан битта қўй берилади. Қора молнинг сони 30 та бўлса нисобга етган бўлиб, ундан закот учун битта бир ёшли бузоқ берилади. Қўй ва эчкининг сони 40 та бўлса, нисобга етган бўлиб, ундан закот учун битта қўй ёки эчки берилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг 2019 йил учун закот нисоби 1 грамм тиллонинг бугунги кунда бозорларимиздаги ўртача нархи 200 000 (икки юз минг) сўм эканлигини эътиборга олиб, закот нисоби 85 (саксон беш) грамм тилло, яъни 17 000 000 (ўн етти миллион) сўм деб белгилангани ва мазкур сумманинг қирқдан бир (1/40) ҳиссаси, яъни 425 000 (тўрт юз йигирма беш минг) сўмни закот ниятида чиқарилиши ҳақидаги хулосаси маъқулланди.

— Фитр садақаси ҳақида ҳам тушунча берсангиз!

— Фитр садақасининг миқдори Тошкент шаҳридаги бозор нархига кўра, 2 килограмм буғдойдан 6 минг, 4 килограмм арпадан 10 минг, 2 килограмм майиздан 70 минг, 4 килограмм хурмодан 100 минг сўм қилиб белгиланган. Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу 4 маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақаси берса бўлади. Рамазон ойи тугаб, ҳайит кунининг тонги ёришиши билан фитр садақасини бериш вожиб бўлади. Фитр садақаси, уни Рамазон ойи ичида берган киши зиммасидан соқит бўлади.

— Рамазон ҳайити кунлари кўпчиликнинг қабристонларга зиёратга бориши ёки хонадонларга бориб, таъзия изҳор қилиш ҳолатлари кузатилади, бунга қандай муносабат билдирасиз?

— Рамазон ҳайити кунлари – бу хурсандчилик кунларидир. Бундай кунларда қабристонларга бориш ёки таъзия изҳор қилиш каби ҳолатлар бидъат амаллардир. Бидъат амаллар – бу халқ томонидан ўйлаб топилган, исломда мавжуд бўлмаган амалларга айтилади.

— Ҳайит намозининг вақти қачон?

— Ҳайит намозининг вақти қуёш бир ёки икки найза бўйи кўтарилгандан сўнг бошланиб, қуёш заволга юз тутгангача давом этади. 

Қуёш чиқаётган вақтда намоз ўқиш макруҳлигини ҳамма яхши билади. Бу жуда машҳур ҳадислар билан собит бўлган ҳукм. Бинобарин, ҳайитнинг ҳам бошланишини қуёш кўтарилгандан сўнг деб олиниши ўз-ўзидан маълум. 

— Баъзи бир масжидларда ҳайит намози бир неча марта ўқилади. Имом мусулмонлар билан ўқигандан сўнг, кечикиб келганлар ўзлари жамоат бўлиб, ҳайит намози ўқишаверади. Баъзида имом домла, уларга ўқиб бериш учун ҳайит намозини ўқий оладиган одамларни тайинлаб қўяр экан. Бунга динимизда қандай рухсат бор?

— Бир марта ўқилгандан сўнг яна ҳайит намози ўқиш макруҳдир. Чунки, бу нарса бошқа намозларда ҳам шундайдир. Зотан, бу жамоатнинг озайишига олиб келади. Буни яхши англаб олиш керак! Яхшиси, эртароқ ҳаракат қилиб, имом домланинг ҳайит ўқишига улгуриш даркор. Ёки энг яқин масжидда ҳайит ўқиш лозим.

— Жомеъ масжидлари мавжуд бўлмаган қишлоқларда одамлар тўпланиб, ҳайит намози ўқиса бўладими?

— Бизнинг мазҳабимизда жомеъ масжиди мавжуд бўлмаган жойларда одамлар тўпланиб, ҳайит намози ўқилмайди. Ҳайит намозига ҳам жумъа намози учун бўладиган шартлар тайинланган. Имом Байҳақий, Абдурраззоқ ва Ибн Аби Шайбалар ҳазрати Али карамаллоҳу важҳаҳунинг гапларини ривоят қилганлар. Ибн Ҳазм буни саҳиҳ деган: “Жумъа, такбири ташриқ, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари фақатгина ҳамма нарсаси бор шаҳарда ёки жуда ҳам катта шаҳарда бўлади”.

— Икки ҳайит ўртасида никоҳ қилиш мумкин эмас, деган гап юради. Шу фикр тўғрими?

— Асло тўғри эмасдир. Бу икки ҳайит ўртасида никоҳ қилиб бўлмайди, дейишлик ҳар хил, динни яхши билмайдиганларнинг гапларидир. Ҳеч бир фиқҳий китобларимизда никоҳ манъ қилинган вақт айтилган эмас. Хусусан, бу нарса бизнинг ҳанафий мазҳабимизда яққол ўз аксини топган. Бошқа мазҳабдагилар ҳаж вақтида, одамлар эҳром кийиб юрганларида никоҳ қилинмайди, дейдилар. Лекин бизнинг уламоларимиз никоҳ қилинаверади, дейишади. Чунки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Маймуна онамиз разийаллоҳу анҳони эҳромлик вақтларида никоҳларига олганлар.

Шунга ўхшаш мазҳабимиз ҳукмига кўра икки ҳайит орасида ҳам никоҳ қилинаверади. Чунки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Ойша онамиз разийаллоҳу анҳони шаввол ойида, яъни икки ҳайит ўртасида никоҳлаб олганлар.

Икки ҳайит ораси деганда ҳайит намози жумъа кунига тўғри келганлиги сабабидан икки ҳайит деб ҳайит намози ва жумъа намози оралиғи назарда тутилган.

Бугунги вилоятимиздаги ҳайит намозида барча воҳадошларимизнинг қилган дуолари, ўйлаган эзгу ниятлари ижобат бўлишига тилакдошмиз. Барчангизга ҳайит муборак бўлсин, азиз воҳадошлар!

Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

Х. ТОҒАЙМУРОДОВ суҳбатлашди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE