Ҳар ким устоз бўла олмайди

0
38

Ҳаётда бир ҳарф ўргатган ёки бир ширин сўз айтган кишини ҳам устоз, деб аташимиз мумкин. Лекин бу мақомга ҳар ким ҳам эриша олмайди. Аввало, бу мақомни шогирдларингиз ва халқ сизга нисбатан чин маънода ишлатсагина, тан олсагина, сиз устоз даражасига эришган ва етишган бўласиз. Ўзининг илмий, ижодий, мураббийлик фаолияти билан бу йўлда фидойиларча хизмат қилиб келаётган инсонлардан бири Термиз давлат университети профессори Ҳайит Тўраевдир.

Унинг орзуси журналист бўлиш эди. Бойсун туманидаги 32-ўрта мактабда ўқир экан, аниқ фанлар қатори тил ва адабиётдан ҳамиша аъло баҳо олишга ҳаракат қиларди. Унинг наздида кимё ўқитувчиси Чоршанби Ҳусанов, физика муаллими Хуррам Тангиров, математикадан дарс берувчи Қаюм Қосимов, она тили ва адабиёт фанидан устози Нормурод Мамараҳимовларга тенг келадиган инсон йўқ эди. Ўқитувчилари уни адабиётга, ижодга майли юқори эканлигини айтишар, журналист бўламан, деган орзусини қўллаб-қувватларди. Ўрта мактабни тугатгач, икки йил давомида ТошДУ журналистика факультетига ҳужжат топшириб, мандатдан ўтолмади. Сўнг, ҳарбий хизматга чақирилди. У узоқ Германияда йигитлик бурчини ўтар экан, ўзича ўтган ишларни, ўқиган китобларини тафтиш қиларди. Отаси Кофрун қишлоғида оддий тракторчи бўлиб ишларди. Худойназар Тўраев уч ўғил, тўрт қизни вояга етказди. Шулардан иккинчиси Ҳайит эди. Вақти соати келиб ҳаммаси олий маълумотли, касбкорли бўлди.

Ҳайит эса ўзига бошқача йўл танлади. Ҳарбий казармада командирнинг эътирофидан қувониб, вақт топди дегунча химия, физика, математика билан шуғуллана бошлади. Армия сафидан қайтгач, ҳужжатларини Тошкент политехника институтининг химия технологиялари факультетига топширди. Институтни аъло баҳоларга тугатиб Термиз педагогика институтида комсомол қўмитасининг котиби сифатида 1983-1985 йилларда фаолият олиб борди. Жамоатчилик топшириқлари, раҳбарлик иши унинг ниятларига кўп ҳам тўғри келмасди. Шу сабабли 1985 йил Ўзбекистон фанлар академияси ядро физикаси институтига кундузги аспирантурага ўқишга кирди. 1990 йилда номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. 1998 йил эса кимё фанлари бўйича докторлик илмий даражасини олди.

Профессор Ҳайит Тўраев талабалигидан то ҳозирга қадар кимё фанининг долзарб муаммолари бўлган бир қатор йўналишларда илмий изланишлар олиб бормоқда. Кўп йиллик самарали фаолияти даврида нодир металлар кимё си ва анализи бўйича ўзига хос тажриба ва илмий мактаб яратишга эришди. Илк бора жуда кам миқдордаги нодир металларни мураккаб аралашмалар таркибидан аниқлаш ва ажратиб олишга муваффақ бўлди. Бу илмий изланиш баробарида учта монография, бешта муаллифлик гувоҳномаси, саккизта ихтиро патенти олишга эришди. Унинг ноёб илмий ишлари ҳақидаги 300 дан ортиқ мақолалари АҚШ, Германия, Австрия, Россия, Исроил, Хитой, Туркия, Италия, Швейцария каби давлатлардаги нуфузли журналларда чоп этилди.

Энг муҳими, унинг ёнида турган шогирдлари устозига амалий ёрдам бериш билан бирга ўзлари ҳам кимё соҳасида ноёб ихтиролар қилишга эришдилар. Ҳайит Тўраев ҳеч қачон шогирдларининг илмий ишлари, изланишлари, илмий фаразларига бефарқ қараган эмас. Уларни ҳамиша қўллаб-қувватлаб, керак бўлганда амалий ёрдам бериб, вақтини ва кўп йиллик тажрибасини шогирдларидан дариғ тутмади. Бемалол айтиш мумкинки, сўнгги ўн йилликда у шогирдлари билан кимё фани йўналишида жуда катта ютуқларни қўлга киритди. Жорий йилда икки шогирди: Фурқат Эшқурбонов ва Шерзод Қосимовлар диссертацияларини муваффақиятли ёқлаб, кимё фанлари доктори илмий даражасини олишга эришди. Бу ТерДУ илмий жамоаси, қолаверса, кимё фани учун жуда катта ютуқ ҳисобланади. Яна бир жиҳатики, Ҳайит Тўраев чекка бир вилоятда туриб фан докторлари тайёрлаган ягона олимдир. Ундан сўнг эса ТерДУ ўқитувчиси Ибрагим Умаров техника фанлари доктори илмий даражасини олди.

Дарҳақиқат, устознинг бахти ва камоли шогирдларининг қўлга киритаётган ютуқларидадир. Унинг шогирдлари Бахтиёр Нормуродов ва Панжи Тожиевлар ҳам кимё фани бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилиш арафасида турибди.

Хўш, Ҳ. Тўраев ва шогирдларининг илмий изланишлари фан учун, давлатимиз учун, миллатимиз учун нималар бера олади? Биринчидан, комплекс ҳосил қилувчи ионитлар олиш усулига республика интеллектуал мулк агентлигининг ихтиро патенти берилди. “Ўзкимёсаноат” АЖ корхоналари ҳамда республикадаги металлургия комбинатларининг чиқинди сувлар таркибидаги қимматбаҳо металл ионларини концентрлаш ва ажратиб олиш учун тавсия этилди.

Иккинчидан, йод ва унинг бирикмалари республика аҳолиси учун муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимиз йод манбаи ҳисобланган денгиз ва океанлардан узоқда жойлашган. Марказий Осиёда ҳаво ҳарорати юқорилиги тупроқ таркибидаги йоднинг буғланиб кетишига олиб келади. Натижада, йод ўсимликлар, озиқ-овқат маҳсулотлари орқали инсон организмига етарли миқдорда қабул қилинмайди. Бу эса турли касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Ҳозирги кунда йод етишмовчилиги натижасида дунёда 1 миллиард 600 миллион киши бўқоқ касаллигидан азият чекади. Мамлакатимизнинг Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикаси аҳолисининг маълум қисми шу касаллик билан оғриб келади. Биргина вилоятимизда 195 000 кишида бўқоқ касаллиги мавжудлиги аниқланган. Ҳ. Тўраев ва унинг шогирдлари вилоятдаги ерости шўр сувлари таркибидаги бирикмалардан йодни ажратиб олиш технологиясини ишлаб чиқишди. Бу технология “Ўзбекнефтигаз” АЖнинг “Жарқўрғон нефть“, “Косон нефть газ қидирув экспедицияси” МЧЖ фаолиятида жорий қилинди. Натижада юқори иқтисодий самарадорлик қайд этилиб, импорт ўрнини босувчи йод ишлаб чиқариш имконияти яратилди.

Учинчидан, тажрибали олим 2008-2009 йилларда давлат инновацион тадқиқотлар дастури доирасида “Хонжиза полиметалл кони рудалари таркибидаги мис ва кумуш металларни концентрлаш ва ажратиб олиш технологиясини яратиш” да, 2007-2011 йилларда давлат фундаментал тадқиқотлар дастури доирасида “Таркибида кислород, олтингугурт, фосфор бўлган экстрагентлар синтези ва уларнинг нодир металлар билан координацион бирикмалари”, 2002-2014 йилларда давлат амалий тадқиқот дастури бўйича “Замонавий ядро-физикавий методлар ёрдамида гидрометаллургия корхоналари чиқинди эритмалари таркибидаги нодир металларни концентрлаш ва ажратиш” илмий-тадқиқот ишларида шогирдлари билан иштирок этиб, катта натижаларни қўлга киритишди.

Бундан ташқари, 2012-2016, 2017-2020 йилларда давлат фундаментал илмий техникавий тадқиқотлар дастури доирасида “Комплекс ҳосил қилувчи полифункционал ионитлар синтези ва улар ёрдамида d-металларни ажратишнинг назарий асослари” ҳамда “Сурхондарё вилоятида ерости шўр сувлари таркибидаги йод ва унинг бирикмаларини ажратиб олиш” давлат дастурларига бевосита раҳбарлик қилмоқда. Бугун олим раҳбарлигидаги илмий жамоа томонидан ишлаб чиқаришга татбиқ этилган ихтиролар ва илмий хулосалар ватанимиз, халқимиз учун жуда катта иқтисодий самара бермоқда.

Иқтидорли олим кимё фанининг битмас-туганмас сир-синоатларини ўрганар экан, ўзининг биринчи илмий раҳбари, академик Абдуали Ғаниев, академиклар Зокиржон Салимов, Нусрат Парпиев, Абдулаҳад Ҳалиловларнинг маслаҳат ва кўрсатмаларига суянади. Айни пайтда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги олий аттестация комиссиясининг кимё ва фармацевтика фанлари бўйича эксперт кенгаши аъзоси ҳамдир.

Камтарин инсон,жонкуяр устоз, тиниб-тинчимас мураббий бўлган Ҳайит Тўраев меҳрибон оила бошлиғи ҳамдир. У 3 ўғил, 3 қизнинг севимли отаси, набираларнинг меҳрибон бобоси. Кимдир дала ҳовли қуриш, муҳташам қаср- да яшашни орзу қилса, бу инсон кимё соҳасида режалаштириб қўйган илмий ишларини якунлаш, фан ва халқи учун келажакда атоқли олим-мутахассисларни етиштириб чиқаришга бутун орзу ҳаловатини, ҳаётини бағишлаган. Айримлар “Сен ёзган китоблар, сен яратган кашфиётлар кимга керак”, деган саволни беришади. Булар лоқайд, ўз қобиғидан бир умр чиқа олмаган ғофил бандалардир. Инчунун, инсоннинг билими, кашфиётлари, ихтиролари фарзандлари ва шогирдларига ўргатган ҳунари, сабоғи ва тажрибалари беиз кетмайди. Ҳар қалай, инсоният, жамият, тараққиёт бор экан, илм-ижод, ихтиро авлоддан-авлодга мерос бўлиб қолаверади. Устозлик мақоми ҳам шунга қараб йиллар ва ойлар ўтган сайин мустаҳкамланиб, абадийлашиб бораверади.

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги” мухбири

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг