Бош саҳифа / Таълим / “Ақлли таълим” ва “ақлли тиббиёт” тизими

“Ақлли таълим” ва “ақлли тиббиёт” тизими

Ўзбекистон Республикасида инсон омилини ривожлантириш учун ақлий қобилиятни ўстирадиган ва инновацияларга ўргатадиган “ақлли таълим” ва “ақлли тиббиёт” тизимини жорий қилиш зарурати юзага келди.

Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга мурожаатномасида “Нодир талант эгаларини тарбиялаб камолга етказиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини унутишга ҳаққимиз йўқ” — деб таъкидлаган эдилар. 2018 йил 7 декабрь куни Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқларида эса “Халқ таълими соҳасидаги таълим стандартлари ва ўқитиш услубларини илғор хорижий тажрибалар асосида, ўқувчининг индивидуал қобилиятини рўёбга чиқариш нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиш керак,” — деб бу борада олдимизда турган муҳим вазифаларга жамоатчилик эътиборини яна бир бор қаратдилар.Кейинги икки йилда таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида катта ислоҳот ва ижобий ўзгаришлар қилинди. Шу билан бирга бу жабҳалар ходимлари танқидга ҳам учрамоқдалар. Маълумки, кўчат экишдан олдин ерни яхшилаб тайёрламаса, ҳосил олиб бўлмайди. Ҳолбуки, биз ақлли тиббиёт ёрдамида мия фаолиятини яхшиламай, хотира ва қобилиятни ўстирмай туриб, шахсга билим беришга ҳаракат қиламиз? Кўп талабаларга 11 – 16 йил мобайнида берган билимларимизнинг 20–30 фоизи (баъзан ўтган мартаги дарс мавзуси) ҳам эсида қолмайди. Ал Хоразмий ва ибн Синолар каби алломаларни 15 йил ўқитиб, халқ маблағини сарфлашмаган. Улар туғилганидан хотираси, ўйлаш тезлиги, мия фаолияти жуда кучли бўлган. Биз билимли кадрларни тайёрлаш бўйича ютуққа эришишимиз учун билимларни инновацияларга айлантириб, самарали ишлатиш ҳамда сифатли ўргатиш механизмларини ишлаб чиқишимиз зарур.

Биринчиси, ижтимоий соҳада инвестициялар, инновациялар ва сифат ўсиши реал секторга нисбатан юқори бўлиши шарт. Янгича ўйлаш, ва янгича термин (ақлли оила, ақлли маҳалла, ақлли тиббиёт, ақлли таълим, ақлли талаба, ақлли тадбиркор…)ларни истеъмолга киритиш лозим. Буларнинг барчаси ақл ва қобилиятни ривожлантиришга, фаровон турмуш кечиришга хизмат қилиши зарур. Чунки инновацион ривожланиш, инсон ақлий капиталининг ўсишига ва уни самарали ишлатишга нисбатан пропорционал кўринишга эга.

Иккинчиси, инновациялар стратегиясининг мақсади барча соҳалар (хусусан, инсон капитали) сифат кўрсаткичларини ўстиришдир, шунда турмуш даражаси ўсади ва дунё бозорида рақобатбардош бўла оламиз. Шунинг учун “сифат, сифат ва яна сифат” деган шиор асосий мақсадимиз бўлиши керак.

I.       Ўзбекистонни инновацион ривожлантиришда соғлиқни сақлаш тизимига қуйидаги янги талаблар қўйилишини зарур деб ҳисоблаймиз:

Таълим муассасалари, овқатланиш шохобчаларида овқатланишни мақсадли ташкил қилиш яъни яширин очликни бартараф этиш (кальций, магний, йод, темир… витамин, аминокислоталар етишмаслигини камайтириш)га ўргатиш. Ҳар куни 4 порция сабзавот ва 1 порция мева ейишни таъминлаш, қовуриб–куйдириб, витаминларни ўлдиришни тўхтатиш лозим. Аввало, ақлий тиббиёт ҳар бир бола қобилияти йўналишини (мусиқа, математика, рассомчилик, муҳандислик…) аниқлаши зарур. Сўнгра шу соҳа бўйича уни ривожлантириб бориш керак. 12 ёшга яқинлашганда, мия қобилиятини такомиллаштириш омилларини чуқур таҳлил қилиш лозим. Мактабда ўқувчига ўз қобилияти бўйича олий таълим олиш юзасидан тавсиялар бериш мақсадга мувофиқдир.

Таълим тизимида IQ, EQ тестлари орқали мия қобилияти ўсишининг таҳлилини жорий этиш мақсадга мувофиқдир (Германияда 10 -12 ёшдан IQ кўрсаткичларини ошириш учун ўқувчилар махсус мактабларда ўқитилади). Биз ҳам шу усулда ажратиб олинган болаларга нуфузли Президент мактаблари ва лицейларида тегишли илғор усуллардан фойдаланган ҳолда таълим беришимиз керак.

Президент мактаблари ва лицейларига кириш имтиҳонларини олий таълим муассасалари абитуриентлари орасида ўтказиладиган тест синовлари сингари марказлаштирган ҳолда ташкиллаштириш, ёшликдан ўқувчиларни мнемоника, ментал арифметика, шахматга ўргатиш баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги ишларга муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши мумкин.

Ўзбекистонни инновацион ривожлантиришда таълим тизимига қуйидаги талабларни қўйиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз:

— Қобилиятни ривожлантириш ва инновацияларга (креативлик ва танқидий фикрлаш механизмларига) ўргатиш янги таълим моделини жорий этиш. Маъруза матнлари технологиясини қўллаш, хорижий ва Ўзбекистон ўқув адабиётларидан ўқитувчи ва талабалар имкон қадар кўп камчиликлар топишини йўлга қўйиш ва қайси ўқитувчи кўп камчилик топса, унга янги дарслик ёзишни топшириш зарур.

Олдиндан тарқатилган маъруза матнлари ва илмий мақолалардан талабалар мустақил тайёрланган ҳолда камчиликлар топиб, ҳар дарс бошланишидан олдин ўқитувчи иштирокида муҳокама қилинса, ўқувчи ва талабалар тушунмаган мавзулар ўргатилса, ўқув соатлари 30 – 50 фоизга тежалиб, фаннинг ўзлаштирилиши 70 – 80 фоизга ошар, инновацион фикрлаш ўсарди;

 — таълим тизимида ҳозирги кунда ИИВ ҳамда ДХХ таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган сингари қобилият ва хотирани ривожлантирадиган кафедралар ва марказларни очиш, бу борадаги тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш;

— ўқувчи ва талабалар организмида сув, кислород ва зарурий моддалар, витамин ва микроэлементлар мувозанатлашган ҳолда бўлишини таъминлаш (яширин очликни камайтириш чора–тадбирларини кўриш);

— мактабларда 5ва ундан юқори синфларда ўтилган фанлардан фикр ва мулоҳазалар билдирилган (50 – 1000 та сўз ўлчовида, синф юқорилаган сари сўзлар ҳам кўпаяди) оралиқ ва якуний назорат тизимида ESSAY (ёзма иш) ёзиш;

— кўпроқ бадиий китобларни, адабиётларни ўқишга ундаш, диктант, иншо ёзишга эътиборни кучайтириш (нафақат ўқувчи ёки талабалар, балки маълумотли мутахассислар ҳам баъзан ўз таржимаи ҳоли ёки оддий матн, аризани бехато ёза олмайди);

— диннинг обрўси ва имкониятларидан самарали фойдаланиш, боқимандалик кайфиятини камайтириш, техника ва технологияларга, инновацияларга муҳаббат уйғотиш, креатив ва танқидий фикрлашга, оиласини ақлий меҳнат орқали боқишга, оила аъзоларидан ташқари бошқаларни ҳам беғараз боқиш, филантропия, давлат бюджетидан ташқари ақлли таълим, ақлли тиббиёт, инновацион илм – фан ва инновацияларга хусусий ҳомийлик қилишга ўргатиш. Шунингдек инсоннинг бу дунёга келишидан мақсад – инновация яратиш ва номини яхши маънода тарихда қолдириш эканлигини ёшлар онгига сингдириш;

— илғор олий таълим муассасалари ва мактаблари филиалларининг фаолиятини вилоятларда йўлга қўйиш;

— энг яхши педагоглар дарсларини масофадан (ёки дисклардан) ўқитиш орқали олис қишлоқ мактаблари ўқувчиларига ҳам етказиш. Бир вақтда ўқитувчиларнинг ҳам малакасини ошириш;

— абитуриентларнинг ҳужжатларини онлайн қабул қилиш (жорий йилдан бу тажрибанинг йўлга қўйилиши кутилмоқда);

— Россия, Европа Иттифоқи ва хориж етакчи олий таълим муассасалари филиалларига Ўзбекистон бўйича тест синовларида энг юқори балл олган ва қўшимча равишда TOEFL, IELTS, SAT, GMAT, мантиқ тестларини муваффақиятли топширган абитуриентларни ўқишга қабул қилиш. Филиалларда 2+2 ёки 3+1 моделини (Малайзия тажрибаси) жорий этиб, охирги йил ўқув курсларини хорижий ОТМларда ўқиб, битирув диплом ишларини ёзиш, ҳимоя қилиш ва давлат аттестация комиссияларида имтиҳонлар топшириш;

— бакалаврларнинг хорижий технологияларни Ўзбекистонда жорий этишга бағишланган битирув малакавий ишлари (гуманитар соҳадан ташқари) натижаларини илмий раҳбар билан биргаликда ишлаб чиқаришга ҳомийлар ёрдамида жорий қилишни амалга ошириш;

— магистратура таълимида (гуманитар мутахассисликлардан ташқари) дарсларнинг тўлиқ инглиз тилида ўтилишини йўлга қўйиш (Германия, Япония, Корея тажрибаси);

— битирув малакавий ишлари, магистрлик ва докторлик диссертацияларининг мавзуларини илғор хорижий инновацияларни Ўзбекистонда йўлга қўйиш муаммоларига қаратиш;

— хорижда ўқитувчилар малака оширишининг 3+1 моделидан фойдаланиш. Бунда 3 ой Ўзбекистондаги Вестминстер, Сингапур ва Туриндаги, Губкин номидаги, МГУ филиалларида талабалар билан биргаликда ўқитиш, имтиҳонлар топширтириш, сўнг борадиган хорижий университетида масофадан ўқитиш (масофадан ўқитиш 5 – 7 баробар арзон), ундан кейин амалиётга 1 – 3 ойга юбориш. Бу усул катта иқтисодий самарадорлик беради;

— олий таълим тизимида очиқ университетлар (3 ойдан 1 йилгача инновацион мутахассисликларга масофадан тезкор ўргатадиган курслар)нинг норматив ҳуқуқий ва хорижий ўқув курсларининг ахборот базасини яратиш;

— АКТни ўқитишда тизимли, рақамли иқтисодиёт, блокчейн ва криптовалюталар технологияларини чуқурроқ ўргатиш дастурлари ва ўқув адабиётларини яратиш;

— инновацион иқтисодиётда иш билан банд мутахассислар орасида олий маълумотлиларнинг сони 50 фоиз ошиқ бўлиши керак. АҚШ ва Россия Федерацияси тажрибасини ҳисобга олиб, Ўзбекистонда давлат – хусусий шерикчилик йўналишида сифатли нодавлат олий таълим муассасаларини кўпайтириши зарур. Бу давлат бюджетига ҳам ортиқча оғирлик туширмайди ҳамда ишсизликни камайтириб, ёшларни турли деструктив таъсирлардан ҳимоялашга хизмат қилади.

Саидаҳрор ҒУЛОМОВ,
Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги,
Умарали ҚОДИРОВ,
психология фанлари номзоди, доцент.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Китоб – мўжизага чорлайди

Китобхонлик, илму маърифат масаласи барча давр ва замонлар учун бирдек долзарб бўлиб келган. Китобга меҳр …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan