Бош саҳифа / Жамият / Қаноат – энг катта бойлик

Қаноат – энг катта бойлик

(Газетанинг 12-сонида чоп этилган Ф. Раҳмонқулованинг “Таъмагирга иш берманг” сарлавҳали мақоласини ўқиб)

 Форс ўлкасида икки ўртоқ Чин мамлакати томон йўл олибди. Бири азалдан берилганига қаноат қиларди, иккинчиси ундан ортиқни таъма этарди. Улар кўп йўл босиб бораркан, йўл бўйида оддий бир тош учраб қолибди. Унинг ярми ерга кирган, ярми ташқарида бўлиб, ташқаридаги қисмига бир гап ўйилиб ёзилган экан:  “Ким қи- йинчиликларга бардош бериб, тошнинг орқа томонини ағдарса, унда бир афсона ёзилган. Ўша афсонага кўра, шу атрофда бир вайрона бор. Вайронанинг тагида эса ажойиб бир хазина бор. Машаққатга чидаган ўша хазинага эга бўлади. Кимки бу машаққатга чидаш бера олмаса, ундаги сабр-қаноатнинг боридан йўғи яхши.”

Таъмагир буни ўқигач, бесаранжом бўла бошлабди. Хазина ҳавасида тошнинг тагини қазишга тушиб кетибди. Қаноат қилувчи эса унинг бу ишини кўриб, “Бу нақадар машаққатли меҳнат! Қаноат хазинаси менинг ҳамроҳимдир. Кимга Танг ри эҳсон бермоқчи бўлса, тош ўз-ўзидан ёрилиб, унинг остидаги эҳсон ўз эгасини топиши мумкин”, деб парво қилмасдан ўтиб кетибди.  У йўлида давом этибди. Тонгда бир шаҳарга бориб қолибди. Дарвозага яқинлашганда ён-атрофдан одамлар чопиб кела бошлабди. Бу шаҳар аҳолисининг расми бўйича, подшоҳ оламдан ўтса, шаҳар халқидан буни сир тутишар экан. Саҳар вақти ким шаҳарга биринчи кириб келса, уни тахтга ўтқазиб, бошига тож кийгизиб, қўлига узук тақишаркан. Қаноатли кишини ҳам шаҳар аҳли подшоҳ қилиб кўтаришибди.

Бошига машаққатни ортиб олган дўсти бўлса, бойлик ҳавасига берилиб, меҳнат билан ўз жонини роса қийнаб, тошни бошқа томонига айлантирса: “Ким хомтама бўлса, у дунёда доим азобда”, деб ёзиб қўйилган экан. Икки ўртоқдан бирини қаноати мамлакатга подшоҳ қилди, иккинчисини таъмагирлик азоби хор-зор этди.

Алишер Навоий “Хамса”сидаги биринчи достон — “Ҳайрат ул-аброр”- да келтирилган ушбу ҳикояда фазилатларнинг гултожи бўлмиш қаноат ниҳоятда улуғланиб, таъмагирлик қораланади. Яъни қаноат таъмагирликка даводир. Назаримда, хоҳ ошкора, хоҳ пинҳонабўлсин, кимки таъмагирликка мойил бўлса, ўзини хорлик, зорликка мубтало қилган бўлади.

Насиба ХОЛЛИЕВА,
Қумқўрғон тумани давлат
11-ИМИ ўқитувчиси,
Мафтуна ЎРАЛОВА,
ўқувчи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Битирувчилар МИБда ишлаши мумкинми?

Бу саволга талабалар Термиз давлат университетида Маж-бурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси вакиллари билан ўтказилган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan