Ҳамжиҳатлик самараси

0
42

Юртимизда “Обод қишлоқ” дастури доирасида олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари натижасида қишлоқларимиз янада чирой очмоқда. Мавжуд муаммолар ечим топиб, ижтимоий ҳимоя янада кучайтирилмоқда.

Сариосиё туманининг «Гулобод» маҳалласидаги Чароғон ва Чорбоғ қишлоқлари ҳам дастурга киритилган. Ушбу қишлоқларда 683 та хўжалик, 4762 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Мазкур қишлоқларда 30 га яқин иссиқхона ва томорқалардан унумли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратган аҳолининг бир қисми тадбиркорлик билан шуғулланади. Мавжуд 83 та тадбиркорлик объектлари асосан М-41 автомагистрал йўли ёқасида жойлашганлиги учун ҳам бу объектларнинг замонавий кўриниши ва хизмат самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилган. Турли маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари аҳолининг узоғини яқин қилиш билан бирга қишлоқ ободончилигини таъминлаб келмоқда. Барча савдо ва маиший хизмат дўконларида таъмирлаш, фасадларни бўяш каби ишлар олиб борилмокда.

Бундан ташқари, Чароғон ва Чорбоғ қишлоқларининг бош режасига асосан ҳаммом, хусусий боғча, кичик спорт ўйингоҳи, автотеххизмат шохобчаси, сартарошхона, пойабзал таъмирлаш устахонаси, 20 ўринли бозорча, маҳалла гузари каби жами 8 та инфратузилма объектларини қуриш бўйича тадбиркорлар бириктирилган. Уй-жойларда таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда аҳолининг ўз маблағлари ҳисобидан 70 га яқин уйлар таъмирланди.

Чароғон қишлоғидаги икки қаватли 20 хонадонли уй тўлиқ таъмирланди. Қишлоқдаги 683 та хонадон билан туман “Тоза ҳудуд” бўлими тузган шартномага асосан ҳар куни маҳаллий чиқиндилар ташиб кетилмоқда.

— Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида ҳар иккала қишлоқда иккитадан катта сиғимдаги сув минораси қуриш ишлари бошлаб юборилган. Туман автойўл корхонаси томонидан Мустақиллик кўчасида 500 метр йўлга тош тўшалиб, текисланди. 400 метр ариқлар икки томонлама бетон қилинди. 250 метр пиёдалар учун йўлаклар барпо этилди.

Ҳозирги кунда Чорбоғ қишлоғининг Беруний кўчаси аҳолиси тоза ичимлик суви учун ўз маблағлари ҳисобидан 500 метр, Чароғон қишлоғидаги “Гулзор” кўчасида эса 300 метр қувур ётқизилди. Бунинг натижасида 240 та хонадон, 1200 нафар аҳоли ичимлик суви билан таъминланди, — дейди маҳалла раиси Абдуқосим Неъматуллаев.

Бир сўз билан айтганда, “Обод қишлоқ” дастури доирасида олиб борилаётган намунали ишларда аҳолининг ҳамжиҳатлиги ҳам муносиб турмуш шароити яратишда катта аҳамият касб этмоқда.

Алиёр РАЖАБОВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг