Бош саҳифа / Жамият / Амударё бағридаги жўшқин жилғалар

Амударё бағридаги жўшқин жилғалар

Болалик – умр йўлининг энг беғубор, энг покиза, завқу шавққа тўла бекатларидан биридир. Унинг дунёлари камалак каби сержило рангларга тўла бўлади. Бу қалб — булоқ суви каби соф,  беғубор. Ундан жўш уриб чиққан ҳар бир жилғада эса бутун олам гўзаллигининг бетакрор жилвалари акс этиб туради. Уларнинг бахтиёр болалик оғушида муносиб камол топишида барчамиз бирдек масъулмиз.

Шу боис, биз “Сурхон тонги” ва “Заря Сурхана” газеталари бирлашган таҳририятида амалиёт ўташ билан бирга  янги ташкил этилган “Амударё” болалар соғ- ломлаштириш оромгоҳида мириқиб дам олаётган болалар билан доимий равишда адабиёт, журналистика ва шеърият соҳалари доирасида маҳорат дарсларини ўтказиб келяпмиз. Болаларнинг шижоати, илм-ҳунар ўрганишга бўлган иштиёқини кўриб, очиғи, кишининг ҳаваси келади.

Машғулотлар давомида болалар билан турли мавзуларда суҳбатлашдик, уларга имкони борича  ижодий қобилиятларини ривожлантиришда кўмак бердик. Дарсларда берилган топшириқларни аъло даражада бажарган, қалблари оловдек ловуллаб ёниб турган болажонларнинг ижодий ишлари билан танишганимизда турлича ўй-фикрларга дуч келдик. Улардаги хаёлларнинг  тиниқлиги, дунёқарашнинг ранг-баранглиги, дўстларга, атрофдагиларга, умуман ҳаётга бўлган турлича муносабатлари, бир-бирига ўхшамайдиган тасаввурлари бизни ҳайратга солди. Шу сабаб, умидли ёшларимизга ваъда қилганимиздек, биз уларнинг ижод намуналарини сизга тақдим этишга аҳд қилдик. Улар сизни ўйга толдириши, ҳаяжонга  ёки болалигингизнинг илиқ хотираларини ёдга солиши табиий…

Олтинсой тумани — Мен Американи сеҳрли диёр деб эшитганман, лекин киноларда Америка қўрқинчли мамлакат бўлиб кўринади. Кўчаларда одамлар бир-бирини отиб ташлайди. Эҳ, америкаликлар, аслида Ўзбекистон сеҳрли диёр эканини билишармикан? Чунки мен дам олаётган “Амударё” оромгоҳи ўтган йили шу пайтда йўқ эди. Бу йил кўз очиб юмгунча қурилиб, унда мен ва менинг дўстларим пайдо бўлиб қолдик….

Гулрухсора Абдусаидова, Денов тумани — Бир куни сигарет қутисидаги “чекиш ҳаёт учун ўта хавфли” деб ёзилган сўзларга кўзим тушиб қолди. Бу ҳақида ўқитувчимиздан сўрасам, сигарет ўпка саратони деган бедаво касалликни келтириб чиқаради, деди. Унда нимага мактабимизга кираверишдаги сотувчи хола сигаретни стол остига яшириб сотади? Нима учун катталар сигарет чекади ёки  сотувчи хола сигаретни доналаб сотгани учун катталар қутидаги ёзувни ўқимаганмикан?

Умида Жовбўриева, Ангор тумани — Мен 12 ёшдаман. Онам мендай пайтида далада пахта терган. Шу ёшда ҳам 50 килограмм пахта термаган ўқувчи кечаси билан уйига кетишга рухсат берилмаган экан. Ўтган йили дарсдан сўнг фермер амакимнинг даласига қизиқиб пахта териш учун  борганимда (ким айтган билмадим) ўқитувчимиз дарров етиб келиб, мени роса койидилар ва даладан қайтариб олиб кетдилар. Сенинг жойинг далада эмас, мактабда. Ҳар доим ўқишинг, ўрганишинг керак, дедилар. Тавба, онамнинг ўқитувчиси нега ундай қилмаган экана?

Фатхулла Тошматов, Шўрчи тумани — Мен келажакда терговчи бўламан, яқинда туманимизда она-болани ўлдириб кетишди, айтишларича қотил ҳали ҳам топилмабди. Келажакда ўша жиноятчини албатта топиб, жазолайман.

 

Моҳларойим Чоршанбиева, Қизириқ тумани — Онам мактабда ишлайдилар, ҳар ойлик  маош олганида, мени бозорга етаклаб борадилар. Уларнинг ойлиги пластик карточкага тушади. Ҳар сафар бозорда сотувчи акалардан плас тигимни 10 фоизга майдалаб беринг, деб сўрайдилар. Сотувчи акалар 15 фоиз дейди, онам ҳеч бўлмаса 13 фоиз бўлсин, деб ялинадилар. Сотувчи онамнинг пластигини олиб қолади. Мен эса бир нарсага ҳеч ҳам тушунмайман. Онажоним пластигини нега майдалатаркинлар-а, бутунлигича турса бўлмасмикан?

 Нурбек Мамаражабов, Қумқўрғон тумани — Менинг момом 70 ёшга кирдилар. Биздек эканликларида мактабда “дин афюн” деб,  ўқитишган экан. Худо йўқ, деб ишонтиришган экан. Ҳозир момом: “Эй Худойим,  иймонимиздан айирмаганинг учун шукр, динимизни асраганинг каби, юртимизни, унинг тинчлигини, Юртбошимизни ҳам асра” деганларини кўп эшитаман…

Самариддин Жумаев, Шеробод тумани — Мен келажакда Сурхондарёда жудаям катта велосипед заводи қураман. Заводим бўлгандан кейин, пулим ҳам кўп бўлади. Мен коллежда ўқийдиганларга ўз ҳисобимдан велосипед совға қиламан. Чунки улар, коллежни узоқ деб дарсга боришмайди. Велосипед олишгандан кейин, дарсларга доим боришади ва коллежларда давомат зўр бўлади.

Соҳиба Абдуқодирова, Шўрчи тумани — Қўшнимиз ўз болаларини “илоё оғзингдан қонинг келгур” деб қарғайди. Буни эшитавериб  қўшнилар  кўникиб  кетган. Бир куни ўша қўшнимизнинг 3 ёшли ўғлининг юзидан маҳалламизнинг энг қопағон ити тишлаб олди. Юз-кўзидан қон оқа бошлади, докторга олиб боришди, юзини тиктиришди. Ҳозир шу боланинг юзида чандиқ бор, шундай бўлса ҳам қўшнимиз болаларини, илоё оғзингдан қонинг келгур, деб қарғайверади, мен эса, яна ит тишлаб олмасайди, деб қўрқаман.

Руҳшонабону Абдураззоқова, Денов тумани — Онажоним менга ҳар доим уй ишларини ўргатадилар, “Иргасини кўриб қизини ол” деган мақол ёдингдан чиқмасин, қизим дейдилар. Ҳовлимизни, уйимизни тоза тутишимни талаб қиладилар. “Ирга” деган сўзнинг маъносини сўрайман, деб ҳеч сўрай олмайман. Яқинда бир онахон бу сўзнинг мағзини айтиб қолди, “ирга“ дегани — бўсаға дегани экан. Оромгоҳимизда ҳамма тенгдошларимга бўсағаларимизни тоза тутайлик, оналаримиз хурсанд бўлади, дедим…

Азиза МУЗАФФАРОВА, Термиз шаҳри

Менинг оромгоҳга келганим бахтдир,

Ҳар тонг мадҳияни айтмоғим нақддир.

Ҳар битта қадамим шижоат- шаҳддир,

Онамнинг бағридек баҳор Сурхоним.

 

Шу Ватан бизларга борин тутади,

Юксак марралар ва зафар кутади.

Шоира қизлари ашъор битади,

Отамнинг қалбидек чинор Сурхоним.

Шодия Бозорова, Термиз тумани — Мен ҳар доим шоира бўлишни орзу қилганман, доим шеърлар ёзганман, лекин энди тикувчи бўлсаммикан деб ўйлаяпман. Нега десангиз, оромгоҳга келаётганимизда, Термиз шаҳри кўчаларида икки тиззаси йиртиқ шим, икки елкаси йиртиқ кофта кийган қизларни кўриб қолдим. Ёки мато етмай қолдимикан? Мен тикувчи бўлиб, миллий кийимлар дизайнини яратмоқчиман.

Зарнигор Саҳатмуродова, Ангор тумани — Биз яқинда оиламиз билан Наманганга бордик, Эҳ-ҳе, у ерда гуллар, капалаклар кўп экан. Мен бир неча капалакни қувладим, лекин етолмадим. Наманганликлар мендан Сурхондарёда капалаклар, гуллар йўқми, деб сўради, мен ҳам довдираб қолмадим, нега энди, Сурхондарёда қуёш бор, ана осмондаги қуёш Сурхондарёники-ку, унинг ёруғлиги, нури, бизнинг воҳа орқали сизларга етиб келади ахир, дедим.  

Шаҳризода РУСТАМОВАДенов тумани

Ўзбекистоним

Ўзбекистоним — боғларинг чаман,

Сенинг бағрингда яйраб ўсаман.

Дўстларим билан шўх-шодон кулиб,

Сўлим бағрингга гуллар экаман.

Элим, юртим деб ёниб-яшайман,

Мен ёруғ йўлингга меҳрим тўшайман.

Мустақил юртим яша, омон бўл!

Истиқлолингга ҳиссам қўшгайман!

Бошингда посбон, Юртбошинг омон,

Фарзандлар бахтин, ўйлайди ҳамон.

Меҳнатсевар халқим, тинчликдир бахтим,

Етакласин бизни, эзгулик томон.

Нозима Мамасаидова, Қумқўрғон тумани — Мен жудаям кўп ишларни қилгим келади, шеър ёзсам, китобим чиқса, тезроқ катта бўлсам эди. Лекин онажоним ҳеч нарсага осонлик билан эришиб бўлмайди, дейдилар. Бунинг учун ҳаёт тажрибаси керак эмиш. Қани ўша тажриба? Уни қаердан олсам бўлади?…

 

Ойбек Холбоев, Музработ тумани — Отам ҳар йили менга мактаб бошланиши арафасида янги туфли олиб беради. Сотувчи туфлини, “чистий кожа” деб сотади.“Кожа” дегани тери дегани экан. “Камида 3 йил гарантия кияди” дейди. Лекин мен туфлини 6 ой тўлиқ киёлмайман, чунки туфли йиртилиб қолади. Катта бўлсам, “кожа” завод очаман, менинг заводимда тикилган туфлилар 5 йилда ҳам йиртилмаслигига ҳозирданоқ кафолат бераман.

Баҳром Восиев, Сариосиё тумани — Мен катта бўлсам, ҳоким бўламан  ва мактаблар олдидаги ароқ сотиладиган дўконларни ёптираман. Чунки у ерда одамлар, ароқ, вино ичиб турганини кўриб хафа бўламан. Агар ҳоким бўлсам, ҳамма мактаб олдида газета -журнал, китоб сотадиган дўконлар қураман.

 

Шаҳноза Ортиқова, Ангор тумани “Искандарнинг шоҳи бор”, деган эртакни ўқиб, адабиёт ва китобни яхши кўриб қолдим. Ҳозир Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” китобини ўқияпман. Бу китоб меҳру оқибат борасида кишилар ўртасидаги энг қадрли фазилатлар мактаби, десам муболаға бўлмайди. Бу китобни сиз ҳам албатта ўқинг.

 

Саҳифани журналистика факультети
талабалари Шаҳринисо ФАРҲОДОВА,
Соҳибжамол КАТАЕВАлар тайёрлади

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan