Бош саҳифа / Жамият / Ҳаммаси ўзингизга боғлиқ

Ҳаммаси ўзингизга боғлиқ

ОИВ инфекцияси одамнинг иммун тизимини зарарлайди, шу туфайли ўз ҳаёти давомида турли юқумли ва хавф ли ўсма касалликлари олдида ҳимоясиз бўлиб қолади. Касалликнинг яширин даврида ОИВ инфекциясини юқтириб олгандан кейин ҳеч қандай клиник белгиларсиз 8-12 ҳафта, ҳатто 5-10 йилгача давом этиши мумкин.

Бу давр эпидемиологик жиҳатдан энг хавфли давр ҳисобланади. Чунки бу пайтда вирус қонда сезиларли даражада бўлмагани учун ОИВ инфекцияси билан зарарланган одам муайян вақтгача вируснинг таъсирини сезмайди ва касалликни ўзи билмаган ҳолда бошқаларга юқтириб юриши мумкин.

ОИВ инфекциясининг ўткир ретровирусли синдроми дастлабки клиник кўриниши мононуклеоз, грипга хос белгилар билан кечади. Тана ҳароратининг 37-37,5 даражага кўтарилиши, томоғида қизариш, бироз томоқ оғриши, баданларида майда-майда тошмалар пайдо бўлиши биринчи белгиларидан ҳисобланади. Ушбу симптомлар  вирус юққандан бир неча кундан бир ҳафтагача бўлган вақт давомида пайдо бўлади, айрим ҳолларда бу давр да ҳеч қандай касаллик белгилари намоён бўлмаслиги ҳам мумкин. Шу вақт давомида бемор организмида вирус миқдори кўпайиб, иммунитет камаяди. Бу фазадан кейин беморларда узоқ йиллар ҳеч қандай касаллик белгилари намоён бўлмайди, ҳатто вирусга қарши даволаш ўтказилмаса ҳам бу давр 8-10 йил ва ундан ошиқ вақт давом этиши мумкин.

Фақатгина беморда  бўйиннинг ён тарафларида, жағ ости, қўлтиқ ости соҳаларида лимфа безлари катталашиши кузатилади. Лимфа безлари катталашиши оғриқсиз, мош, нўхат катталигида, бир-бири билан қўшилмаган, беморларни безовта қилмаганлиги сабабли улар бунга унча аҳамият беришмайди. Лекин “яширин” давр деганда одамлар бошқача тасаввурга эга бўлиши керак эмас, бу иммунитет камайиб боришига олиб келади. Иммунитет камайиб бошлагандан кейин қўшимча касалликларнинг пайдо бўлиши бошланади ва бу касалликнинг ОИТС/СПИД даврига олиб келади. Шу сабабли ОИВни юқтириб олган шахслар ўз вақтида  доимий диспансер назоратида бўлиб, вақтида симптоматик ва вирусга қарши даволашлари лозим. Шундагина беморларнинг умрини узайтириб, ишлашга лаёқатини қайтариш, бошқа шахсларга юқиш хавфини камайтириш мумкин.

Вирусга қарши дори-дармонларни ўз вақтида доимий ичиши, руҳий ҳолатини сақлай билиши, сифатли таомларни истеъмол қилиши, енгил жисмоний машқларни ўз вақтида доимо бажариши натижасида кўп йиллар давомида беморларнинг ҳолатида, касалликнинг клиник кечишида ва лаборатор таҳлилларида яхши натижаларга эришилди. Биз келгусида ОИВ/ОИТС касаллигига шифо топилишига шубҳа қилмаймиз. Энг муҳими, Аллоҳга зид ишлар билан шуғулланмай соғлом турмуш тарзига риоя қилинг. Ақл-идрок билан умргузаронлик қилсак, Яратганнинг ўзи паноҳида сақлашига иймонимиз комил.

Ж. ҚОРАБОЕВ,
вилоят ОИТСга қарши кураш маркази олий тоифали врач инфекционисти,
С. ЭШАНҚУЛОВА,
олий тоифали врач терапевт,
Ў. ҚОСИМОВА,
педиатр

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сувга чўкишдан сақланинг!

Сўнгги вақтларда вилоятимиз ҳудудида фуқароларнинг, айниқса вояга етмаганларнинг сув ҳавзаларида чўкиб кетиши билан боғлиқ нохуш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE