“Ҳаммаси тақдирдан”ми?

0
60

Муқаддас китобларда ёзилишича, ота-онанинг фарзанди олдида учта бурчи бор экан. Булар туғилган фарзандига яхши исм қўйиш, яхши тарбия бериб, оқ-қорани танитиш, бўйи етганда уйлаш, узатиш.

Лекин янада кенгроқ мушоҳада қилсак, бўлажак ота-онанинг  бу мажбуриятлардан ҳам олдинроқ бажариши керак бўлган бурчлари бор эканини ҳаётнинг ўзи бизга исботлаб бераяпти.

Бу яна қандай бурч экан, деб ўйлаётгандирсиз. Ҳар бир аёл ёки эркакнинг олдида ҳали дун ёга келмаган фарзанди учун соғлом ота ва она танлаш бурчи ҳам бор.

Одатда фарзанд дун- ёга келган оилада ўзгача хурсандчилик бўлади, оналик бахтига муяссар бўлган аёл, давомчисини қўлига олган эркак фарзанди учун барча яхшиликларни қилишни истайди.

Куни кеча ана шундай оилалардан бирида интиқиб кутилган бола дунёга келди. Чақалоқ бу оилада тўнғич набира — илк фарзанд. Афсуски, унинг туғилиши оиласига қувонч олиб келмади. Сабаби унда туғма юрак етишмовчилиги бор экан.

— Айтиш бизга ҳам оғир, бироқ болага меҳр бермасангиз, тузалиб кетган тақдирда ҳам ҳамма каби соғлом ҳаёт кечиролмайди,  биз қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз, — деди шифокор. Ҳамманинг боши эгик, нима қилишни  ҳеч ким билмайди. Чақалоқнинг  ота-онаси турмуш қуришаётганда ҳали туғилмаган фарзанди учун чиройли исм танлади, аммо никоҳдан ўтаётганда эринчоқлик қилдими ёки айрим шифокорларнинг “ёрдами” билан тез тайёр бўладиган тиббий ҳужжатга учдими, иккиси ҳам бўлажак фарзанди олдидаги илк бурчини унутишди. Оилада совуқчилик бошланди, қудалар шифохона олдида бир бири билан совуқ кўришади, қайнона келинни айблайди: наслимизда бунақаси йўқ эди, — дейди алам билан. Келиннинг онаси қизига қараб: бизда ҳам ҳамма соғлом, ҳомиладорлигида озроқ тумов бўлганди-ку, балки шундандир, — дейди ҳижолатомуз оҳангда. Узоқ ўйлаб орзу қилган исмни гўдакка қўйишни ҳам, қўймасликни ҳам ҳеч ким билмайди. Совуқ бир ҳолат ҳукмрон бўлиб вазиятлар бир бирига занжирдай боғланади.

Ҳаммаси тақдирдан, дейдиганлар бу гўдакнинг тақдирига ҳам шу иборани қўлласалар адашадилар! У ҳам соғ- лом бўлиб дунёга келиши мумкин эди, қачонки норасиданинг ота-онаси никоҳдан олдинги тиббий кўрикка бефарқ бўлмаганларида, илк бурчларини унутмаганларида. Бобо ва момолари унинг ота-онасига бу борада тўғри йўл кўрсатишганларида у ҳам оиласига қувонч бағишлармиди? Айбдорлар кўп, лекин нега шу айбловчилар эртароқ бу ҳақда ўйлаб кўришмади экан?

Биз ширин ва бахли ҳаёт қуришни орзу қиламиз, лекин бахтли ҳаёт қуриш кимнинг қўлида? Эндигина бахт остонасида турган икки ёшга кимдир тўғри йўл кўрсатиши керакми? Ахир ФҲДЁ шаҳар ва туман бўлимларига қонуний оила қуришга  рўйхатдан ўтиш учун борган ёшларнинг қўлига тиббий кўрикдан ўтишга  йўлланма берилади. Шу йўлланма асосида тиббий кўрик натижасига қараб никоҳдан ўтишга рухсат берилади. Наҳотки келин-куёв бир умрлик ҳаёт йўлига қадам қўйишаётганида, бир кунлик вақтини тиббий кўрикдан аяса? Тиббий билими  ўзида ҳам танқисроқ бўлган айрим шифокорларнинг келин-куёвдан “сохта ҳужжат” учун пул олаётганда виждони қийналмасмикан? Бундай ҳолатга ҳеч ким тушмасин. Никоҳ, оила қуриш каби ширин ташвишларингиз афсус, надоматга айланмаслигини тилаб, хулоса қилишни  ихтиёрингизга қолдирамиз.

Шаҳринисо ФАРҲОДОВА

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг