Бош саҳифа / Жамият / Ҳаммаси истакка боғлиқ

Ҳаммаси истакка боғлиқ

Халқимизда ишлаган имконият, ишёқмас баҳона ахтаради, деган гап бор. 

Бугунги кунда ишлайман, тадбиркорлик қиламан, мўмай даромад оламан, деган инсон учун ҳам моддий, ҳам ҳуқуқий, ҳам маънавий жиҳатдан барча имконият муҳайё этиб қўйилган. Шўрчилик Ҳасанхон Қодиров яхши ният билан 2011 йилда балиқчилик фермер хўжалиги ташкил этишга киришди. Ўйлаб қараса, оила аъзолари ва қишлоқдошларидан  икки-уч киши фойдали меҳнат билан банд бўлар экан. Шу мақсадда тумандаги “Шакаркўл” маҳалласи ҳудудидаги 16,5 гектар майдонда янги фермер хўжалиги ташкил этди. Эзгу ният билан “Шакаркўл воҳа” деб ном қўйди. Сунъий ҳовуз тайёр бўлгач, Чиноз туманидан балиқ чавақларини олиб келиб, парваришлай бошлади. Йил охирига бориб, балиқлар етарли вазнга эга бўлди ва маҳсулотни ички бозорларга чиқариш имконияти яратилди.

Ўтган йили  “Шакаркўл воҳа” балиқчилик фермер хўжалиги аъзолари 15 тоннадан ортиқ балиқ етиштиришди. Бу ўз-ўзидан бўлган эмас. Балиқ парвариши учун беш-олти тонна аммофос, ўттиз тонна ем, кўк беда сарфланди. Бош-қача қилиб айтганда, эллик-олтмиш миллион сўм харажат қилинди.  Шунга яраша даромад ҳам бўлди. Хўжаликда етиштирилган дўнгпешона, сазан, оқ амур каби балиқ турлари Олтинсой, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон бозорларида сотилди. Бундан фермер хўжалиги аъзоларидан ташқари, минглаб воҳадошларимиз манфаатдор бўлишди.

— Президентимиз бежиз ҳар бир соҳага инновацион технологияларни олиб кириш даври келди, деб айтмаяпти, — дейди Ҳасанхон Қодиров. — Бир ўйлаб кўринг. Бир гектар ҳовузга 40 минг дона чавақ ташланса, 3 ойда концервабоп бўлиб қолади. Шундан 4 мингтаси парваришга қолдирилса ҳам етади. Нима демоқчиман, келгусида балиқни консерва қиладиган кичик цех очиш учун ҳаракат қилаяпмиз. Агар консерва маҳсулотлари замонавий талаблар даражасида тайёрланса, нафақат ички бозорда, балки ташқи бозорда ҳам харидор топилади. Натижада, экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади. Ўз маҳсулотини экспорт қилиш ҳар бир фермернинг, ҳар бир тадбиркорнинг пировард мақсади ва орзуси ҳисобланади. Биз ана шу лойиҳани тезроқ йўлга қўйишга ҳаракат қилаяпмиз.

Асли касби ирригатор бўлган Ҳасанхон Қодиров бу соҳани яхши ўзлаштириб олган. Эндиликда қўшимча ер олиб, балиқ учун керак бўлган ем ва   бошқа озуқа маҳсулотларини ўзлари тайёрлашни йўлга қўйиш ниятида. Ўн гектарга экилган беда пешма-пеш озуқа сифатида балиқларга берилмоқда. Балиқларни парваришлашда З.Темирхонов, О.Қодиров, Ж.Тавмаматов каби фермер хўжалиги ишчилари астойдил жонбозлик кўрсатишмоқда.

Халқ банки туман бўлимидан 12 миллион сўм кредит олиб иш бошлаган фермер хўжалиги бугунги кунда ўз харажатларини ўзлари қоплайдиган хўжаликка айланган. Энг муҳими, балиқчиликни янада ривожлантириш ва сердаромад соҳага айлантириш мақсадида бир қатор янги лойиҳалар устида иш олиб боришмоқда. Бу эса юрт обод-лиги, эл фаровонлиги, иқтисодий барқарорлиги йўлида “Шакаркўл воҳа” балиқчилик фермер хўжалиги аъзоларининг муносиб ҳиссаси бўлади.

Сафар ОМОН

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Эл-юрт умиди” жамғармаси танлови

Вилоят ҳокимлигининг кичик мажлислар залида “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан давра суҳбати ташкил этилди. Унда жамғарманинг …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan