Бош саҳифа / Жамият / Ҳаммаси бир кунда тугайди

Ҳаммаси бир кунда тугайди

Олий ўқув юртига ўқишга кириш учун камида 3-4 фанни пухта ўзлаштириш керак. Лекин, шундай имкониятлар ҳам борки, тест синовларидан ўтмай туриб ҳам айрим ўқув юртларига ўқишга кириш мумкин. Бунинг учун мукофотингиз бўлиши керак худди Зулфияхоним қизларидек.

Бу мукофотга совриндор бўлган сурхондарёлик қизларнинг аксарияти мукофот олгандан сўнг, негадир тадбирларда, оммавий ахборот воситаларида кўринмай қолади. Бунга сабаб нима? Ёки бу — фақат бир йиллик эътиборни тақдим этадиган мукофотми, ё университетга киргунча бўлган ҳаракатлар изчиллиги? Воҳамизда “пичоққа илинган” асосан адабиёт йўналишида совриндор бўлган қизларнинг бор-йўғи еттитаси ҳақида маълумот топа олдим, холос. Лекин, уларнинг кўпчилиги ҳозир нима билан бандлиги хусусида гап-сўз йўқ. Биргина 2011 йилги ғолиба Дилрабо Норқулова номи тез-тез такрорланиб тураркан.

Бироқ, Гулниса Сайдалиева, Севара Норбоева, Вероника Володина каби қизлар ҳақида, уларнинг айни пайтда нима билан машғул эканлиги ҳақида гапириш мушкул. Ҳаттоки, сўнгги йиллардаги воҳа “Зулфиячи”лари ҳам танаффус эълон қилгандек. Жумладан, Лутфия Баратова, Нилуфар Юсуповалар ҳақида  фақатгина 2014 йилги матбуот саҳифалари сўзлайди. Бугунги ютуқлари хусусида эса жимжитлик ҳукмрон.

Манзура Сайфиддинованинг ижоди қандай экан?! “Зулфия”ни қўлга киритгач, китоб чиқардими?! Менимча, у ҳам мақсадига етган ҳамтақдир қизлар сингари “таътил”га чиққан. Манзура суҳбатларининг бирида “Зулфия” номидаги давлат мукофотига тақдим этган китобларидан уялишини таъкидлади. Мукофот унга масъулият юклаганини айтиб ўтди (ҳатто муаллифи уяладиган китоблар давлат миқёсида тан олингани ҳам қизиқ туюлади. Бундайин уялтирадиган китоблар сони камида учта эканини ҳисобга олсак, кўпчилик ер ёрилсаю ерга кирмасам, деган бўларди). Ўтган йилда ғолибликни қўлга киритган  Комила Шойимова ҳам айни чоғларда ўқишга тайёргарлик кўрмоқда. Тўғрироғи, адабиёт йўналиши бўйича мукофотга лойиқ кўрилган қаҳрамонимиз замон талаби, дея     бошқа соҳада ўқишни ният қилган.

Манзура Сайфиддинова-ку журналистикани танлади ва қайсидир маънода ижод билан банд. Бироқ, Комилага ижоднинг ёнбошидаги соҳа нима бераркан? Ё у ҳам китобларидан уялиб, адабиётдан воз кечдими? Гапнинг хонаси келганда айтиш жоизки, уларсиз ҳам Сурхон адабиёти оқсаб қолмайди. Эътибордан бебаҳра бўлса ҳам “кўринмай гуллаб юраверади”…

Мукофот янги зафарларга туртки, асос бўлиши керак. Эҳтимол, улар давомий музаффар одимлар билан келажак томон кетаётгандир. Фақат уларнинг оқсаётганини ОАВ пайқамаётгандир. Шундай десак, унда энг тезкор ишлайдиган интернет тармоғи Дилрабо Норқулова ва унинг фаолияти хақида тўхталган энг сўнгги гапни бор-йўғи бир ой аввал айтганди. Демак, ойда, йилда бўлса-да кўриниш бермоқда. 5 йил муддат ўтаётган бўлса ҳам унинг изланишлари, фаолияти давом этмоқда. Бошқаларда-чи?!

Демак, Дилрабо масъулиятни ҳис этган, у “Зулфия”гача қилган ҳаракати билан тўхтаб қолмаган, бугун ҳам қотиб қолмай изланмоқда…

Барча “Зулфиячи” қизлар номи тарих зарварақларига муҳрланган қатъиятли аёл Зулфияхоним сингари умрбод эл эътиборида бўлиш қисматини тилаб, уларнинг бунга муносиб бўлишларини истардим. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, китоб нашриётларига мурожаат қилувчиларнинг аксарият қисмини ушбу мукофотга даъвогарлик қиладиганлар ташкил этаркан. Мукофотга даъвогарлик қилиш ёшидан ўтгач эса, нашриётдан қўлини ювиб қўлтиғига уришади-да, ноҳақликка учраганидан “адолат йўқ” дея жар солишни бошлайди.

Ҳақли савол туғилади, — йилига учталаб китоб чиқарган қиз нега бугун уч йил ўтса-да, китоб нари турсин, матбуотда шеър  чоп этмайди? Танловларда жанжал қилиб, қучоқ-қучоқ тавсиянома, диплом, сертификат кўтарган “қоғозбозлик билан шуғулланган” ота-онаси ҳам, ҳар қадамида ҳамроҳ бўлган қизлар бугун жим. Негаки, пул мукофоти, осонгина, имтиҳонсиз олий ўқув юртига кириш имкони ва ташвишлардан қутқазган Зулфияхоним номидаги Давлат мукофоти уларда бор… Заҳматли йўл эса шу ерда тугаган. Изланишлар ҳам. Афсус!

Хуршид ҚАРШИЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE