Бош саҳифа / Маданият / Амир Темур нега Шахрисабзда дафн этилмаган?

Амир Темур нега Шахрисабзда дафн этилмаган?

Соҳибқирон Амир Темур ҳаётлигидаёқ она шаҳри Кешда ўзи учун дахма қурдиргани ҳақида кўпчилик билмаса керак. Қизиғи, Амир Темур вафотидан сўнг нега бу дахмага дафн этилмаган? Тарихий маълумотларга кўра, Амир Темур Шаҳрисабзда эканлигида меъмор ва муҳандисларни чорлаб, ўғли Жаҳонгир Мирзо мақбарасидан 30-40 қадам нарида ўзи учун мўлжалланган мақбара лойиҳасини тайёрлашни буюради.

Лойиҳа бўйича зарур кўрсатма ва маслаҳатларини беради. Лойиҳа тайёр бўлгач, унга тузатишлар киритиб, қурилишни бошлашга фармон чиқаради. Афсуски, мақбара биноси битмай қолади.

Хитойга юриш қилган Соҳиб- қирон Амир Темур сафарда вафот этади. Ўтрордан пойтахт Самарқандгача 5 кун йўл юрилади. Ниҳоят, вафотининг олтинчи кунида марҳум қабрга қўйилади. Тарихчи Шарафиддин Али Яздий бу воқеа душманлардан сир тутилганлигини қайд этади. Изғиринли қиш кунларида узоқ йўл юрилиб, барча ишларнинг махфий бажарилиши ҳам умумий тинчлик учун қилинган эди. Қолаверса, Самарқанд Амир Темур асос солган буюк давлатнинг пойтахти сифатида аҳамиятли ҳисобланарди.

Соҳибқироннинг вафоти тез орада бутун дунёга овоза бўлди. Қудратли давлат парчаланиб, ўрнида мустақил давлатлар юзага келди. Темурийзодалар ўртасида тож-тахт учун курашлар авж олди. Душманлар бундан фойдаланиб, шаҳар ва кентларни вайрон этиб, талон-тарож қилдилар. Шаҳрисабздаги Амир Темур сағанаси устидаги гумбаз ва мақбара ҳам ер билан тенг бўлди. Натижада ер ости дахмасига олиб борувчи йўл бекилиб қолди. ХХ асрга келиб Шаҳрисабздаги тарихий Дорул Саодат ҳудуди маҳаллий аҳоли томонидан яшаш учун ўзлаштирилди, истиқомат учун уйлар қурилди. Ўтган асрнинг 50-йилларида дахма устида уй-жой қуриб яшаётган кишининг ёш қизчаси ҳовлисида ўйнаб юрганида дахманинг усти ўпирилиб, тобутхонага тушиб кетади. Маҳалладошлар кўпчилик бўлиб қизчани қутқаришади. Мазкур иншоот нақадар катталиги ҳақида хонадон эгаси Ўзбекистон Фанлар академия- си тарих институти ходими, кейинчалик академик бўлиб сайланган Яҳё Ғуломовга мурожаат қилади. Академик Я.Ғуломов бошчилигидаги археологлар текширишларда унинг кўмилиб кетган ер ости дахмаси эканлигини аниқлашди. Шаҳрисабзда бўлган Испания элчиси Клавихо эсдаликларида ёзиб қолдирилган далиллар ўрганилиши натижасида бу иншоот Амир Темур ўзи дафн этилиши учун қурдирилган ер ости дахмаси эканлиги маълум бўлди.

Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш жараёнида қадим Кешдаги обидалар қаторида Амир Темур дахмаси ҳам таъмирдан чиқарилди. Қадимшуносларнинг фикрича, ушбу мақбара меъморий ечимлари ва ички безаклари билан Марказий Осиёдаги обидалар қаторида ҳашамдор дахмалардан саналади.

Фотима ТЕМИРОВА,
Шеробод туманидаги 12-умумтаълим
мактаб директори ўринбосари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Маданий бойликлар тўхтатиб қолинди

“Айритом” чегара божхона постига кириб келган хориж фуқароси А.Ш. назоратдан ўтказилганда, унга тегишли бўлган сумка …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE